Шерзод Шерматов: карьера пиллапояси, АКТ олдидаги муаммо ва ечимлар хусусида

Шерзод Шерматов: карьера пиллапояси, АКТ олдидаги муаммо ва ечимлар хусусида

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи Шерзод Шерматов каби кишиларни “Селф-маде ман” деб аташади. Улар барча нарсага мерос, қариндошлар ёрдами ёки ҳомийлар кўмагида эмас, ўз ақли, билими, тиришқоқ меҳнати ва ўзини-ўзи камолотга етказиш орқали эришади, деб ёзмоқда Daryo нашри.

Ўзбекистонда “Шум бола” филмини томоша қилмаган киши бўлмаса керак. Севимли филмимизнинг якунловчи саҳналари Тошкентдаги Эски шаҳар маҳаллаларида суратга олинган, бизнинг бугунги суҳбатдошимиз ҳам ўша ерда ўсиб-улғайган.

ИНТEРВЬЮ, МОНОЛОГ, ДИАЛОГ? СУҲБАТ

Интервьюнинг ҳар хил турлари бор. Жанр классикаси: қисқа савол — батафсил жавоб. Монолог интервью ҳам бор. Ҳатто яна шундай интервюлар борки, у ерда саволлар жавоблардан олти баравар узунроқ. Шерзод Шерматов билан учрашувдан аввал мен икки саҳифали саволларни тайёрладим ва унга олдиндан жўнатиб қўйдим. Бизнинг интервю 20 та савол мавзуси бўйича суҳбат тариқасида кечди.

ҚАНДАЙ ҚИЛИБ ВАЗИР БЎЛИШ МУМКИН?

Ўзбекистондаги болалар шуни тушуниши керакки, «фақат пулинг ёки таниш-билишларинг бўлганидагина ҳаётда нимагадир эриша оламан деб ўйлаш» — хато. Бундай нотўғри фикрлашга нуқта қўйиш вақти келди. Яхши ўқиш, қунтли бўлиш, доимо ўз устида ишлаш ва ўз билимларини ошириш керак.

Мен оддий оилада улғайдим: онам — ўқитувчи, отам — муҳандис. Қариндошларимиз ёки маҳалладаги қўшниларимиз орасида ҳеч қанақа катта бошлиқлар бўлмаган. Мени тенгқурларимдан ажратиб турган ягона нарса — китоб ўқишга қизиқиш бўлган бўлиши мумкин. Ҳар қандай фаолиятдан кўра, дарслик, справочник ёки бадиий китобни афзал кўрганман.

Яқинда отам болалигимдаги бир гапимни менга кулиб эслатдилар. Ёш бола пайтимда қўлимга китоб олганимда отам мен ва акамга автомобилни ҳайдашдан аввал уни таъмирлашни ўрганишимиз кераклиги ҳақида айтган эканлар. Ўшанда мен отамга: “Мен ўқиб шундай мартабага эришаманки, менинг ўз ҳайдовчим бўлади”, — деган эканман.

“Мамлакатимиз мустақиллиги шарофати билан шундай карьера қура олдим”

Мен шундай карьерамни мамлакат мустақиллиги шарофати билан қура олдим. Бу эса шунчаки қуруқ гап эмас. Бизнинг балоғат давримиз мамлакатнинг шаклланиш йилларига тўғри келди. Араб тилига ихтисослашган мактабдан сўнг инглиз тили ўргатиладиган илк лицейлардан бирига кирдим. Бир йилдан сўнг тил бўйича олимпиадаларда қатнашишни бошладим. Сўнг мамлакатдаги биринчи хорижий ОТМ — Тошкент политехника университетининг Малайзия бизнес бошқаруви факултетида ўқидим.

Мен кимнингдир жияни эмасман. Нимагадир ўз кучингиз билан эришган бўлсангиз, журъатлироқ, дадилроқ гапирасиз ва шундай иш тутасиз, тилингиз узун бўлади.

Ўқитувчилар борасида омадим чопган: улар бизни ўқишга илҳомлантириб, рақобатни рағбатлантирарди.

