Шавкат Мирзиёевнинг Facebook'даги саҳифаси расмий мақомга эга бўлади

Шавкат Мирзиёевнинг Facebook'даги саҳифаси расмий мақомга эга бўлади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига ташрифи доирасида, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги делегацияси ҳукумат топшириғи асосида Калифорния штатидаги "Кремний водийси"да бўлиб, бу ерда фаолият кўрсатувчи жаҳоннинг нуфузли IT-компаниялари билан ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб борди. Бу тўғрида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда

"Кремний водийси"даги муваффақиятли учрашувлардан бири Facebook компаниясининг бош қароргоҳида бўлиб ўтди. Компанияни иқтисодий ривожлантириш бўйича раҳбари Клэйр Дэви иштирокидаги муҳокамаларда Facebook вакилларининг Ўзбекистондаги IT-тадбирларида иштирок этиши, шу билан бирга, турли йўналишларда, жумладан тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, стартапларни амалга ошириш каби ижтимоий лойиҳаларда ҳамкорлик қилиш режалари муҳокама қилинди.

Мазкур учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Facebook тармоғидаги саҳифасига расмий мақом бериш бўйича ҳам келишиб олинди. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқдаги давлат хизматчиларининг саҳифаларини қўллаб-қувватлаш ва оммалаштириш чораларини кўриш юзасидан ҳамкорлик ўрнатилиши белгилаб олинди.

Facebook таниқли давлат ва жамоат арбоблари, санъат ва маданият намояндалари, шунингдек журналистларнинг тармоқдаги саҳифаларига расмий мақом бериш анъанасини йўлга қўйган. 2017 йилда ташкил қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Facebook саҳифасини бугунги кунда 137 мингга яқин кузатувчилари мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, таниқли давлат ва жамоат арбоблари орасида фейсбукда энг кўп кузатувчиларга эгалик бўйича Америка Қўшма Штатларининг собиқ раҳбари Барака Обама етакчилик қилади. Уни мазкур тармоқда 55 миллиондан зиёд кузатувчилари бор.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!