Смартфонлар 10 йилда қанчалик ўзгарди?

  •   DiMaX
  •  1343
  •  05.05.2017 15:35

Смартфонлар 10 йилда қанчалик ўзгарди?

Бизнинг кўзимиз ўрганиб қолган – ҳозирги кўринишдаги смартфонларнинг пайдо бўлганига 10 йил тўляпти. 2007 йилдан бери қанча сувлар оқиб ўтди, технологиялар анча илгарилади. Жумладан, смартфонлар ривожи ҳам мисли кўрилмаган даражага етди. Айтиш мумкинки, ўша пайтдаги илғор флагманлар – бугунги илғор смартфонлар олдида калькулятордек гап.

Хуллас, бугун смартфонларнинг қайси жиҳатлари қанчалик ўзгарганини бир кўриб чиқамиз. Энг қизиғи – шу ўн йил мобайнида улардаги муҳим бир параметр УМУМАН ўзгармаган! Қайси кўрсаткичи ўзгармаганига сиз ҳам қизиқяпсизми? Шошманг, бир чеккадан бошлаймиз…

Процессор: самарадорлик 50 бараварга ошди

ARM-архитектура стандартлари бўйича ишлаб чиқилган процессорлар гўёки айнан уяли телефонлар учун яратилгандек. Аммо аслида бу технологиянинг илдизи ўтган асрнинг 80-йилларига бориб тақалади. Ҳозирги смартфонлар эса у даврларда ҳали салкам илмий фантастика эди.

2007 йили смартфонлар чиқиши арафасида ARM-архитектура стандартидаги процессор технологияси яхшилаб қайта ишланди, бунга смартфонларнинг биринчилари – чўнтак шахсий компьютерлари бозори ҳам туртки берганди. Илк смартфон – iPhone 2G моделида Samsung S3C6400 ARM11 процессори ўрнатилган эди. Энергия харжини камайтириш мақсадида уни 620 МГц эмас, балки 412 МГц частотада ишлайдиган қилишганди.

ARM 11-авлод процессорлари ҳар бир мегагерцга битта DMIPS’дан камроқ самарадорликка эга эди. Cortex-A72 ядролари эса 6,35 DMIPS/МГц кўрсаткичга эга. Қўполроқ қилиб солиштирганда, замонавий саккиз ядроли процессор ўн йил аввалги аждодига нисбатан 50–60 карра юқори самарадорликка эга.

Тезкор хотира: 8 карра тезкорроқ, уч карра тежамкорроқ

Мобил қурилмалар учун махсус Low Power DDR (LPDDR) стандарти ишлаб чиқилган, биринчи навбатда у компьютерлар тезкор хотиралари модулларига нисбатан кам энергия талаб этиши билан ажралиб туради. Тараққиётнинг асосий йўналиши – маълумот алмашиш тезлигининг ошиши ва энергия сарфининг камайишидир.

2007 йили биринчи авлод LPDDR хотиралари 400 МТ/с (сониясига миллионта транзакция) кўрсаткичини намоён этган. Бугунги LPDDR4 эса 3200 МТ/с саккиз марта катта кўрсаткичга эга. Мобил «оперативка»нинг энергия сарфи қанчалик камайганини эса қуйидаги сурат акс эттиради:

Ички (доимий) хотира ҳажмининг катта бўлиши – аксарият фойдаланувчиларнинг муҳим талабларидан биридир, айниқса, microSD учун жой ажратилмаган қурилмаларда. Бугунги илғор гаджетлар 256 ГБгача доимий хотирага эга; дастлабки смартфонларда у 4 гигабайтга тенг бўлганини ҳисобга олсак, ўсиш 64 карра эканига гувоҳ бўламиз.

Мобил интернет: сониясига 384 Кбитдан 100 Мбитгача

Қанчалик ғалати туюлмасин, ҳаво орқали маълумотлар узатиш технологиясининг ривожланиши ҳам худди ўша хусусиятларга боғлиқ: улар имкон қадар кам энергия сарфлаган ҳолда иложи борича юқори тезликда маълумот узата билишлари керак.

Бугун амалда бўлган (ва токи 5G жорий этилгунига қадар кечадиган бир неча йилда ҳам фойдаланиладиган) уяли алоқа технологиялари смартфон ишлаб чиқарувчилар томонидан 2012 йилгача ўзлаштириб бўлинган. Айни ўша йилдан бошлаб барча йирик ишлаб чиқарувчилар LTE технологиясини қўллаб-қувватловчи қурилмаларини таклиф этганлар. Мазкур технология бугунги кунда ҳам кўп оқимли видео ижросини таъминлаб берадиган даражадаги тезликка эга: ўртача 10 Мбит/с, LTE-A тармоғида – энг юқори чўққида эса 100 Мбит/с.