ЭЛEКТРОН ҲУКУМАТ

Биз баландпарвоз гапларни айтишимиз керак эмас. Ерда юриш керак. Мамлакатнинг ҳар бир оддий фуқароси уйдан чиқмасдан туриб, давлат хизматларидан фойдалана олган вақтдагина, биз «электрон ҳукумат» ишлаётганини таъкидлай оламиз. Бунинг учун эса ҳали кўп ишларни қилиш зарур.

Электрон ҳукуматни жорий этишни бошлаган вақтимизда биз биринчи бўлиб Ягона интерактив давлат хизматлари портали — https://my.gov.uz/ сайтини яратдик, токи исталган киши ҳар қандай хизматни битта жойдан ололсин.

Ечимни талаб қилган биринчи муаммо — фуқаролар мурожаатларининг кўриб чиқилишини ташкиллаштириш. Аввал қанақа эди? Фуқароларнинг минглаб мурожаатлари ҳатто рўйхатдан ўтказилмасдан ахлат қутисига ташланарди. Бу прокуратура текширувлари чоғида аниқланган.

Ягона портал жорий этилиши билан мурожаатларнинг барчаси рўйхатга олина бошлади. Шу тариқа биз фуқаронинг ўз сўровига жавоб олишдек элементар ҳуқуқини таъминладик.

Иккинчи қадам: мурожаатларнинг кўзда тутилган 30 кун ичида кўриб чиқилишини назорат қилиш. Ўшандаёқ Шавкат Миромонович Мирзиёев бунга шахсан эътибор қаратарди. Мунтазам равишда, ҳар чоракда бир марта Бош вазир ушбу масала бўйича ҳукумат мажлисини ўтказиб, давлат органларининг 120 нафар раҳбарларини чақирарди, у ерда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишни кечиктиришгани учун, юқори лавозимларига қарамай, барча гап эшитарди.

Шу тариқа, маъмурий қарор билан, иш олға силжиди.

Учинчи қадам. Мурожаатларни рўйхатдан ўтказиш, ўз вақтида жавоблар берилиши масалалари ҳал қилингач, янги муаммо юзага келди: расмиятчилик учун ёзилган қуруқ жавоб хатлари. Баъзи раҳбарлар шунчаки «саволни ёпиш» учун қуруқ жавоб билан чекланишни бошлади. Шунда биз жавобни баҳолаш тизимини киритдик. Ҳар бир вазирлик ва муассасага фуқароларнинг ониққанлиги юзасидан ўртача баҳо қўйиладиган бўлди. Бундай расмиятчиларни «гиламга» чақира бошлашди.

Шу тариқа фуқароларнинг Ягона порталга нисбатан ишончлари пайдо бўлди. Сўнгра анча мураккаброқ нарсаларга ўтдик. Масалан, судланмаганлик ҳақида маълумотнома олиш — биз югур-югурларнинг ярмини қисқартирдик — маълумотномани онлайн тарзда сўраш ва аввалгидек вилоятлардан пойтахтга келмаслик мумкин бўлди.

Шартномаларни онлайн тарзда рўйхатдан ўтказишнинг жорий қилиниши тадбиркорлар учун жуда катта самара берди, бу бизнеснинг шиддат билан ривожланишига кўмак берган ҳолда тараққиётга катта туртки берди.

Аммо барибир мен ҳали қониққаним йўқ. Аҳоли орасида талабгир бўлган хизматлар ҳали етарлича эмас. Ягона портал ишлаб чиқувчилари олдига имкон борича одамларнинг эҳтиёжларини олдиндан кўра билиб, инсон ҳаётининг ҳар бир босқичини енгиллаштириш вазифаси қўйилган.

Ҳукумат шаффофлигидаги яхши томонга кескин ўзгаришга Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонасининг жорий этилиши билан эришилди.

Шавкат Миромонович: «Аҳолининг тўғридан-тўғри менга мурожаат қилиши тизимини ишлаб чиқинг ва жорий қилинг», — дея фармойиш берди. Кучли тизим жорий этилди. Президентга аризалар, шикоятлар ва таклифларни уч хил усулда: (0 800) 210-0000 телефон рақамига ёки «1000» қисқа рақамига қўнғироқ қилиш; Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналарига ташриф буюриш ёки https://pm.gov.uz/uz сайтида мурожаат юбориш орқали йўллаш мумкин.

