Смартфон дисплейидагиларни компьютерга симсиз узатишнинг энг осон йўли

  •   DiMaX
  •  2554
  •  05.01.2019 14:52

Смартфон дисплейидагиларни компьютерга симсиз узатишнинг энг осон йўли

Баъзида телефонингизга кўчириб ёки камера орқали тушириб олинган суратлар, видеоларни дўстларингизга ёки ишхонангиздагиларга кўрсатишга тўғри келиб қолади. Смартфоннинг кичкина экранидан кўпчилик бўлиб кўриш ноқулай, файлларни компьютерга кўчириш учун эса кабел йўқ – шунда нима қилиш мумкин?

ЎҚИНГ: Компьютерни Android-қурилма орқали интернетга улаймиз

Шу каби ҳолатларда қўлланадиган яхши ва осон усул бор, бу – Screen Cast иловасини қўллашдир. Android-смартфон дисплейидаги контентни компьютер (ноутбук) экранига узатиш учун, аввало, бу иккала қурилма ҳам битта Wi-Fi нуқтасига уланган бўлиши лозим.

Буёғига эса қуйидаги қадамларни амалга оширасиз:

  1. Смартфонга мана бу ҳавола орқали Screen Cast иловасини юклаб оласиз. Google Play Market’да унинг турли версиялари бор, орасидан ўзингизга ёққан бирортасини ўрнатиб олаверасиз.
  2. Screen Cast дастурини очиб, ундаги Start тугмачасини босасиз.
  3. Смартфоннинг экрани ва компьютер ўзаро алоқага киришиши учун, Screen Cast дастури медиафайлларингизни кўришига рухсат (доступ) берасиз.
  4. Телефон дисплейига ҳавола (IP-манзил) чиқади, унга эътибор қаратинг – кейинги қадамда керак бўлади.
  5. Айни шу Wi-Fi нуқтасига уланган компьютер ёки ноутбукингизда исталган браузерни очасиз. Смартфонингиз дисплейига боя Screen Cast иловаси чиқарган IP-манзилни компьютердаги браузернинг манзил қаторига киритиб, Enter тугмасини босасиз.

Бўлди, тайёр! Энди смартфонингиздаги фото ёки видеоларни компьютер экранида қулай томоша қилиш мумкин.

ЎҚИНГ: Компьютердаги файлларни смартфонга Portal орқали кўчирамиз – кабелнинг умуман кераги йўқ! (+видео)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!