Skai – водород ёқилғили илк учар такси тақдим қилинди!

  •   DiMaX
  •  1175
  •  30.05.2019 14:41

Skai – водород ёқилғили илк учар такси тақдим қилинди!

Олимлар муқобил энергия турлари бўйича турли изланишлар олиб боришдан чарчамаяптилар. Жумладан, турли транспорт воситаларида ёқилғи сифатида водороддан фойдаланиш ҳам бошланган.

ЎҚИНГ: Немислар биринчи бўлишди: Германияда водород ёқилғиси билан ҳаракатланадиган поезд яратилди

Энди эса ёқилғи сифатида водороддан фойдаланган ҳолда ҳаракатланувчи Skai учар таксиси намойиш қилинди. Уни ёқилғи билан тахминан 10 дақиқада тўлдириш мумкин ва бу ўртача 4 соатлик учишга етарли бўлади. Таксида беш нафаргача киши чиқиши мумкин, унинг максимал юк кўтариш қуввати эса 450 килограммга тенг. Лекин унинг энг юқори учиш тезлиги маълум қилинмаган.

Skai лойиҳаси директори Стив Ханви сўзларига кўра, шаҳарларда бундай таксилар йўловчи таший бошлаши учун ҳали ўн йиллар вақт талаб этилиши мумкин. Лекин дастлабки босқичларда уларни юк ташиш мақсадида ёки, масалан, тез ёрдам сифатида қўллаш мумкин.

ЎҚИНГ: Коинотга сув ёрдамида парвоз: россиялик физик шундай таклифни илгари сурмоқда

Skai дизайнини BMW компанияси мутахассислари ишлаб чиқишган. Кабина шундай лойиҳалаштирилганки, ичкаридаги йўловчилар ташқаридаги манзарани панорама тарзида томоша қилиб боришади.

Шу билан бирга, турли аварияларнинг олдини олиш учун бир неча хил ҳимоя тизимлари ҳам жорий этилган. Жумладан, учар таксини юмшоқ қўндиришга мўлжалланган катта парашют ҳам мавжуд.

Қуйида Skai учар таксисини “жонли” видеода кўрамиз:

Шуниси ҳам борки, ёқилғи сифатида водород қўлланишининг битта салбий жиҳати бор – у портлаш хавфи катта бўлган моддалар сирасига киради. Бу каби қурилмаларда у электр энергиясидан кўра арзон тушиши аниқ, аммо барибир токли аккумуляторлар борасида бирор инқилобни кутган маъқул.

ЎҚИНГ: 2030 йилгача барча автомобиллар электромобилга алмаштирилади!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!