Сайт максимал даражада содда қилиб ишланган: электрон имзо идентификацияси талаб қилинмайди. Битта саҳифа, битта сайт, битта телефон. Самарали оддийлик ва қулайлик ҳатто пенсионер кишининг ҳам мурожаат қила олишига имкон беради. Ҳар бир ариза берувчи ўз апелляцияси қандай бораётганини кузатиб бориши, ОАВ ва ижтимоий тармоқлар эса долзарб муаммолардан хабардор бўлиб туриши мумкин.

«Президент Шавкат Мирзиёевнинг планшетида бугунги кунда ҳамма нарсани кўриш мумкин: барча статистикани ҳам, қайси вазирлик мурожаатларни кўриб чиқишни кечиктираётганини ҳам».

Президент Шавкат Мирзиёевнинг планшетида бугунги кунда ҳамма нарсани кўриш мумкин: барча статистикани ҳам, қайси вазирлик мурожаатларни кўриб чиқишни кечиктираётганини ҳам. Прокуратурага фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш муддати ўтказиб юборилаётгани устидан назоратни ўрнатиш буюрилган.

Сиёсий ирода, қаттиқ назорат ва «сеҳрли туртки». Одамлар шуни тушундики, уларнинг фикрларини тинглашяпти, буларнинг барчаси вақтинчалик кампания эмас, балки халқ билан доимий мулоқот. Жамоатчиликнинг олий раҳбарият билан бевосита мулоқоти йўлга қўйилган бир пайтда маҳаллий амалдорлар маҳаллий муаммоларни ортиқча қоғозбозликсиз ҳал қилишга кўпроқ эътибор бермоқда.

МАНСАБДОР УЧУН «СEҲРЛИ ТУРТКИ»

Кўп нарсалар ижрочидан қаҳрамонона куч талаб қилмайди. Ўзининг хизмат вазифаси билан боғлиқ бевосита мажбуриятларини бажариш кифоя.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларга бориб, ўша вилоятга 30—40 та мурожаатни саралаб олиб келади. Шу билан бирга, мурожаатда кўрсатилган муаммони ечиш учун ҳатто вилоят эмас, туман даражасидаги раҳбарнинг аралашуви кифоя қиларди. «Нима учун ҳатто мана шундай оддий масалани ҳал қилиш учун Президентнинг аралашуви талаб этилади?» — дея ҳаққоний савол беради мамлакат раҳбари.

Раҳбарларнинг муайян бир гуруҳига улар ўзлари масъул этиб тайинланган ишни бажариши учун юқорида турган раҳбардан «сеҳрли туртки» керак. Кўкларга кўтариб мақталган «қўлда бошқариш» бошқарув тузилмаларида чуқур илдиз отган.

VICIOUS CIRCLE VIRTUOUS CIRCLE’ГА ҚАРШИ

Тошкент ахборот технологиялари университетида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказиляпти. Давлат муассасасининг дастурчиларни ишга таклиф қилувчи эълонига кўзим тушди, унга ғурур билан “Ойлик 700 минг сўм” деб ёзиб қўйилган эди.

“Қанақасига? — деб сўрадим мен улардан. — Одам оиласини шунча пул билан боқадими?”

“Бизда иш ҳақи фонди шунақа”, — деб жавоб беришди.

Нарироқ юрдим, бир бизнесмен турибди.

“Сиз дастурчига қанча тўлашга тайёрсиз?” — дея қизиқдим.

“Уч миллион”, — дея хотиржам жавоб берди.

Менинг ўзгача юз ифодамга қараб яна қўшиб қўйди: “Қўшимчасига ижтимоий пакет ҳам бор: уяли телефонни ўзимиз берамиз, транспортда юриш чиптасини сотиб оламиз, тушлик бепул. Муваффақиятли тарзда ишласа, қўшимча бонусларни ўйлаб топамиз”.

Мана сизга Vicious Circle (“нуқсонли кетма-кетлик”, учи йўқ калава) ва Virtuous Circle (“мулоҳазали кетма-кетлик”) каби тушунчаларга энг ёрқин мисол.

