Силикон водийсидаги етакчи компанияларнинг масъул мутахассислари Ўзбекистонда

  •   DiMaX
  •  431
  •  28.03.2019 11:36

Силикон водийсидаги етакчи компанияларнинг масъул мутахассислари Ўзбекистонда

Шу кунларда Ўзбекистонда илк бор стартаплар, илм-фан ва технологияларга бағишланган Марказий Осиё ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Бу тўғрида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.

ЎҚИНГ: «Илм-фан ва технологияларда хотин-қизлар» Марказий Осиё ҳафталиги: стартапларни АҚШлик инвесторлар танлайди!

Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан ўтказилаётган ҳафталик «Илм-фан ва технологияларда хотин-қизлар» деб номланади. Эътиборлиси – унинг доирасида ўтказилаётган тадбирларда иштирок этиш учун АҚШнинг Google, Apple, Amazon, Mozilla каби компанияларида етакчи лавозимларда фаолият юритаётган хотин-қизлар таклиф этилган. Шу билан бирга, дунёнинг турли бурчакларидан 60 га яқин қизиқувчилар иштирок этишяпти. «Илм-фанда стартаплар», «Илм-фан ва илмий стартапларни тижоратлаштириш», «Марказий Осиёдаги раҳбар хотин-қизларнинг илм-фан, таълим ва технологиялар соҳасига қўшган ҳиссалари», «СТЕМ соҳасида ҳамкорлик», «Яшил технологиялар» каби қатор мавзулар қамраб олинган анжуман, форсайт, тренинг ва давра суҳбатларидан иборат ҳафталикнинг очилиш маросимида сўзга чиққанларнинг қайд этишича, шундай нуфузли тадбирни ўтказиш учун TechWomen дастури томонидан мамлакатимиз танланиши ҳам бежизга эмас.

– 2018 йилда қабул қилинган мамлакатимиз инновацион ривожланиш стратегиясининг масалаларидан бири – илм-фан, юқори технологиялар ва уларнинг тижоратлаштирилишини қўллаб-қувватлаш бўлиб, бунда табиий ва аниқ фанлар, ахборот технологиялари, муҳандислик иши, технологик таълим ва техник мутахассисликларда хотин-қизларнинг сонини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, дейди Инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шароф Ражаббоев. – Бугунги кунда Ўзбекистон олимлари ўртасида хотин-қизларнинг улуши 40% га яқин бўлса, профессорлар ўртасида бу кўрсаткич 20% гача, илмий муассасалар бошқарувида – 5%. Бугунги сингари тадбирлар хотин-қизларимизни қўллаб-қувватлашда ўта муҳимдир. Дунёдаги йирик компанияларда етакчи лавозимларни эгаллаётган хотин-қизларнинг мамлакатимизга ташрифи ва ўз тажрибаси билан бўлишиши мамлакатимиздаги хотин-қизларни илҳомлантириши шубҳасиз.

TechWomen компанияси ўзининг қизиқарли лойиҳалари билан ихтирочи, янгиликка интилувчан хотин қизларни қўллаб қувватлаш мақсадида ҳар йили турли мамлакатларда семинар тренинглар ташкил этади. Шу билан бирга лойиҳа эгаларига моддий ва маънавий кўмак беради. Тошкентдаги Инҳа университетида ўтказилган «Startup Mix» конференциясида турли мамлакатлар вакилларининг ўзига хос тажрибалари тақдимотлари, замонавий технологияларни жорий этишдан муаммо ва ютуқлар, экологик муаммоларни хал этишда замонавий технологияларни қўллаш истиқболлари, лойиҳалаштириш ва дастурлашнинг турли ўзига хос жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Марказий Осиё ва Калифорния ўртасидаги минтақавий ҳамкорлик имкониятлари ҳақида Amazon катта дастурий менежери Вероника Ожет тўхталиб ўтди.

«Биз турли дастурларни муҳокама қилдик ва ишга туширдик, ҳозир эса ушбу дастурлар доирасида ўзаро ҳамкорлик қиляпмиз. Уларнинг орасида TechWomen, TechGirl ва Technovation дастурларини кўрсатиш ўтиш мумкин. Ушбу дастурлар туфайли қизлар, аёллар Кремний (Силикон) водийсига ташриф буюриб, Виржиния политехника университетига ўқишга киришлари мумкин. Бу ерда ўзбекистонлик мутахассислар учун ҳам икки йиллик тил ўқитиш курслари ҳам ташкил этилган», – дейди Вероника Ожет.

Тадбир давомида дунёнинг энг йирик компаниялари мутахассислари талабалар учун махсус маърузалар ва ўқувчилар учун робототехника ва дастурлашнинг ўзига хос жиҳатларини намойиш этувчи кўргазмали тақдимотларни ҳам ўтказишди.

Ҳафталик доирасидан ўрин олган тадбирлар нафақат Тошкентда, балки Самарқанд ва Нукус шаҳарларида ҳам ўтказилмоқда.

ЎҚИНГ: Мактаб, лицей, коллеж ўқувчи қизлари кибер хавфсизлик бўйича АҚШда малака оширади!