Смартфонларнинг 10 йилгина «умри» қолди. Хўш, иннайкейин-чи?

  •   DiMaX
  •  3926
  •  21.04.2017 12:55

Смартфонларнинг 10 йилгина «умри» қолди. Хўш, иннайкейин-чи?

Смартфонлар бизнинг ҳаётимизга мисли кўрилмаган янгиликларни олиб кирди, ҳозир уларсиз бирор кунимизни тасаввур эта олмаймиз. Аммо, кузатувчиларнинг фикрича, яна ўн йиллардан кейин уларнинг кераги ҳам бўлмай қолади.

Пейжер қисмати

Худди пейжер ва факс аппарати сингари, смартфон ҳам яқин йилларда тарихга айланиб улгуради. Тўғри, бунгача ўн йилча вақт керак, аммо барибир смартфоннинг даври ўз якунига етади. Ҳозирнинг ўзидаёқ Элон (Илон) Маск, Microsoft, Facebook, Amazon ва кўплаб стартаплар шу томонга қадам қўйишган.

Айтиш керакки, смартфонлар йўқолгач, ҳақиқатан ҳам ғалати даврлар бошланади. Нафақат шахсий гаджетлар оламида, балки умуман технологияларда, балки ҳатто ўзимизда ҳам жиддий ўзгаришлар юз беради.

Мана, смартфонлардан кейинги дунёнинг умумий кўриниши, қисқача айтганда, қуйидагича бўлади…

Яқин йилларда

Ҳозирда iPhone ва шу каби миллиардлаб қурилмаларга кишилар худди қандайдир бир инқилобий ҳодисадек қарашади. Тўғриям-да, ахир, унинг биттагина ўзида ҳам телефон, ҳам навигатор, плеер, мини-компьютер ва ҳоказолар мужассам, яна чўнтакка сиғиб, ёнингизда юради. Бугунги кунда у ҳатто кишининг шахсий ёрдамчиси, хизматчисига ҳам айланган – керак бўлса, сиз учун такси чақиради ёки Siri ва бошқа интерфейслар орқали саволларингизга жавоб беради.

Аммо сиз унга бошқа томондан ҳам қараб кўринг-да. Мана, масалан, сиз ишлатадиган стол компьютерини олайлик: у тизим блоги + монитор + сичқонча + клавиатура, яна қўшимча (принтер, сканер…) жиҳозлардан иборат қурилмалар жамланмаси. Смартфон ҳам аслида мана шунинг ихчам модели, фақат унда клавиатура ўрнига дисплей сенсоридан фойдаланилади.

Масалан, яқиндагина тақдим этилган Samsung Galaxy S8’ни олайлик. Бу – «ниҳоясиз экранли» ва «юраги бақувват» қурилма. Лекин унда инқилобий жиҳатлардан кўра, янги шаклдаги эскиликлар кўпроқ. Бир нарсани тан олиш керак – янги Galaxy’нинг ўзида Bixby виртуал ёрдамчиси бўлиб, Samsung’нинг таъкидлашича, вақти келиб у телефонни ва ичидаги барча иловаларни фақат овозингиз билангина бошқариш имконини беради. Шунингдек, унга Facebook Oculus билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган виртуал борлиқ (виртуал реаллик) хэдсети ҳам қўшилган. Навбатдаги iPhone ҳам ундан қолишмайди – Apple ваъдасига кўра, у Siri ва бошқа сервисларини янгилаб, виртуал борлиқни шундоққина кафтингизга юбормоқчи.

Ҳозирча Amazon Echo, Sony PlayStation VR ва Apple Watch каби қурилмалардан сал тор қамровли бўлса-да, сезиларли муваффақият билан фойдаланилмоқда. Аммо турли компаниялар компьютер интерфейслари соҳасида янада кўпроқ тажрибавий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга зўр беришмоқда.