Нима юз беряпти? Бизнес энг яхши мутахассисларга баланд маошлар тўлай олади ва шу тариқа кадрларнинг «қаймоғини» олади, давлат органларига эса энди “ёғсизлантирилган сут» келади. Булар умуман ўқимаганлар, дордан қочганлар, «қўнғироқ орқали» ўқишга кирганлар, қўлидан ҳеч бир иш келмайдиганлар.

Давлат хизматида ўзак қолмаяпти. Тасаввур қилинг: вазирликда бизнесдагидек маош тўлаш учун қанча устама қўйиш керак?

Мана сизга Vicious Circle — учи йўқ калава. Давлат органларида кам иш ҳақи тўланади, шу туфайли энг яхши мутахассисларни ишга олиш қийин, ходим етарлича малакали бўлмаса ва унчалик яхши ишламаса, вазирлик ва идоралар фаолиятининг натижалари ҳам шунга яраша яхши эмас ва шу туфайли маош ҳам катта эмас.

Биз Virtuous Circle — мулоҳазали доирани қуришимиз керак. Биз энг яхшиларни ишга олишимиз керак, токи улар аъло натижаларни кўрсатсин, янги таклифлар жорий қилинсин, муассасанинг даромади катта бўлсин, ва улар катта маошни тўлай олсин.

— Балки бизда талабалар жуда кўпдир?

— Йўқ. Бизда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус таълим билан қамраб олиниш яхши. Аммо биз олий таълим қамрови бўйича анча пастда, дунёнинг энг қуйи ўнталигидамиз. Квоталар 1991-йилдан бери ошмаган, абитуриентлар сони эса ўсиб бормоқда.

Битирувчилар ишга киролмай қолади деб, қабул квотасини оширмаслик керак дейиш нотўғри. Қўлида университет дипломи бўлган битирувчининг иш топиш имконияти мактаб ёки коллеж битирувчисиникидан каттароқ бўлади.

Биринчи навбатда таълимга инвестиция киритиш керак.

Бугун АКТни ривожлантиришни молиялаштиришда кадрлар тайёрлашга ажратилаётган улуш бир фоизни ташкил этади, уни камида 10—15 фоизгача етказиш керак.

Давлат органлари мақсадли равишда кадрларни тайёрлаши керак.

«Қўлида университет дипломи бўлган битирувчининг иш топиш имконияти мактаб ёки коллеж битирувчисиникидан каттароқ бўлади».

Ушбу соҳадаги муваффақиятли фаолиятга ажойиб мисол — Беларусь Республикаси.

Беларусь буюртмали дастурий таъминот ишлаб чиқиш бўйича дунёнинг 20 та энг яхши мамлакатлари қаторига киради. Кўп жиҳатдан бунга соҳанинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши эвазига эришилди. Республикада Юқори технологиялар парки (ЮТП)ни яратишди. ЮТП резидентлари даромад солиғи, қўшилган қиймат солиғи, ер солиғи, кўчмас мулк солиғидан озод қилинган. Бу ерда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Беларусь ЮТП — виртуал Парк. Ҳуқуқий режим бутун мамлакат ҳудудида амал қилади.

Биз ҳам дастурчилар учун маълум бир ҳудуд билан боғлиқ бўлмаган имтиёзлар, иш ҳақи учун солиқни қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар устида ишлаяпмиз. Аммо бизнинг молиячиларимиз билан қийин. “Агар биз сизга имтиёзлар берсак, эртага шифокорлар, олимлар келади. Прецедент келтириб чиқарасизлар”, — дейди улар.

Аммо бу АКТ мутахассисларининг маошларини «кулранг»дан «оқ» тусга ўтказишнинг ягона йўли. Тез орада имтиёзлар бўйича қарор чиқади, деб умид қиламан.

Агар давлат хизматига кучли мутахассисларни жалб қилмасак, ҳеч қандай ислоҳотларни амалга оширилмаймиз.

«Агар давлат хизматига кучли мутахассисларни жалб қилмасак, ҳеч қандай ислоҳотларни амалга оширилмаймиз».

БИЗГА “РАҚАМЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБСИЗЛИК” КEРАК ЭМАС

«Электрон ҳукумат» бўйича нотўғри содда нуқтаи назар бор.

