Сиз кутган функция қайси Android-смартфонларга қайтяпти – Google аниқлик киритди

  •   DiMaX
  •  1627
  •  25.04.2020 14:53

Сиз кутган функция қайси Android-смартфонларга қайтяпти – Google аниқлик киритди

Android-смартфонларга стандарт Google Phone (Google Телефон) иловасидаги қўнғироқларни ёзиб олиш функцияси қайтаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу опция аллақачон Ҳиндистондаги Nokia смартфонларига тақдим этилди.

ЎҚИНГ: Кераксиз қўнғироқ ва хабарларни чекловчи Android-иловалар

Google компанияси мазкур опция қайси смартфонларга тарқатилиши ҳақида расман маълумот берди. Унга кўра, қўнғироқни ёзиб олиш функциясининг ишлаши учун Android 9 Pie ёки ундан юқори операцион тизим, Google Phone иловаси, уни қўллаб-қувватловчи смартфон модели ҳамда «мос келувчи» ҳудуд ёки мамлакат талаб этилади.

Қисқача айтганда, қўнғироқни ёзиб олиш функцияси ҳамма ҳудудларда ва барча смартфонларда ҳам ишлайвермайди. Афсуски, айнан қайси мамлакатлар ва моделларда бу опция ишлашини Google аниқ санаб ўтмаган.

Айтиш керакки, Google Pixel туркуми гаджетларида, Android One дастури доирасидаги «тоза» Android тизимли смартфонларда ва Европа учун чиқарилган аксарият Xiaomi телефонларида дастлабки ҳолат бўйича Google Phone иловаси қўнғироқлашиш учун асосий илова сифатида ўрнатилган. Демак, қўнғироқларни ёзиб олиш опцияси энди мана шу қурилмаларга келиши керак.

Шунингдек, мазкур иловани мана бу ҳавола орқали Google Play каталогидан ўрнатиб олиш ҳам мумкин. Лекин юқорида таъкидланган функциянинг оммавий тарқатилиш вақти ҳозирча номаълум.

ЎҚИНГ: Android’да кенг имкониятлар учун дастурчи менюсини фаоллаштирамиз

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.