“Симсиз”лашаётган дунё улкан техно-инқилоб бўсағасида

“Симсиз”лашаётган дунё улкан техно-инқилоб бўсағасида

 

Инсоният анча йиллардан буён изланишлар олиб борилаётган симсиз келажак остонасида турибди. “Олма” корпорацияси эса буни жасурлик билан бошлаб берди.

7 сентябрь куни Сан-Францискода тақдимот этилган Apple iPhone’нинг йиллар мобайнида миллионлаб одамлар томонидан аудио гарнитура улашда хизмат қилиб келинаётган 3.5 мм диаметрли аудио коннекторсиз дизайни барчани ажаблантирди, кимнингдир ҳафсаласини пир қилди, кимнидир қизиқтириб қўйди.

Ҳатто баъзи бир фойдаланувчилар томонидан онлайн равишда ташкил этилган, компанияга аудио портни қайтариш юзасидан ўтказилган норозилик ҳаракатига 300 мингдан зиёд фойдаланувчилар ҳам имзо чекишган.

“Одамларга илғорликни кўрсатмагунингча, улар нима хоҳлашаётганликларини билишмайди”, деган эди бир вақтлар Apple корпорацияси асосчиси Стив Жобс. Аудио коннекторнинг “куни битгани” ловиядек катталикдаги қулоқчинлар саноатининг тараққий этиши, уларнинг шовқинни камайтириши, овозли буйруқлар бериш орқали қурилмаларни бошқариши, яқин 5 йилликда “тинглаш” саноатининг қийматини  $16 млрд доллар миқдорига ошириши билан изоҳланмоқда.

Гўё 2013 йилда тақдим этилган фантастик “Унинг” номли фильмидагидек, одамзод лабларини қимирлатмасдан туриб сўзлашиш сари шошаётгандек. Смартфон саноати экспертлари ҳам симсиз уланиш технологияси инновациянинг навбатдаги ривожланиш йўналиши эканини айтишмоқда.

Симсизлик

Apple’нинг “аудио жек”ни олиб ташлаш борасидаги таваккалчилиги 100 йиллик тарихга эга технологияга нуқта қўйгани ва шу орқали iPhone ички тузилиши учун зарур кенг жойга эга бўлганини англатади. Унинг ўрнига эса адаптер орқали универсал портга аудио қулоқчини улаш версияси таклиф қилинди.

“Apple’нинг бу қарори смартфонлар учун симли қулоқчинлар ишлаб чиқариш саноатига таъсир қилмайди. Apple’нинг симсиз қулоқчинларида ҳам AirPods’нинг чипларидн фойдаланилмоқда ва уларнинг нархи жуда қиммат –  $159 доллар”, дейди AirPods маркетологи Филл Шиллер.

Аммо, компаниянинг бу қарори чин маънода “симсизлик” учун катта миқдордаги пул тикилишига туртки бўлди.

Шу вақтга қадар симсиз овоз узаткчилар оммалаша бошлаган эди. SAR Insight and Consulting маркетинг компаниясининг маълум қилишича, жорий йилда асосан Bluetooth технологияси татбиқ этилган 100 миллион дона симсиз радиокарнайлар сотилиши кутилмоқда.

Энди эса симсизлик тўлқини аудио қулоқчинларга етиб келди. Экспертларнинг фикрича, қисқа фурсат ичида симсиз қулоқчинларни такомиллаштириш бўйича олиб бориладиган изланишлар уларнинг янада кенг имкониятли ва арзон бўлишларини таъминлайди.

Жумладан, симсиз қулоқчинлар ишлаб чиқариш бўйича изланиш олиб бораётган Германиянинг Bragi стартапи ўтган ҳафтада ўзининг симсиз наушникларини IBM’нинг сунъий интеллект қурилмаси билан марказлаштиришини маълум қилди. IBM компанияси эса ушбу технология ёрдамида фойдаланувчилар алоқа қилишлари, зарур белгиларни ўқишлари, буйруқлар олишлари ёки беришлари, матнларни бир тилдан бошқасига таржима қилишлари мумкин.

