Смартфон бозоридаги тенгсиз лидер иккинчи ўрин эгасидан уч ярим марта ўзиб кетди!

  •   DiMaX
  •  2970
  •  07.10.2020 14:41

Смартфон бозоридаги тенгсиз лидер иккинчи ўрин эгасидан уч ярим марта ўзиб кетди!

Аввалроқ биз Counterpoint Research таҳлилчилари маълумотлари асосида август ойида сотилган смартфонлар сонига кўра компаниялар рейтингини чиқарган эдик. Куни кеча эса Visual Captalist маркетинг тадқиқотлари агентлиги жорий йилнинг иккинчи чораги бўйича энг муваффақиятли смартфонсозлар рейтингини тақдим этган.

ЎҚИНГ: Энг оммабоп 10 смартфон (40-ҳафта)

Энди бўлса ComprarAcciones.com ҳам смартфон бозори ҳақида маълумотларни эълон қилди. Унга кўра, шу йилнинг иккинчи чораги дунё бўйича 294,7 миллионта телефон сотилган, бу эса ўтган йилнинг иккинчи кварталида (370,3 миллионта) сотилганидан 20,4 фоизга паст кўрсаткичдир.

ComprarAcciones.com, шунингдек, 2020 йилнинг биринчи ярмида дунёда энг кўп сотилган смартфонлар рейтингини ҳам берган. Унга кўра, Apple компаниясининг бултурги – iPhone 11 модели экан. Ярим йилда мазкур айфон 37,7 миллион донадан ортиқ сотилган. Унинг ютуғи бошқа смартфонлар кўрсаткичлари билан солиштирганда янада яққолроқ кўринади: иккинчи ўриндаги Galaxy A51 модели ундан деярли уч ярим бараварлик фарқ билан ортда қолган! Samsung корпорацияси йилнинг илк ярмида ушбу ҳамёнбоп смартфонидан 11,4 миллионта сота олган.

Кўриб турганингиздек, учинчи ва тўртинчи ўринларни Xiaomi компанияси вакиллари эгаллаган: Redmi Note 8 смартфони 11 миллионта, Redmi Note 8 Pro эса 10,2 миллионта сотилган.

Жаҳондаги энг кўп сотилган смартфонлар ўнталигига яна тегишлича iPhone SE 2020, iPhone XR, iPhone 11 Pro Max, Redmi 8A, Redmi 8 ҳамда iPhone 11 Pro смартфонлари кирган. Яъни, рейтинг шоҳсупасини ва нақ ярмини Apple вакиллари банд этган бўлса, фақат иккинчи ўринда жанубий кореяликлар смартфони турибди, қолган тўртта ўринни Redmi бренди эгаллаган.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз: Omdia таҳлил компанияси аввалроқ чиқарган, йилнинг биринчи ярмида энг кўп сотилган смартфонлар рейтингида ҳам iPhone 11 етакчи эди. Купертиноликлар бу айфонларнинг давомчиси – iPhone 12 туркумининг тақдимоти кунини ҳам аллақачон айтишган.

ЎҚИНГ: Хитойлик бу камерофон DxOMark рейтингида Galaxy S20 Ultra ва Xiaomi Mi 10 Pro’ни ҳам «ер тишлатди»!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.