Смартфонингиз таъқибидан қутулишни биласизми?

  •   DiMaX
  •  3547
  •  10.05.2017 14:04

Смартфонингиз таъқибидан қутулишни биласизми?

Замонавий смартфонлар ўз эгаларининг қаерларда бўлишини билишади ва бу ҳақдаги маълумотларни сақлаб қўйишади. Ҳа, ҳатто шу қўлингиздаги телефонингиз ҳам сизни таъқиб этади. Биз эса қуйида мана шу таъқибдан қутулиш йўлларини кўриб чиқамиз.

Ким рухсат берган уларга!?

Балки сиз ўйлаб ҳам кўрмагандирсиз, аммо, агарда смартфонингизда GPS-модул мавжуд бўлиб, сиз ундаги геолокация созламаларини ўзгартирмаган бўлсангиз, у ҳолда гаджетингиз сиз борган жойларни эслаб қолади ва бу маълумотларни махсус журналда қайд этиб боради. Қўлингиздаги «дўст»ингиз iPhone бўладими ё исталган моделдаги Android-смартфонми – фарқи йўқ, у сизни мудом кузатиб юради.

Бунга эса ўзингиз рухсат бергансиз. Ҳа, ишонаверинг – фойдаланувчи битимига розилик бергансиз-ку, тўғрими? Ўшанда уни ўқиб ҳам кўрмаганингизни эслайсизми?

Apple ва Google буни шундай изоҳлашади: бунда тўпланган маълумот ўзларининг сервислари билан ишлашда самарали натижалар бўлишини таъминлаш учун зарур. Масалан, iOS’да жойлашув ҳақидаги маълумотлардан об-ҳаво маълумотларини беришда, хариталардаги йўналишларни аниқлашда ва фотосуратлардаги геотегларни қўллашда фойдаланилади. Android’да эса жойлашувлар тарихи Google’га энг мақбул йўналишларни таклиф этиш ҳамда қидирувда янада аниқроқ натижаларни бериш учун ёрдам беради.

Жойлашувлар тарихини қандай кўрамиз?

Ўзингиз борган жойлар тарихини мобил қурилмангиз қандай қайд этиб борган – кўришни истайсизми?

Бунинг учун, агарда iOS тизимли гаджетдан фойдаланаётган бўлсангиз, унинг созламаларидаги мана бу манзилга киришингиз керак: «Настройки» → «Конфиденциальность» → «Службы геолокации» → «Системные службы» → «Часто посещаемые места». Шу ердаги жойлашувлар тарихида, яъни «История» бўлимида сиз ўзингиз тез-тез бориб турадиган жойларни кўришингиз мумкин. Ундаги ҳар бир ёзувни очиш ва ўша ўзингиз борган жой координатларини харитада кўриш имкони ҳам мавжуд.

Android тизимли девайсларда ҳам бундай статистика юритилади. Уни қуйидаги манзилда кўрасиз: «Местоположение» → «История местоположений».

Булардан ташқари, сиз исталган бир қурилмада Google сервисларидан фойдаланаётган бўлсангиз, сизнинг охирги борган жойларингиз Google Maps’нинг веб-версиясида акс этади. Унда анчайин батафсил маълумот тўпланган бўлади: жойлар харитада нуқталар тарзида кўрсатилган бўлади, яна саналар бўйича саралаш имкони ҳам бор. Агарда тегишли функция ёқиқ бўлса, қайси куни қаерга борганингизни кузатишингиз ҳам мумкин.

Бу маълумотларни йўқотиш ва таъқибни тўхтатиш мумкин

Мазкур компаниялар сизнинг ушбу шахсий маълумотларингиздан аноним асосда фойдаланишларини таъкидлашади. Лекин, агарда сизга бу ёқмаса, бунга чек қўйишингиз мумкин. Буни амалга ошириш ҳам айтарли қийин эмас, фақат таъқибни чеклаш усули девайсингиздаги операцион тизимга боғлиқ.

iOS тизимли девайсларда тизим хизматларининг «Часто посещаемые места», яъни «Тез-тез бориб туриладиган жойлар» бўлимида худди шу номдаги тумблерни ўчириб қўйишингиз лозим. Ўша ернинг ўзида яна, жойлашувлар тарихини тозалаш учун «Очистить историю» тугмачаси ҳам бор. Шуни боссангиз, сизнинг қаерларга борганлигингиз ҳақидаги смартфонингиз тўплаган барча маълумотлар ўчириб юборилади.

Android тизимли қурилмаларда эса мазкур тумблер геолокация созламаларининг «История местоположений» бўлимида жойлашган. Борган жойларингиз ҳақидаги маълумотларни ўчириш учун эса, «Удалить историю местоположений» тугмачасини босишингиз ва бу қарорингизни тасдиқлашингиз зарур.

Шу ҳаракатларни амалга оширганингиздан сўнг смартфонингиз сизнинг қаерларга борганингизни таъқиб этмай қўяди ва борган жойларингизни сақлаб қўймайди.

Дарвоқе, смартфонингизнинг таъқибидан ташқари, яна Google таъқибидан қутулиш, Facebook кузатувини чеклаш ҳамда Windows 10 кузатишларига чек қўйиш йўлларини ҳам ўрганиб қўйсангиз, зарар қилмайди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!