Симсиз қувватланиб, 28 соат автоном ишловчи Redmi AirDots 3 Pro чиқди

  •   DiMaX
  •  653
  •  26.05.2021 16:53

Симсиз қувватланиб, 28 соат автоном ишловчи Redmi AirDots 3 Pro чиқди

Xiaomi компаниясининг Redmi бренди учинчи авлод AirDots буткул симсиз қулоқчинини намойиш этди. Redmi AirDots 3 Pro номини олган мазкур аксессуар, олдинги авлод наушник дизайнида бўлса-да, узоқ кутилган фаол шовқин тўсиш ва бошқа функциялар билан бойиган.

ЎҚИНГ: Apple ҳайратда: Redmi унинг гаджетига атиги 11 долларлик рақиб тақдим этди!

Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, 9 миллиметрлик драйверларга эга бўлган Redmi AirDots 3 Pro бегона товушларни тўсишнинг юқори даражасига эга – унда ANC самарадорлиги 35 дБ.га етади.

Шовқинларни таҳлил этиш ва телефондаги суҳбат чоғида фойдаланувчининг овозини сифатли етказиш учун қулоқчиннинг ҳар бир палласида учтадан – жами олтита микрофон ўрнатилган.

Redmi AirDots 3 Pro сигнал ушланиб қолишининг энг паст кўрсаткичига эга – 69 миллисония. Унинг яна бир ўзига хослиги эса олдин уланган қурилмаларнинг биридан бошқасига тезкор ўта олишидир.

ЎҚИНГ: 10 дақиқа қувватланиб, 8 соат ишловчи симсиз қулоқчин чиқди

Компания бу маҳсулоти Dolby Atmos технологиясини қўллаб-қувватлаши, шунингдек Hi-Res Audio ҳамда Hi-Res Audio Wireless стандартларига мос келишини таъкидламоқда.

Redmi AirDots 3 Pro автономлиги мусиқа янграш режимида 6 соатга етади; жамланмадаги ғилофи ёрдами билан эса бу кўрсаткич нақ 28 соатга боради. Унинг яна бир фойдали жиҳати – кейсига симсиз зарядлаш технологияси жорий этилганлигидир.

Xiaomi бу қулоқчинни 11 июндан сотувга чиқармоқчи, нархи эса 55 АҚШ долларига тўғри келади.

ЎҚИНГ: Атиги 10 доллардан «Хитойча AirPods Max» сотувга чиқди