Сизни жосуслар кузатувидан энди Android’нинг ўзи халос этади!

  •   DiMaX
  •  759
  •  26.03.2020 16:45

Сизни жосуслар кузатувидан энди Android’нинг ўзи халос этади!

Google дастурчилари компаниянинг мобил операцион тизимида нафақат интерфейс, балки ҳимояни ҳам такомиллаштириб боришмоқда. Android 11 дастлабки жамланмаси кодида топилган янги маълумотларга кўра, унда жосус иловаларнинг фаолиятини чеклаш имкони бўлади.

ЎҚИНГ: Смартфонингиз таъқибидан қутулишни биласизми?

Ҳозир амалда бўлган Android 10 талқинида фойдаланувчиларга тақдим этилган яхши имкониятлардан бири – иловаларнинг смартфондаги геолокация хизматларидан фойдаланиш рухсати бўйича нозик созламалар жорий этилганидир. Масалан, олдинги версияларидан фарқли равишда, дастурлар унда фон режимида эмас, балки бевосита шу иловани ишлатаётган пайтдагина жойлашув маълумотларини ола биладилар.

Инсайдерларга кўра, Android 11 операцион тизимида шу каби имкониятлар фойдаланувчига кўпроқ тақдим қилинади. Аниқроғи – унда энди турли иловаларнинг қурилма камераси ва микрофонидан фойдаланишини ҳам ўзингиз бошқара оласиз. Дастурларнинг рухсатида «фақат фойдаланиш вақтида» опциясини танлаб қўйсангиз, улар фон режимида сизни камера ёки микрофон орқали пойлай олишмайди.

ЎҚИНГ: iPhone’ингиз камераси ва микрофони орқали қайси иловалар сизни кузатаётганини биласизми?

Шунингдек, Android 11 талқинида «бир марталик рухсат» бериш имкони ҳам бўлади; бунда иловадан ҳозирги фойдаланаётган сеанс пайтидагина у микрофон ва камера маълумотларига кира олади. Кейинги гал эса унга бошқатдан рухсат бермагунингизча мазкур датчиклардан фойдалана олмайди.

Эслатиб ўтамиз, Google компанияси Android 11 (ёки Android R) талқинининг дастурчиларга мўлжалланган жамланмасини аллақачон тақдим этган. Биз унда iOS'даги каби функция жорий этилишини, смартфоннинг орқасидан чертиб бошқариш мумкин бўлишини (видеолари билан) маълум қилганмиз.

ЎҚИНГ: MIUI 12 ҳамда Android 11’гача янгиланувчи Xiaomi смартфонлари иккита рўйхатда!

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!