Смартфонлар энди синмайдиган бўлади! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1420
  •  24.07.2020 10:01

Смартфонлар энди синмайдиган бўлади! (+видео)

Corning компанияси ўзининг янги авлод тобланган шишасини намойиш қилди. Лекин у кўпчилик кутаётганидек Gorilla Glass 7 эмас, балки Gorilla Glass Victus номи билан бозорга чиқариляпти.

ЎҚИНГ: Атиги 130 долларга батареяси нақ 8000 мА/соатлик, «ўлдириб бўлмас» смартфон чиқди! (+видео)

Янги маҳсулот ушбу туркумнинг энг мустаҳкам вакили бўлди; ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, мазкур шиша нафақат зарбага, балки тирнашга ҳам чидамли. Айтиш керакки, Gorilla Glass 3 авлодидан буён компания тирналишга қарши ҳимояга унча аҳамият бермай келаётган эди.

Corning компанияси ишонтиришича, янги авлод ҳимоя шишаси мустаҳкамлик бобида Gorilla Glass 6 моделидан икки карра, рақобатчидан эса тўрт карра устун! Victus шишаси смартфоннинг 2 метрлик баландликдан тушиб кетганида ҳам экрани синмаслигини таъминлаши керак. Таққослаш учун: расман бу кўрсаткич Gorilla Glass 6 учун 1,6 метрни, Gorilla Glass 5 учун эса 1,2 метрни ташкил этади.

Шу билан бирга, Corning вакиллари тушиб кетиш ҳар хил бўлишини яхши англашади (масалан, бирор қаттиқ жисм бурчагига экран битта нуқтаси билан урилиши мумкин). Шу боисдан янги шишанинг мустаҳкамлиги борасида юз фоизлик кафолат беришмаяпти. Компания вице-президенти ва Gorilla Glass етакчи тадқиқотчиси Жеймин Амин (Jaymin Amin) тан олишича, чўнтакда смартфон билан бирга калит, танга ёки бошқа металл буюм бўлса, Victus тирналмаслиги имконсиз. Лекин барибир тирналиш эҳтимоли кучли пасайган.

ЎҚИНГ: LG атиги 150 долларга учталик камерали, «ўлдириб бўлмас» смартфон чиқарди! (+«жонли» видео)

Қуйида янги авлод ҳимоя шишасининг расмий видеосини томоша қиламиз:

Samsung компаниясининг Galaxy Note 20 фаблетларида Gorilla Glass 7 ҳимояси бўлиши айтилаётган эди, демак, Gorilla Glass Victus илк бор шу смартфонларда қўлланади.

Corning расман тасдиқлашича, Gorilla Glass Victus ҳимоя шишаси қопланган илк смартфонни Samsung тақдим этади ва у «бир неча ой ичида» чиқади.

Galaxy Note 20 ҳамда Note 20 Ultra моделларининг август бошида намойиш этилиши, сотувга эса бу фаблетлар ой охирларида чиқарилишини ҳисобга олсак, юқоридаги тахмин ҳақиқатга яқин эканлигини кўрамиз.

Шунингдек, кейин бошқа смартфонсозлар ҳам Victus ҳимояли флагманларини тақдим этишади.

ЎҚИНГ: Samsung «ўлдириб бўлмас» Galaxy S20 тақдим этди, лекин уни ҳеч ким сотиб ололмайди! (+видео)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!