Смартфонга вирусни ишлаб чиқарувчи нега жойлаштиради?

Смартфонга вирусни ишлаб чиқарувчи нега жойлаштиради?

Ахборот хавфсизлиги ва вирусларга қарши ечим ва тизимлар ишлаб чиқарувчи “Доктор Веб” муассасаси мутахассисларининг эълон қилишларича, аксарият таниқли смартфон ишлаб чиқарувчилари вирусларни смартфонларга ўзлари жойлаштириб қўядилар. Бу тўғрида компаниянинг бош директори Борис Шаров ҳам расман эълон қилди.

Антивирус дастурлари ҳамда шу йўналишда даврий тадқиқотлари билан танилган “Доктор Веб” компанияси бу хулосага ўтказилган сўнгги тадқиқотдан кейин келган. Изланишлар давомида кўплаб янги смартфонлар ўрганилган. Натижада, 40 дан ошиқ смартфон моделларида зарарли файллар аниқланган.

“Смартфон фойдаланувчилари бизга бизнинг антивирус дастуримиз уларнинг смартфонларидаги зарарли файлни аниқлаганини ёзадилар. Биз бу борада махсус ўрганиш ва таҳлилларни ўтказиб шунга амин бўлдикки, бу вируслар смартфоннинг тизимида аввалбошданоқ бўлган. Ваҳоланки, бу қисмга фойдаланиш чоғида вируснинг тушиши мумкин эмас. Яъни, смартфон заводда ишлаб чиқарилаётганида бундай зарарли файллар тизимга жойлаштирилган бўлади”, — дейди Шаров.

Энг қизиқ томони, бундай муаммо ҳозирча хитойлик смартфон ишлаб чиқарувчиларининг Android смартфонларида кузатилмоқда.Улар орасида Leagoo, Zopo Speed 7 Plus, UHANS A101, Doogee, Umi London, Tesla SP6.2, Haier T51 ҳамда Cherry Mobile Flare каби моделлар бор. Бу смартфон моделлари бугун жаҳон гаджетлар бозорида ҳам тез оммалашмоқда.

Тўғри, бу хабар ишлаб чиқарувчиларнинг нуфузига салбий таъсир кўрсатади, бироқ фойдаланувчиларнинг хавфсизлиги ҳаммасидан муҳим. Бундай муаммолар бошқа смартфон брендларида ҳам учраши мумкин.

Шаровнинг маълум қилишича, смартфонларда аниқланаётган бундай вируслар кўп нарсага қодир: смартфонга дастурларни ўрнатиш, маълумотларни ўғирлаш ҳамда эгаларига етказиш.

Шу кунларда АҚШ ҳукумати ҳам Хитойнинг айрим смартфон брендларини олиб киришни тақиқлаш бўйича чоралар кўриш режасида юрибди. Боиси, ҳукумат вакилларининг сўзларига кўра, айрим смартфон брендлари Хитой ҳукуматига ишлайди ва электроника воситалари ёрдамида жосусликни амалга оширадилар, зарур ахборотларни ўғирлайдилар. 

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!