Смартфондаги энг мураккаб қисмлар

Смартфондаги энг мураккаб қисмлар

Смарфон анчагина ихчам шаклда бўлишига қарамасдан, жуда мураккаб механизмлардан таркиб топади. Смартфондаги асосий қисмлар юксак аниқликда (10 нм) ва бағоят тоза шароитда тайёрланади. Қуйида смартфондаги энг мураккаб деталлар келтирилган.

Процессор. Смартфондаги энг мураккаб компонент, миллионлаб транзисторларн ўз ичига олади. Мисол учун, Qualcomm Snapdragon 830 чипсети 10нм технологиясида яратилган бўлиб, 3,3 миллиард транзистордан иборат. Энг қизиғи, процессорнинг умумий ўлчами 4 сантиметр квадратдан ошмайди. Смартфонлар учун ишлатиладиган процессорлар Samsung, Apple, Huawei, Qualcomm, Spreadtrum, Mediatek каби йирик технологик гигантлар томонидан ишлаб чиқарилади.

График адаптер. Кўринишидан процессорга ўхшайди, бироқ у графика ва визуализация билан боғлиқ жараёнларни қайта ишлаш вазифасини бажаради. График адаптер ҳам бағоятда юксак аниқликда тайёрланади. Мазкур чип жуда катта ҳажмдаги оқимли маълумотларни узатишга хизмат қилади. График адаптер қанчалик кучли техник парамертларга эга бўлса, смартфондаги тасвир ва видео ҳам шунчалик сифатли акс эттирилади.

Дисплей. Албатта, техник параметрларнинг миқдори билан дисплейни процессор билан солиштириш нотўғри. Бироқ дисплейни ишлаб чиқариш ҳам оддий жараён ҳисобланмайди. Сабаби ҳозирги кундаги аксар смартфонлар дисплейда жуда кўп пикселлар бўлишини талаб этади. Бунинг устига, аниқлик қанчалик юқори бўлмасин, экран ҳажми белгиланган форматда сақланиши лозим. Айни вақтда баъзи смартфон ишлаб чиқарувчилари QHD аниқлигидаги дисплейлардан фойдаланмоқда. Аммо HD ва FHD форматлари ҳозирча энг кенг тарқалган аниқлик бўлиб қолмоқда. Смартфон дисплейлари учун энг самарали ҳисобланган матрицалар айни вақтда Samsung (Super AMOLED) томонидан тайёрланади. Смартфон дисплейлари орасида TFT, LCD, Retina, IPS каби матрицалар анча кенг тарқалган. Тасвир намойишининг сифати матрицанинг илғорлиги ва дисплей аниқлигининг юқорилигига чамбарчам боғлиқ.

Динамик. Ҳайрон бўлманг. Ҳа, динамик унчалик мураккаб компонент бўлмаслиги мумкин. Бироқ бугунги кунда истеъмолчиларнинг талабларига жавоб бериш мақсадида смартфон ишлаб чиқарувчилари нафақат наушникларга, балки динамикларга ҳам Hi-Fi сифатидаги аудиони қўллашга уринмоқдалар. Қимматбаҳо материаллардан фойдаланиб товушнинг сифати ошириш, баслар тозалигини таъминлаш, овознинг баландлигини ошириш, албатта, қийин эмас. Аммо барча муаммо кичик смартфонга шунча мосламаларни жойлаштиришда.

Камера. Ҳақиқатан ҳам, смартфонларга ўрнатилган камералар такомиллашиб бориб, мана эндиликда фотоаппаратлар бозорини касодга учратди. Сўнгги вақтда смартфон камераларида ҳатто иккитали пиксель, HDR, OIS каби технологиялар қўлланмоқда. Қўш камерали смартфонлар ишлаб чиқарилмоқда. Албатта, бунда камеранинг сурат ва видеога олиш сифати барчани лол қолдирмоқда. Ҳозирда смартфон камераси орқали 4К форматидаги видеоларни ҳам ёзиш мумкинлиги ҳеч кимга сир эмас.

Модем. Ушбу компонент телефоннинг уяли тармоққа уланиши ва ундаги амалиётига жавоб беради. Модем ҳам жуда мураккаб компонент бўлиб, уни жаҳонда саноқли компанияларгина ишлаб чиқаради. Мутахассисларнинг фикрича, Qualcomm компаниясига қарашли модемлар жаҳон бозоридаги энг сифатли модем тури саналади. Модем орқали смартфон GSM ва СDMA тармоғида стандартларга боғланади ва ишлайди. Агар телефон маълум уяли тармоқларда кутилганидек ишламаса, бу ундаги модемнинг тўғри созланмаганидан далолат беради.