Snapdragon 8150 флагман процессори AnTuTu’да мутлақ рекорд ўрнатди!

  •   DiMaX
  •  1141
  •  15.11.2018 14:29

Snapdragon 8150 флагман процессори AnTuTu’да мутлақ рекорд ўрнатди!

Qualcomm компанияси ўзининг навбатдаги – Snapdragon 8150 флагман чипини тайёрлаганидан хабарингиз бор. Ҳозирча расман тақдим этилмаган ушбу процессор самарадорлигини аввалроқ бенчмаркда текшириб ҳам кўришганди.

ЎҚИНГ: Geekbench’да кейинги авлод – Snapdragon 8150 флагман процессорини текшириб кўришди!

Ўшанда таъкидлаганимиздек, бу тестларда Snapdragon 8150 максимал такт частотасида ишлатиб кўрилганлиги номаълум. Бундан ташқари, мазкур синовда Snapdragon чипсетининг асосий афзаллиги – Adreno график процессори фаолияти ҳам акс этмаган.

Шундан сўнг мазкур процессор Geekbench сервисида яна бир бор тестдан ўтказилган. Бунда ушбу чип Android 9.0 операцион тизими бошқаруви остида, 6 гигабайтлик тезкор хотира билан ишловчи қурилма таркибида текширилган. Унда Snapdragon 8150 якка ядроли синовда 3 281 балл, кўп ядроли имтиҳонда эса 11 023 балл олиб, Qualcomm рекордини янгилаган:

Шунингдек, бу процессор самарадорлиги AnTuTu бенчмаркида ҳам синаб кўрилди ва кутилганидан ҳам ортиқ натижа кўрсатди. У аввалги рекордсмен – Huawei Kirin 980 чипини тор-мор қилди!

ЎҚИНГ: Huawei баёнот беради: унинг Kirin 980 чипи Apple A12 Bionic чипидан кучли

Айтиш керакки, AnTuTu’да синалган қурилма ҳали бирор моделдаги смартфон эмас, балки муҳандислик намунаси бўлиб, MSMNile деб номланган. Бундаги MSM қисми – Qualcomm чипларининг анъанавий белгиси, Nile эса – Snapdragon 8150 моделининг кодли номи бўлса керак.

AnTuTu’да қайд этилганидек, ушбу процессор бошқа якка кристалли тизимларнинг 99 фоизидан устун келган. Snapdragon 8150 ушбу синовда 362 000 балл билан мутлақ рекорд ўрнатган. Таққослаш учун айтиб ўтсак: мазкур бенчмаркда Kirin 980 ва Snapdragon 845 чиплари тегишлича 310 000 ҳамда 300 000 балл олган.

Дарвоқе, Qualcomm ҳали расман тақдим этмаган ушбу Snapdragon 8150 процессорли инқилобий смартфон аллақачон бозорга ҳам чиққан!

ЎҚИНГ: Илк буклама 5G-смартфон – FlexPai бугундан сотувга чиқди, лекин бу Samsung ҳам, Huawei ҳам эмас! (+«жонли» видеолар)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!