Смартфонни атиги 15 дақиқада тўлиқ зарядловчи Quick Charge 5 тақдим этилди

  •   DiMaX
  •  738
  •  28.07.2020 11:11

Смартфонни атиги 15 дақиқада тўлиқ зарядловчи Quick Charge 5 тақдим этилди

iQOO компанияси яқинда 120 ваттлик FlashCharge тезкор қувватлаш технологиясини намойиш этган эди. Qualcomm ҳам ўзининг янги авлод – Quick Charge 5 тезкор қувватлаш технологиясини тақдим қилди.

ЎҚИНГ: Смартфонлар энди синмайдиган бўлади! (+видео)

Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, у 2013 йилги Quick Charge 1 технологиясидан 10 карра тезкорроқ, 2017 йилги Quick Charge 4 авлодидан эса 70 карра самарадорроқ. Quick Charge 5 технологияси қўшалоқ аккумуляторларни, 20 вольтгача кучланишда ҳамда 100 ваттдан ортиқроқ қувватда зарядлай олади.

Натижада эса смартфонларнинг 4500 мА/соатлик аккумуляторини нолдан бошлаб 50 фоизгача тўлдириш учун атиги 5 дақиқа, тўлиқ қувватлаш учун эса 15 дақиқа вақт кифоя қилади.

ЎҚИНГ: Qualcomm арзон 5G-смартфонлар учун Wi-Fi 6’ни ҳам қўлловчи Snapdragon 690 чипини чиқарди

Quick Charge 5 технологияси 12 хил ҳимоя тизимини, шу жумладан қизиб кетишдан сақлаш ва ток кучланишининг кескин ўзгаришларидан муҳофазани ҳам ўз ичига олади. Шунингдек, унда қувватлаш жараёнида қизишни ҳам Quick Charge 4 технологиясига нисбатан 10 даражага пасайтиришга эришилган. Quick Charge 5 жамланмасидаги Smart Identification of Adapter Capabilities технологияси эса аккумулятор умрини узайтириш имконини беради.

Айтиш керакки, Quick Charge 5 технологиясига эга бўлган зарядлагичлар Quick Charge 2.0, 3.0, 4, 4+ стандартлари билан ҳам ишлай олади. Янги стандарт аллақачон Snapdragon 865 ҳамда Snapdragon 865+ процессорлари томонидан қўллаб-қувватланади.

Qualcomm’нинг расман эълон қилишича, Quick Charge 5 технологиясига эга смартфонни биринчи бўлиб Xiaomi компанияси, шу йилнинг учинчи чорагида намойиш этади.

ЎҚИНГ: Xiaomi ҳам Snapdragon 865 Plus чипли флагмани тақдимотини расман эълон қилди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!