Симсиз аудио қулоқчинлар келажакда ёнғин ўчирувчиларга ўт ичида қолган жабранувчиларнинг жойлашган ерини топиш, ҳамкасблари билан боғланишда ва бошқа соҳаларда ҳам қўлланилиши мумкин.

“Бу энди шунчаки наушник яратиш эмас, бу – кўз ва қўлни баъзи бир юмушлардан озод қилувчи улкан жумбоқ ечимининг ибтидосидир”, дейишмоқда лойиҳа муаллифлари.

Ақлий уланиш

Бу йўлда ечимини топиши зарур бўлган муҳим тўсиқлардан бири – қурилмаларнинг инсон буйруқларини тушуна олишидир. Мисол учун, AirPod тугмача-қулоқчинга 2 марта чертсангиз Apple’нинг овозли буйруқларни бажарувчи Siri виртуал ёрдамчи иловаси ишга тушади. Компания бу технологияни такомиллаштириш режасида.

Яна бир – Amazon.com Inc’нинг Alexa иловаси эса фойдаланувчига ўз овози ёрдамида Интернет тармоғидан фойдаланиш имконини беради. Alphabet’нинг Google компанияси ҳам бу борада ўз лойиҳасига эга.

Хитойда бу масалада пешқадам бўлган Baidu компанияси эса товушларни талаффуз бўйича инсондан 3 маротаба тез ва аниқ ёзадиган Deep Speech 2 тизимини такомиллаштирмоқда. Компаниянинг маълум қилишича, унинг қурилмалари билан овозли фикр алмашиш миқдори йил бошидан буён 3 маротабага ошган.

Нью-Йоркнинг Scarlet стартапи ҳам  Samsung Electronics компаниясининг молиявий кўмагида фойдаланувчиларни об-ҳаво маълумотлари, муайян вазият ва ой-сана билан хабардор қилиб борадиган ақлий ёрдамчи иловасини яратмоқда.

Valencell компанияси эса қулоқчинда фойдаланувчининг юрак уришини ўлчайдиган ва бошқа биометрик маълумот-статистика тизимларини марказлаштириш ҳаракатида.

Овозсиз бошқарувга бир қадам

Бу илғор ғоя учун технология саноатининг йирик ишлаб чиқарувчилари қизиқиш билдираётгани унинг жадал ривожланишини таъминлаяпти.

Жумладан, Samsung август ойида тақдим қилган  IconX симсиз наушниклари биометрик маълумотларни ҳам тўплашга қодир. Sony’нинг Xperia Ear лойиҳаси эса об-ҳаво ва СМС-хабарлари овоз орқали ўқиб беришни ваъда қилмоқда ва у фойдаланувчининг истагини овоз ҳамда бош ҳаракатларидан билиб олади.

LG Electronics олдинги ҳафта уй буюмларини Интернет орқали бошқаришда фойдаланиладиган SmartThinQ Hub қурилмасини Интернет тармоғи орқали овозли бошқариш мумкин бўлган Alexa иловаси билан уйғунлаштириш истагида эканини маълум қилган.

Бошқа компаниялар эса янада олдинда – улар ҳатто овоз талаб этилмайдиган симсиз уланиш технологияларини ривожлантиришмоқда.

Мисол учун, АҚШнинг Emotiv Systems стартапи баҳоси $300 доллар бўлган наушникларни сотувга чиқарган. Унинг ёрдамида фойдаланувчи иловани онг ҳамда юз қиёфаси билан бошқариши мумкин.

Юқорида қайд этилган фантастика жанридаги “Унинг” фильмида тасвирланган овозсиз мулоқот тизимида операцион тизим ўзининг фойдаланувчисига чуқурроқ хослашган, яъни айнан унинг учун ишлаб чиқарилган. Экспертларнинг маълум қилишларича, бу каби тизимларни ишлаб чиқариш ҳозирча бутун бошли смартфон тайёрлашдан ҳам қимматга тушади.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!