Илк смартфонлар (биринчи iPhone ҳам) интернетга EDGE технологияси бўйича 384 Кбит/с (48 КБ/с)гача бўлган тезликда кирганлигига бугун ишониш қийин; 3G технологияси (2 Мбит/с.гача) эса умуман катта бурилиш ҳисобланган.

Смартфонсозликда «бошланғич» Wi-Fi стандарти – IEEE 802.11g ҳисобланади: у 2,4 ГГц сигнал частотасини қўллаб-қувватлайди ва 54 Мбит/с.гача тезликни таъминлаб беради. 2009 йили Wi-Fi’нинг n стандарти сертификатланди; унда 600 Мбит/с.гача тезликда маълумот узатилади ва у 5 ГГц.га тенг иккинчи частотани қўллаб-қувватлайди. 2014 йилнинг январида бўлса Wi-Fi’нинг янги – 802.11ас стандарти тасдиқланди, ҳозирги кунда барча етакчи ишлаб чиқарувчиларнинг флагманлари уни қўллаб-қувватлайди. Унинг назарий тезлиги ишонарсиз даражада катта – 6,77 Гбит/с!

Дисплей: батафсилроқ ва ёрқинроқ

Замонавий флагманларнинг экранлари WHD+, яъни 2960×1440 нуқтали (600 ppi) сиғимга эга (Sony XZ Premium моделидаги 3840×2160 нуқтали 804 ppi сиғимини ҳозирча тажрибавий қадам, деб ҳисоблаймиз). Илк смартфонларнинг дисплейларининг сиғимдорлиги ҳатто 200 ppi’га ҳам етмаган, диагонали эса салкам икки бараварга кичкина бўлган. Бироқ экран ўлчамлари ва пикселлар зичлиги бўйича пойга – танганинг бир томони, холос.

Танганинг иккинчи томонида эса қимматбаҳо энергиянинг сақланиши, ранглар узатилишининг жонлилиги ва аниқлиги (жумладан, бурчакдан қараганда ҳам) туради. Айнан мана шу параметрлар дисплейларнинг турли технологиялари ривожланишида асосий кўрсаткич ҳисобланади. Улардан бугунги кунда энг кенг тарқалганлари – турли модификациялардаги IPS ва AMOLED технологиялари саналади. Йилдан-йилга технологиялар ривожланиб бормоқда, оддий фойдаланувчи шунчаки кўзи билан қараб, турли матрицалардаги тасвирларни ажратиши ҳам қийинлашиб бораётир.

Чапда – IPS, ўнгда – AMOLED

Аккумулятор: 10 йилда шугина ўзгариш!?

Эътибор берган бўлсангиз, юқорида санаб ўтилган қисмлардан ҳар бирида муҳим бир параметр таъкидлаб ўтилган – энергия сарфи масаласи! Ишлаб чиқарувчилар йил сайин турли модулларнинг энергия харжлашини имкон қадар қисқартириб келишмоқда. Бу орада Android-смартфонлар аккумуляторларининг номинал сиғими ўртача икки бараварга ошди. Масалан, оммавий HTC Hero модели 1340 мА/соат сиғимли аккумулятор билан жиҳозланган бўлса, ҳозирда батареянинг «одатий» сиғими 3000 мА/соатга тенг, дейиш мумкин.

Қизиғи, Apple оламида вазият умуман ўзгача: iPhone 7 аккумулятори сиғимдорлиги (1960 мА/соат) шу линейкадаги илк смартфондагига (1400 мА/соат) нисбатан атиги 560 мА/соатга катта! Аммо батареянинг тўлдирилиши вақти қисқарди ҳамда симсиз қувватлаш технологияси йўлга қўйилди.

Бу йиллар давомида ўзгармаган ягона жиҳат – смартфоннинг батареядан реал ишлаш вақти. «Ўртача» ақлли телефон 10 йил аввал ҳам қувватлашсиз бир сутка ишлаб бера олар эди, ҳозир ҳам аҳвол шунақа! Тўғри, батареяси бақувват смартфонлар ҳам бор, аммо улар алоҳида масала.

Тушунамиз – энергиянинг асосий истеъмолчиси бўлган экранлар катталашган, ёрқинлашган. Яна мобил контент – видеолар, расмлар, ўйинлар «оғирлашган». Бироқ ўн йилда ҳам бу кўрсаткичнинг айтарли ўзгармагани кишини шубҳага солади. Балки, ишлаб чиқарувчилар атайин бизни зарурат минимуми даражасида ушлаб туришгандир: батарея қуввати кечгача етиши лозим. Кечқурун барибир уйга қайтамиз ва смартфонни қувватлашга қўямиз. Шундоқ ҳам сиғими кам бўлган аккумулятор эса, кўп сонли қувватлашлар сабабли тезроқ эскиради. Бу эса биратўла смартфонни янгилаш учун бир баҳона бўлади. Натижада ишлаб чиқарувчилар бизга яна янги қурилмаларини сотишади…

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.