“Бизнинг ишимизни онлайнга кўчириб берсангиз бўлди”, — дейди муассасалар раҳбарлари мана шунинг ўзи илгарилаш эканлигига қаттиқ ишониб.

Аммо шу нарса аниқ-равшанки, онлайнга ўтказилган ҳужжатларни тасдиқлаш, лицензия бериш, рўйхатдан ўтказиш, фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича мураккаб жараёнлар бутун мавжуд тартибсизлик ва чигалликларни қоғоздан “рақам”га кўчиради.

“Рақамлаштирилган тартибсизлик” қоғоздагисидан ҳеч бир жиҳати билан устун эмас.

Инновациялардаги энг мураккаб нарса — давлат органларида бизнес-жараёнлар реинжиниринги (Business process reengineering — BPR)ни жорий қилиш. Нима учун? Чунки давлат органининг бизнес-жараёнларини реинжиниринг қилиш мутлақо барча ишбилармонлик жараёнларини тубдан қайта тушуниб етиш ва тўлиқ қайта лойиҳалаштиришни талаб қилади. Бусиз вазирлик ва давлат хизматларини кўрсатувчи муассасалар ишини тубдан яхшилаш (KPI’ни кўтариш) мумкин эмас.

Биз доим такрорлаб келамизки, АКТни жорий қилишдан аввал давлат органига қандай функциялар ва вазифалар юкланганини ҳамда уларни амалга ошириш учун қайси тузилмавий бўлинмалар ва вазирликка қарашли ташкилотлар масъул эканлигини аниқ белгилаб олиш зарур.

АКТнинг ўзига хос жиҳати бор: агар вазифани нотўғри қўйсангиз, натижа ҳам нотўғри бўлиб чиқади. Вазифаларни ким қўяди? Давлат хизматчиси.

Ҳатто қийшиқ қилиб қурилган уйда ҳам бир иложини қилиб яшаш мумкин, аммо “қийшиқ” АКТ тизими ишламайди, холос.

Динамика қуйидагича: ахборот химатларидан интерактив хизматларга, улардан эса — транзакция хизматларига. Давлат хизматлари трансформацияси — энг мураккаб босқич. Бу шунчаки лицензиялашни офлайндан онлайнга ўтказиш эмас.

«Ҳар бирининг тепасига тўрттадан видеокамера қўйсангиз ҳам, мансабдорлар тўғри ишлашни бошламайди».

Мана, масалан, Инҳа университетида Дата-марказ учун лицензия олишди. Савол туғилади: Дата-марказга лицензия олиш учун Давлат санитария-эпидемиология назорати ёки Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси рухсати нима учун керак? Бундай нарсаларни ҳеч бир давлат органининг ўзи ихтиёрий равишда тадбиркор учун соддалаштириб ўтирмайди.

Улар бундай таклифнинг бирортаси билан ҳам чиқмайди.

Ҳар бирининг тепасига тўрттадан видеокамера қўйсангиз ҳам, мансабдорлар тўғри ишлашни бошламайди.

Маъмурий ислоҳот керак. Биз барча давлат органлари ўртасидаги ягона тизимни ишлаб чиқмоқдамиз, у ижро тартибини ҳам, бутун ҳужжатлар айланмасини ҳам кўрсатиб беради.

Бизнес-жараёнларни бошқаришнинг шунга ўхшаш онлайн тизими (On-nara) Жанубий Кореяда жорий қилинган. Бу ҳукумат тузилмаларидаги барча жараёнларни рақамлаштириш орқали маҳсулдорлик ва мижозларни бошқаришнинг интеграцияланган тизимидир.

Ижрочига унинг back office’ида барча ҳужжатлар, барча буйруқлар кўриниб туради. Ҳар бир давлат хизматчиси битта дастурда ишлайди. Ягона интерфейс, ўзининг электрон-рақамли имзоси билан ишлайдиган ҳар бир давлат хизматчисининг иши бўйича барча статистика кўриниб туради.

Марказий маъмурий муассасалар ва маҳаллий ҳукумат органлари ўртасидаги вертикал ва горизонтал алоқалар орқали ахборот алмашинуви юз беради.

