Шавкат Мирзиёев: ислом дунёсининг кўплаб давлатлари технологияларда ортда қолмоқда

Шавкат Мирзиёев: ислом дунёсининг кўплаб давлатлари технологияларда ортда қолмоқда

Мусулмон дунёсининг аксарият мамлакатлари айни вақтда фан ва технологиялар соҳасида анча ортда қолмоқда, деб таъкидлаган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари Остона шаҳрида бўлиб ўтаётган  Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фан ва технологиялар мавзусидаги саммитида чиқиши вақтида ислом дунёси жаҳон илм ва тамаддунига қўшган ҳиссаси билан ҳақли равишда фахрланиши мумкинлигини айтган.

"Тан олиш керак, айни вақтда мусулмон дунёсининг кўплаб мамлакатлари ривожланган давлатларга нисбатан фан ва технологиялар соҳасида анча ортда қолмоқда. Масалан, дунёнинг энг яхши 500 университети рейтингига бизнинг ташкилотимиз иштирокчи давлатларининг атиги 11та ОТМлари киритилди. 2015 йилда ИҲТ давлатларидан патент олиш бўйича берилган аризалар сони бор-йўғи 1,9%ни ташкил қилган", — деган Мирзиёев.

"Таассуф билан айтмоқ жоизки, бой табиий ресурслар ва молиявий салоҳиятга эгалигига қарамай, мусулмон давлатларининг аксарияти инновацион ғоялар ва технологияларни иқтисодиёт соҳасига жорий этиш борасида фаоллик кўрсатмаяптилар", — деб қўшимча қилган Мирзиёев.

Мирзиёев ИҲТ иштирокчи-давлатлари ўртасидаги фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши ислом дунёсининг фан ва технологияга оид салоҳияти учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишига умид билдирган.

"Улуғбекнинг астрономияга қўшган буюк ҳиссасига эътироф рамзида Самарқанд шаҳрида суперзамонавий телескоп ўрнатиш борасида ташкилот томонидан киритилган таклифни миннатдорчилик билан қабул қиламиз", — деб давом этган Ўзбекистон президенти.

Мирзиёев Ислом дунёси мамлакатларида илм-фан соҳасида эришиладиган ютуқлар учун ИҲТ махсус мукофотини таъсис этишни ва бу мукофотни халқаро саҳнада оммалаштиришни таклиф этган. Ўзбекистон президенти, шунингдек, ИҲТнинг фан ва технологиялар бўйича саммитини уч йилда бир марта ўтказиб туришни таклиф қилган ва навбатдаги саммитни 2020 йилда Ўзбекистонда ўтказишга тайёрлигини билдирган.