Смартфон бозоридаги даромаднинг 93 фоизини иккитагина компания бўлишиб олди! (2020 йил 3-чорак)

  •   DiMaX
  •  2574
  •  28.11.2020 09:59

Смартфон бозоридаги даромаднинг 93 фоизини иккитагина компания бўлишиб олди! (2020 йил 3-чорак)

Бир неча йилдан бери Samsung корпорацияси смартфонлар бозорида етакчи бўлиб келаётганидан хабарингиз бор. Лекин мазкур бозорда унинг улуши мунтазам пасайиб, бошқаларнинг ҳиссаси ортиб бормоқда. Масалан, Xiaomi учинчи чоракда рекорд даражада кўп смартфон сотган.

ЎҚИНГ: Хитойликларнинг ўзлари энг кўп қайси смартфонларни олишяпти?

Шунга қарамасдан, смартфон савдосидан олаётган фойдаси бўйича Samsung барибир олдинги ўринларда бормоқда. Strategy Analytics маълумотларига қараганда, 2020 йилнинг учинчи чорагида у телефон сотишдан тушаётган даромадини бултургига нисбатан икки карра оширишга эришган. 2019 йилнинг учинчи кварталида смартфон бозоридаги даромаднинг 18,8 фоизи Samsung компаниясига тўғри келган бўлса, бу йил мазкур кўрсаткич 32,6 фоизга етган!

Шу билан бирга, Samsung учун бу кейинги олти йил ичидаги энг юқори натижа ҳам ҳисобланади – 2014 йилнинг учинчи чорагида у смартфон бозоридаги маблағларнинг 37,9% қисмига эгалик қилган эди.

Бироқ кореялик гигант смартфон сотишдан тушаётган даромад борасида ўзининг «ашаддий рақиби» – Apple’га етишига анча бор. Купертинолик корпорациянинг бу бозордаги ҳиссаси уникидан деярли икки бараварга кўп – 60,5 фоиз! Тағин, бу ҳали ўтган йилдагига нисбатан камайган ҳолат – 2019 йили смартфон бозоридаги фойданинг 66,9 фоизини Apple олган.

Хулласи калом, бу йилнинг учинчи чорагида дунё бўйлаб сотилган барча смартфонлардан тушган фойданинг 93,1% қисми шу икки техногигантга тегишли. Бошқа смартфонсозлар сотган гаджетлар сони буларникига яқинроқ бўлиши мумкин, лекин шундан олган даромади ўта кам.

ЎҚИНГ: Samsung, Apple, Xiaomi ва Huawei ҳар бир смартфондан қанча соф даромад кўради?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.