Siempo – сизни унумдорликка ундовчи Android-илова!

  •   DiMaX
  •  2542
  •  26.05.2018 13:52

Siempo – сизни унумдорликка ундовчи Android-илова!

Ҳозирда кўпчилигимиз смартфонга ва интернетга боғланиб қолганмиз. Сал бўш пайтимизда, масалан, бирор ижтимоий тармоққа «шунчаки бир кўз ташлаб қўйиш» учун кирамиз ва у ерда анча вақтимиз кетиб қолганини кеч пайқаймиз.

ЎҚИНГ: Мулоҳаза: Онгни измига олаётган кўринмас бало

Бу муаммо устида шифокорлар, руҳиятшунослар, таълим мутасаддилари ва бошқа бир қатор соҳалар вакиллари бош қотиришмоқда. Тиниб-тинчимаган дастурчилар эса кишиларни смартфондаги ҳар хил иловаларга ва интернетга чалғишдан сақлашнинг ўзгача ечимини ишлаб чиқишди. Яъни, минималистик услубдаги Siempo лаунчерини тақдим этишди.

Мазкур илова Android-смартфон бош экранини оддий монохром (оқ-қора) менюга айлантириб қўяди. Натижада, сизнинг эътиборингизни тортиш учун атайлаб турли рангларда ясалган белгичалар йўқолади.

Siempo лаунчерида сизнинг қимматбаҳо вақтингизни ўғирлаётган иловалар учун алоҳида экран тақдим этилган. Унда иловалар белгичаларининг жойлашуви мунтазам ўзгариб туради. Натижада бармоғингиз кўникиб қолган қулай жойдаги «ВКонтакте» ёки Facebook белгичаси ўрнига ҳар гал бошқаси келиб туради.

ЎҚИНГ: Шон Паркер: "Facebook боис онгимизда нималар содир бўлаётгани ёлғиз Худога аён"

Янги минималистик лаунчерни шундай созлаш мумкинки, смартфонингизга келувчи турли иловаларнинг билдиришномалари ўша заҳотиёқ эмас, балки маълум бир вақт оралиғидагина сизга кўрсатилади. Масалан, ҳар 15 дақиқада бир марта ёки бир кунда икки мартагина, шу пайтгача йиғилиб қолган билдиришномаларни биратўла кўра оласиз.

Siempo лаунчерида телефонингизнинг бош экранига ўзингизни ишчанликка ундовчи, илҳомлантирувчи бирор ёзув киритиб қўйиш имконияти ҳам бор.

Фойдаланувчининг иш самарадорлигини оширишга ёрдам беришидан ташқари, Siempo – смартфондаги энг керакли жиҳозларга тезда етиб боришни таъминловчи минималистик лаунчер ҳамдир. Унинг бош экранида «Почта» ва «Об-ҳаво» каби белгичалар туради, уларга энг керакли бошқа иловаларни бириктириб қўйиш мумкин.

Айни дамда Siempo иловаси очиқ бета-тест босқичида бўлиб, уни Google Play’дан мана бу ҳавола орқали ўрнатиб олиш мумкин. Ишлаб чиқувчилар кейинроқ унинг iOS талқинини ҳам чиқаришга ваъда беришган, кутамиз.

ЎҚИНГ: Смартфонга тобеликдан қутулса бўлади!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!