Узоқ келажакда

Келажакда бу турли-туман тажрибалар ва бета-технологиялар ўзаро бирлашиб, бизнинг ақлимиз ҳозирча қамраб ола билмайдиган даражадаги бир нарса юзага келади. Microsoft, Facebook, шунингдек Google ва Magic Leap ҳозир виртуал борлиқ гарнитуралари устида иш олиб боришаётир. Бу яратиладиган жиҳозлар батафсил 3D-тасвирларни тўғридан-тўғри инсоннинг кўзига юборадиган бўлади. Ҳатто Apple ҳам шунга ўхша бир нималар устида бош қотираётгани ҳақида гап-сўзлар юрибди.

Microsoft ходими Алекс Кипман яқинда Business Insider нашрига берган интервьюсида айтишича, виртуал борлиқ нафақат смартфонларни, балки ТВларни, умуман, экранли барча қурилмаларни биратўла сиқиб чиқариши мумкин. Ахир, қўнғироқлар, чатлар, кино ва ўйинларнинг барчасини бирйўла кўзнинг ўзида акс эттириш мумкин бўлса, уларнинг ҳар бирига биттадан қурилма олиб ўтиришнинг нима кераги бор?

Бу орада эса, Amazon Echo ёки AirPods сингари гаджетларнинг аҳамияти тобора ошиб бораётир. Ҳамонки Siri’дан Alexa’гача бўлган сунъий онг тизимлари ақллилашиб борар экан, бу каби технологияларни қўллаб-қувватловчи компьютерларга бўлган талаб ҳам ошаверади.

Аммо, бу каби ўзгаришлар технологияларнинг реал ҳаёт билан янада чамбарчас боғланиб кетишига олиб келади. Йирик компаниялар тасвирлаб бераётган келажакда гаджетлар бизни у қадар қаттиқ чалғитмайди ва реал ҳаёт учун вақтимиз кўпроқ қолади.

Телбавор келажак

Барибир, ўн йиллар кейинги келажак учун киритилаётган киритилаётган маблағлар ҳам тақиб юриладиган девайсларга асосланади – чўнтакдаги ясси қурилма бўлмаса ҳам кўзойнак сингари. Янаям телбавор келажак эса ундан яна ўн-йигирма йиллар ўтгач кириб келади.

Масалан, Элон (Илон) Маскнинг Neurolink’ини олайлик. Бу компания «нейрон тўрлар»дан фойдаланган ҳолда, бизнинг «биологик компьютер»имиз – миямиз орасида тўғридан-тўғри боғланиш яратиб, технологияларни мияга «қўшиб юбориш» устида ишламоқда. Бу ерда гап инсон ва технологияларнинг ўзаро уйғунликда яшаши эмас, балки уларнинг ўзаро қўшилиб кетиши хусусида кетаётир.

Агар бу амалга ошса (бунга кўпчиликнинг ишонгиси келади), бу худди ўша биз смартфонлар билан бошлаган йўлнинг мантиқий якуни бўлади. Смартфонлар бизга маълумот бераётган, виртуал борлиқ эса мазкур маълумотга кириб боришни тезлаштириб, осонлаштираётган бўлса, нейрон тўрлар орадаги тўсиқни буткул олиб ташлайди.

Маскка кўра, бунга бўлган талаб сунъий онгнинг тараққий этиши билан боғлиқ. Инсоният техникадан ортда қолмаслиги учун энди уни эмас, балки ўзини такомиллаштириши лозим.

Одам ва машина яхлит бўлиб бирлашиши ғояси бирмунча чўчитади ҳам. Фантастлар, футуристлар ва файласуфлар тўғри савол беришади: инсонни инсон қилиб турган нарса нима ўзи? Айни дамда, бунақа ғоялар шу қадар янгича, шунчалар ўзгачаки, келажакда дунё қанақа бўлишини ҳозирча тасаввур ҳам эта олмаймиз.

Қачонки смартфонлар ҳаётимиздан чиқиб кетса, бу – ҳақиқатан ҳам бир даврнинг якуни бўлади. Технологиялар ҳаётдаги пассив йўлдош бўлишни тўхтатиб, ҳар биримизнинг ажралмас қисмимизга айланиб кетади.

Тасаввур қила оласизми?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!