Смартфонларни UZIMEI тизимида ноқонуний рўйхатдан ўтказиб келган жиноий гуруҳ фош этилди!

  •   DiMaX
  •  903
  •  09.09.2020 22:20

Смартфонларни UZIMEI тизимида ноқонуний рўйхатдан ўтказиб келган жиноий гуруҳ фош этилди!

АКТ вазирлиги хориждан кирган фуқаролар номига, уларнинг ўзларига билдирмасдан мобил қурилмаларни IMEI-код бўйича рўйхатга олиш ҳолатлари юзасидан расмий баёнот берган эди. Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув ҳамкорлиги бошқармаси эса шундай муаммога дуч келган фуқаролар қаерга мурожаат этишлари кераклиги борасида баёнот берган.

ЎҚИНГ: IMEI нима ва унинг аҳамияти нимада?

 Сўнги вақтларда мобил қурилмаларни UZIMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар ижтимоий тармоқларда долзарб мавзуга айланди. Ушбу муаммоли масала юзасидан бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар қаторида Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳам бир қатор чоралар амалга оширилди, дейилади Қўмита баёнотида.

Хусусан, Давлат божхона қўмитасининг 11-08 қисқа рақамли ишонч телефони орқали мазкур масала юзасидан фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилиши йўлга қўйилди.

Шунингдек, қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш борасида олиб борилган тадбирлар натижасида рўйхатдан ўтмаган мобил қурилмаларни Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси орқали ҳаракатланган фуқароларнинг номларига ноқонуний йўллар билан рўйхатга қўйиш, шахсларга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиб, сақлаб, улардан ғаразли ниятларда фойдаланиб келаётган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди.

ЎҚИНГ: ДИҚҚАТ: Ўзбекистонда телефон сотиб олсангиз, IMEI-код учун сиз пул тўламайсиз!

Аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси фуқароси О.А. шериклари М.Б. ва Т.Р.лар билан тузган ўзаро жиноий режага кўра қўшни давлатларга ўтишиб, у ерда Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг паспорт маълумотларини телефон ёрдамида расмга тушириб, Telegram орқали юбориб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган мобил қурилмаларни UZIMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келишган.

Биргина фуқаро Б.М.нинг уяли алоқа воситаси кўздан кечирилганида, телефон хотирасида Ўзбекистон фуқароларининг 200 га яқин паспорт расмлари борлиги, у ушбу паспорт маълумотларни йиғиб, жиноий шериги О.А.га етказиб берганлиги учун ҳар бир паспортга 5 АҚШ долларидан ҳақ олганлиги маълум бўлди.

Мазкур холат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1412-моддасининг 2-қисми «а» ва «в» бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш лозимки, шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш ёки тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

ЎҚИНГ: АКТ вазирлиги: «Ўзбекистонликлар ҳали-вери «мобил қуллик»дан қутулмайди»

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!