Snapchat учар камера чиқарди

Snapchat учар камера чиқарди

Ўзининг Snapchat ижтимоий тармоғи билан танилган Snap компанияси баъзан ноодатий қурилмалар ҳам чиқариб туради. Бир неча йил олдин Spectacles номли ақлли кўзойнокларини чиқарган компания пайшанба куни яна бир ажойиб гаджетни тақдим қилди ва бу сафаргиси уча олади.

Ҳа, Snap ўзининг Pixy номли учар дронини тақдим қилди. Чўнтак ўлчамидаги бу эркин учадиган қурилмани бошқариш учун ҳеч қандай ортиқча контроллер мавжуд эмас, буни ўрнига унинг олти хил режим: ўчириш, кутиш, ҳавода муаллақ туриш, эркин қўйиш, эргаштириш ва орбита режимларидан бирини танлаш, кейин эса учириш учун ундаги Start тугмасини босиш керак. Учиришдан олдин уни кўз даражасидаги баландликда ушлаш керак ва шунда Pixy фойдаланувчи ҳаракатланаганида уни автоматик кузатиб боради. Қурилма остида яна бир қўшимча камера мавжуд бўлиб, у учиш-қўниш амалларини бажаришда катта рол ўйнайди, яъни фойдаланувчи қўлини дронга узатганида у тагидаги қўшимча камера билан очиқ турган кафтни топиб келиб, қўнади.

Сурат муаллифи: Snap

Учар камеранинг қанча вақт учиши каби созламаларини Snapchat иловасида тўғрилаш мумкин. Шунингдек, селфи дрон ёрдамида олинган сурат ёки видеолар симсиз тарзда Snapchat Memories билан синхронизацияланади ва кейин уларни илова ичида таҳрирласа бўлади.

Сурат муаллифи: Вжеран Павич / The Verge

Pixy 12MP сенсорли камерага эга ва у 100 тагача видео ва 1000 тагача расмлар олиши мумкин ва буларнинг бари қурилманинг 16GB ҳажмдаги хотирасида сақланади. Гаджет оғирлиги атиги 101 грамм бўлиб, унинг тўлиқ қувват билан 5-8 та парвозларни амалга ошириш имконини берувчи батареясини бошқаси билан алиштириб ишлатиш ёки қурилманинг ўзида USB-C порти орқали қувватлаш мумкин. 

Pixy Америка ва Франсия бозорлари учун $229.99 иккилик нархда сотувга чиқарилган. Шунингдек, фойдаланувчилар $20 эвазига қўшимча батарея ва 50 долларга бир вақтнинг ўзида икки батареяни қувватлаш имконини берувчи иккилик қувватловчини ҳам сотиб олишлари мумкин.

ЎҚИНГ: Huawei Mate Xs 2 букламафони тақдим этилди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!