Ушбу тизим ким ишчан, ким эса бекорчи эканлигини дарҳол кўрсатади.

Бундай тизим барча вазирликларда ижрочилик масъулиятини оширишга ёрдам беради. 2017-йилнинг июлида марказий аппаратлар (девонлар) даражасида жорий қилишни бошлаймиз. Аста-секинлик билан туманлар даражасигача етказилади. Бунга бир-икки йил вақт керак бўлади.

ВАЗИРЛИКНИНГ SHARED VISION’И

— Нима учун биз сиз билан шанба куни ўтириб суҳбатлашяпмиз?

— Чунки бошқа куни вақт йўқ.

— Сизнинг оддий иш графигингиз қанақа?

— Иш куни эрталабки тўққиздан кечки ўн бир — ўн бир яримгача. Дам олиш кунлари режим юмшоқроқ. Саккиз-тўққизгача.

Аммо шуни тушунингки, ҳеч ким бизга кечгача ўтиришни буюрмайди.

Устига-устак, мен ҳам ўз ходимларимдан буни талаб қилмайман.

Аммо соҳа жуда катта, ишларга киришиш, муаммоларни англаб етиш, ҳамма нарсанинг мағзини чақиш керак. Ўзим «қўлда бошқариш»ни ёқтирмайман, бироқ у ҳамон кўп учрайди. Жамоани мустаҳкамлаш керак. Бир неча марта эълон бердик (сайтни очиб, мониторда постни кўрсатди: “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги IТ соҳасининг бўлғуси етакчиларини таклиф қилади”). Бунга вақт керак. Вазирликка келиб қилган биринчи ишим кадрлар захирасини кўтариш бўлди. Ҳозир агар бирорта мутахассис ишдан кетса, унинг ўрнини босадиган одам йўқ.

— Тошкент ахборот технологиялари университетида ўн минг талаба ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида 689 талаб ўқийдиган бир пайтда шундай ҳолат кузатиляптими?

— Инҳа университети ўзининг илк 200 нафар мутахассисларини 2018-йилдагина етиштириб чиқаради. 2017-йилда у ерга 400 абитуриент қабул қилинади. ТАТУга келсак, у билан боғлиқ муаммо катта, уни яхшилаш керак.

Биз замонавий фикрлайдиган одамларни жалб қилишга интиламиз. Кадрлар бўлиши учун яхши мотивация механизми бўлиши керак.

Shared Vision — умумий қараш деган тушунча бор. У мақсадлари ва қадриятлари муштарак бўлган муваффақиятли ташкилотни яратишда муҳим аҳамиятга эга. Менинг ҳамиша ўз маслакдошларимдан иборат жамоам бор. Жамоасиз мен ҳеч кимман. Ҳозир жамоани кенгайтириш ва мустаҳкамлаш керак.

Бу ерда вақт талаб этилади. Агар кадрлардан тўлиқ қониққанимда бундай эълонни жойлаштирмаган бўлардим.

Мана, «Ўзбектелеком»да раҳбарни ўзгартирдик, унга Шуҳрат Қодиров раҳбар бўлди, уч нафар ўринбосарни алмаштирдик. Биз энг каттасидан бошладик.

“Ўзбекистон почтаси” АЖда ҳали муаммолар кўп, тўлиқ трансформацияни ўтказиш, ҳам молиялаштириш, ҳам суғурта хизматлари билан шуғулланадиган, электрон тижоратни ривожлантирадиган яхшигина замонавий компанияга айлантириш керак.

Тузилмавий бўлинмалар ўз устида ишламай қўйди, юмшоқ бюджетга кўникиб қолди.

Юқоридан кўрсатма кутиш керак эмас, балки уларни мустақил тарзда пул ишлаб топа оладиган ташкилотларга айлантириш керак.

— Ҳозир институтсионал тарзда ишлаш учун ҳамма нарса — қонунлар, қарорлар борми?

— “Давлат хизмати тўғрисидаги Қонун”, “Давлат хизматлари ва маъмурий жараёнлар тўғрисидаги Қонун” керак. 2007—2008-йилларда “интерактив давлат хизмати” тушунчаси жорий қилинди, “давлат хизмати” тушунчасининг ўзи эса қонунда йўқ эди. Давлат хизмати нима эканлиги, давлат хизматчиси ким эканлигини аниқлаштириш керак.

