Смартфонда нечта ва қандай датчиклар бўлади?

  •   DiMaX
  •  3451
  •  12.04.2017 18:18

Смартфонда нечта ва қандай датчиклар бўлади?

Ҳаётимизга тобора чуқур кириб келаётган смартфонлар ташқи оламдан маълумот олувчи бир қанча датчикларга эга. Келинг, уларни санаб ўтамиз.

Энг кўп ишлатилувчи датчиклардан бири – акселерометр. У телефоннинг ҳаракатланиши тезлигини аниқлайди. Қурилмани исталган томонга ҳаракатлантирсангиз, бу датчик шкаласи қийшиқ чизиқларни акс эттиради; тўхтатсангиз – ўзига келади. Шу датчикнинг ўзи девайснинг макондаги учта ўққа (шимол-жануб, ғарб-шарқ, юқори-паст) нисбатан мўлжалини аниқлаш учун ҳам қўлланади. Иловалар эса мазкур датчик аниқлаган маълумотлардан телефоннинг қай ҳолатда – экрани тепага ёки ён томонга қараб турганини, тикка ёки ёнбош ушланганини аниқлаш учун фойдаланади.

Гироскоп ҳам смартфоннинг макондаги жойлашув ҳолатини аниқлайдиган датчик, аммо у катта аниқлик билан ўлчайди. Бу сенсор туфайли камеранинг Android Photo Sphere функцияси телефоннинг қайси томонга ва қандай бурчак остида эгилганини аниқлайди. Шунингдек, Sky Map Google ҳам бу датчик маълумотларидан фойдаланади.

Кўпчилик гаджетларда мавжуд бўлган яна бир датчик – магнитометр ҳисобланади. Номидан маълумки, у магнит майдонларини аниқлашга хизмат қилади. Магнитометр – сайёранинг шимолий қутбини кўрсатиш учун компас қўллайдиган датчиклардан бири. Металлни аниқлаш учун ишлаб чиқилган иловалар ҳам ушбу датчик хизматидан фойдаланади.

Яқинлашув датчиги эса инфрақизил ёруғлик-диоди ҳамда ИҚ-детектордан иборат. Унинг телефондаги суҳбатда овоз чиқариш тирқиши ёнида жойлашгани ҳам бежиз эмас. Қачонки смартфонни қулоғингизга яқинлаштирсангиз, тизим сизнинг гаплашмоқчи эканингизни шу датчик орқали аниқлайди ва экран ёруғлигини ўчириб туради. Мазкур датчик сенсори инсон кўзига кўринмайдиган инфрақизил нурларига асосланган: у чиқарган нур рўпарасидаги объектга урилиб қайтганида ИҚ-детектор буни аниқлайди.

Ёруғлик датчиги телефоннинг атрофидаги муҳит қанчалик ёруғ эканлигини аниқлайди. Тизимдаги дастурий таъминот эса бу маълумотлардан дисплей ёрқинлигини автоматик созлаш учун фойдаланади. Яъни, атроф қанчалик ёруғ бўлса, экран ҳам шунча кучли ёритилади, қоронғида эса дисплей нури ҳам камайтирилади.

Юқори тоифадаги смартфонларда яна барометр – атмосфера босими датчиги ҳам бўлади. Унинг ёрдамида олинган маълумотлар сизнинг денгиз сатҳидан қанчалик юқорида жойлашганингизни аниқлаш учун қўлланади, бу эса GPS маълумотларининг янада аниқлигига олиб келади.

Samsung Galaxy S4 янги чиққан пайтлари унда атрофдаги ҳароратни ўлчайдиган термометр мавжудлиги айтилганди. Умуман олганда, исталган смартфонда термометр бор, айримларида ҳатто биттадан ортиқ ҳам. Фарқи шундаки, кўпинча улар қурилманинг ичкарисидаги ҳамда батареядаги ҳароратни назорат этиб туриш учун қўлланади. Агар ичкарида исиш кузатилса, шикастланишнинг олдини олиш учун тизим ўз-ўзидан ўчиб қолади.

Galaxy S4’га келсак, унда биринчи бўлиб смартфондаги ҳаво намлиги датчиги қўлланган. У тақдим этган кўрсаткичлар эса S Health иловаси томонидан қўлланиб, фойдаланувчининг мақбул шароитда – меъёрдаги ҳарорат ва намлик муҳитида эканлигини аниқлашга хизмат қилган.

Гап айланиб саломатлик ва фитнесга келган экан, қадам ўлчовчи датчик (шагомер) ҳақида ҳам тўхталиб ўтамиз. У фойдаланувчи ташлаган қадамларни санаб боради. Бунақа маълумотлар одатда қурилмадаги акселерометр ёрдамида ҳам олинади, лекин махсус шагомер анча аниқ ва самарали ишлайди. Масалан, Google Nexus 5 ҳақиқий қадам ўлчагич ўрнатилган кам сонли телефонлар қаторига киради.

Саломатлик билан боғлиқ яна бир датчик эса юрак ритми монитори ҳисобланади. Пайқаган бўлсангиз керак, у пульсни ўлчаш учун ишлаб чиқилган ва бармоқдаги майда қон томирларининг уришини текшириш асосида ишлайди.

Бармоқ ҳақида гап кетганида, ҳозирда кўпчилик смартфонларга ўрнатилаётган яна бир датчик – бармоқ изи сканери ҳам тилга олиниши табиий. Улар қурилма экранини блокдан чиқариш учун қўлланадиган қўшимча ҳимоя воситасидир.

Телефонга ўрнатилиши мумкинлигини сиз билан биз хаёлимизга ҳам келтирмаган яна бир датчик бор – зарарли нурланишлар датчиги. Sharp Pantone 5 смартфонида шунақа датчик ўрнатилган ва бу модель фақат Япония учун махсус ишлаб чиқарилган. Қурилманинг махсус тугмачаси орқали чақириладиган илова атрофдаги нурланиш даражасини аниқлаб беради.

Микрофон ва камераларни ҳам қўшсак, рўйхатимиздаги датчиклар сони нақ 14 тага етар экан! Булар – смартфонлар етарлича маълумот тўплаши учун хизмат қилувчи воситалардир. Йил сайин қурилмалар тобора турли янги функция ва жиҳозлар билан бойитилиб бораётганини ҳисобга олсак, мазкур рўйхат яна ўсиб боришини тушуниш қийин эмас.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!