Шавкат Мирзиёев дронлар ишлаб чиқаришни жорий этишга чақирди

Шавкат Мирзиёев дронлар ишлаб чиқаришни жорий этишга чақирди

Ўзбекистон  Президентининг Тошкент вилояти бўйлаб сафарида вилоят қишлоқ хўжалиги ер майдонларини мониторингдан ўтказиш ишларининг тақдимоти бўлиб ўтди,– деб хабар беради давлат раҳбарининг расмий сайти. Бунда квадрокоптор ёрдамида ер майдонларини ўлчаш, маълумотларни электрон базага киритиш, ер майдонларини аэрофотосъемка қилишга эътибор қаратилган. Kommersant.uz шу ҳақда ёзмоқда.

Ер майдонларини АН-2 самолёти ва квадрокоптер ёрдамида ўлчаш натижалари таққосланди. Маълум бўлишича, 100 гектар майдонни самолёт ёрдамида 20 соатда ўрганилса, квадрокоптер қўлланилганда худди шу ҳажмдаги ишларга 4 соат сарфланар экан. Бундан ташқари, экинларга агродрон, ОВХ пуркагичи ва самолёт ёрдамида ишлов беришнинг қиёсий кўрсаткичлари ҳам намойиш этилди. Иш унумдорлигини оширишда замонавий агродронларнинг имкониятлари юқори баҳоланди.

– Бу каби замонавий қурилмалар қишлоқ хўжалигида муҳим аҳамиятга эга,– деди Шавкат Мирзиёев.– Агар соҳанинг эртанги кунини ўйласак, бундай замонавий тизимга тезроқ ўтишимиз керак. Дронлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, бу борада қўшма корхона тузиш ва кадрлар тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Шунингдек, Президентимизга тижорат банклари томонидан молиялаштирилаётган йирик лойиҳалар ҳақида ҳам сўзлаб берилди. Лойиҳаларда қоғоз маҳсулотларини қайта ишлаш, мева-сабзавотларни қадоқлаш учун гофракартон қутилар ишлаб чиқариш, паррандачилик соҳасини ривожлантириш, мева-сабзавот маҳсулотларини қуритиш кўзда тутилган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.