Бюджетда ушбу мансабдор учун маош белгиланиши керак.

БОШҚАРУВ ВАЗИРЛИГИ КEРАК

Сизга битта қизиқарли нарсани айтаман. Дунё амалиётида “электрон ҳукумат” учун жавобгар бўлган вазирликларда “алоқа, АКТ, ахборот” деган тушунчалар йўқ.

Жанубий Корея, Хорватия, Норвегияда бу билан давлат бошқаруви вазирликлари шуғулланади. Францияда эса у янада мураккаброқ номга эга — Франция бюджет, давлат ҳисоблари ва фуқаролик маъмурияти.

Яна бир марта такрор айтаманки, АКТни жорий қилишдан аввал, биринчи навбатда давлат бошқарувини яхшилаш керак. Бу фикрни мен доим илгари суришга ҳаракат қилиб келганман, аммо ҳозирча бунга эриша олмадим.

Ҳозир тараққиёт стратегияси танқидий кўриб чиқилади, вазирлик трансформацияси бўлади, ана шунда давлат бошқарувининг реинжиниринги ҳаётий зарур бўлади.

«Давлат хизматида чуқур ўзгаришларни амалга ошириш вақти келди, биз эса ташқи интерфейсли ўзгаришлар билан бандмиз».

Давлат хизматида чуқур ўзгаришларни амалга ошириш вақти келди, биз эса ташқи интерфейсли ўзгаришлар билан бандмиз.

Бизга: “Сизлар АКТсизлар, ана, бориб ўз АКТларинг билан шуғулланинглар”, — дейишади. Аммо бугунги расмиятчиликка асосланган тартибсизликни АКТга кўчирсак, ҳеч қандай фойдаси бўлмайди. Ҳужжатларни қисқартириш, ортиқча жараёнларни олиб ташлаш керак.

Бироқ давлат органлари бундан унчалик ҳам манфаатдор эмасга ўхшайди.

Демак “сеҳрли туртки” керак.

Кореяда ислоҳот нима учун муваффақиятли кечди? Чунки Жамоатчилик маъмурияти ва хавфсизлик вазирлиги (2008 йилгача — Ҳукумат маъмурияти ва ички ишлар вазирлиги) ҳар қандай хизматларни, ҳар қандай штат тузилмасини ва молиялаштиришни қайта кўриб чиқиш ваколатига эга эди.

Вазирлик қандай хизматларни кўрсатиши, қанақа мутахассислар ва нечта кераклигини аниқлаштириш керак. Шундан кейингина бунга қандай буджет кераклигини билиш керак. Ким қанча смета ололган бўлса, шунча бюджетга эга бўлади, деган нарса бўлмаслиги керак.

Давлат хизматчисининг иш кўрсаткичини маош билан, мотивациясини фуқароларнинг қониққанлик даражаси билан боғласак, иш чиқади.

Сиз қанчалик супер АКТ тизимини ўйлаб топманг, агар ижрочи бир миллион сўм маош олса, у рағбатланмайди.

Афсуски, бюджетлаштиришда биз тийинлик арзимас тежамкорликни кўп кўрамиз, келажакда эса миллиардлаб пул йўқотамиз.

Бошқарув вазирлиги биз бўлишимиз шарт эмас, аммо бундай давлат органи албатта зарур.

Биз сиз билан мамлакат ҳаётида инқилобий ислоҳотлар ўтказиш мумкин бўлган даврда яшаяпмиз. Халқнинг умиди катта. Келинглар, биргаликда ишлаймиз. Мамлакатимизни биздан бошқа ҳеч ким ривожлантирмайди.

Меҳрибон амаки келишини кутиш керак эмас. Ҳеч ким келмайди, мен буни ўз ходимларимга ҳам доим такрорлаб келаман. Америкада ёки Европада яхши яшашяптими, демак улар буни ўзлари учун ўзлари қурган.

Ва биз ҳам шундай қила оламиз.

Бахтиёр Насимов,

шарҳловчи.

Манбаа: Daryo.Uz

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.