Шавкат Мирзиёев ижтимоий тармоқларни кузатиб боришини айтди

  •   DiMaX
  •  399
  •  17.08.2021 12:03

Шавкат Мирзиёев ижтимоий тармоқларни кузатиб боришини айтди

Президент Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» газетасига берган интервьюсида янгиликлар, ижтимоий тармоқлардаги долзарб масалаларни имкон қадар кузатиб боришини айтган. Бу ҳақда Xabar.uz нашри маълумот бермоқда.

ЎҚИНГ: Telegram асосчиси Шавкат Мирзиёевни эслаб ўтди

«Албатта, бугунги кунда одамларни қандай масала ва муаммолар ўйлантираётгани, ташвишга солаётганини яқиндан билишда ёрдам берадиган очиқ манбалар, ахборот тармоқлари кўп. Айниқса, телевидение, матбуот, Интернет ҳаёт нафасини, таъбир жоиз бўлса, ҳар бир соҳанинг “юрак уриши”ни аниқ-равшан ҳис қилишда муҳим аҳамиятга эга. Шахсан ўзим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда берилаётган янгиликлар, улар орқали билдирилаётган долзарб фикрлар, жамоатчиликнинг диққат-эътиборини тортаётган воқеа-ҳодисалар билан имкон қадар бевосита танишиб боришга ҳаракат қиламан.

Бир сўз билан айтганда, замонавий ахборот технологиялари ривожланган бизнинг давримизда реал ҳаётдан бутунлай узилиб қолиш мумкин эмас. Шунга қарамасдан, халқ билан турли кўринишдаги, дейлик, бу режадаги тадбир бўладими ёки маҳалла, туман, қайсидир муассасага кутилмаган ҳолатда кириб бориш орқали бўладими, умуман, бевосита мулоқот ҳамиша керак, деб ҳисоблайман.

Фуқаролар, кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинаётган барча муаммолар эътибор қаратишни талаб этади. Уларни инкор қилиш мумкин ҳам эмас. Албатта, жамиятдаги қонун бузилиши, адолатсизлик, инсон ҳуқуқларига беписанд муносабат, коррупция билан боғлиқ ҳолатларга бепарво қараб бўлмайди. Тизимли тус олган ёки жузъий муаммо бўладими, уларнинг барчасига дарҳол муносабат билдириб, тагига етиш ва ҳал этиш зарур», деган президент.

ЎҚИНГ: Президент халққа ўз Telegram ва WhatsApp рақамларини берди: «Мени ҳам гуруҳингизга қўшиб қўйинг!»