Snapdragon 855 Plus чипли илк смартфон Geekbench’да рақибларини яксон қилди! (+«жонли» расмлари ва нархи)

  •   DiMaX
  •  1877
  •  17.07.2019 16:16

Snapdragon 855 Plus чипли илк смартфон Geekbench’да рақибларини яксон қилди! (+«жонли» расмлари ва нархи)

Qualcomm компанияси куни кеча ўзининг янгиланган талқиндаги – Snapdragon 855 Plus русумли флагман процессори анонсини берган эди. Аллақачон унинг базасида флагман моделларини чиқарувчи смартфонсозлар ҳам маълум бўлган.

ЎҚИНГ: MediaTek аллақачон Snapdragon 855 Plus рақиби – Helio G90 флагманини тайёрламоқда!

Asus компаниясининг ўйинбоп ROG Phone 2 флагмани Snapdragon 855 Plus процессорли биринчи смартфон бўлиши ва унинг 23 июлда тақдим этилиши ҳам маълум. Кеча ушбу геймерофонни Geekbench сервисида текшириб кўришган ва натижалар ҳайратланарли!

Гувоҳи бўлаётганингиздек, бенчмаркда I0001DC кодли номи остида текширувдан ўтган Asus ROG Phone 2 якка ядроли синовда 3616 балл, барча ядроларини ишлатганида эса 11103 балл олган! Табиийки, бунда Snapdragon 855 Plus чипсетининг хизмати катта.

ЎҚИНГ: ТОП-10: «Сунъий онг»ли смартфонлар процессорлари рейтинги

Янги ўйинбоп смартфоннинг Geekbench’даги натижаларини рақобатчиларнинг флагманлари кўрсатган натижалар билан таққослаймиз. Мана, барча ядроларни қўллаган ҳолдаги текширувлар натижалари:

ROG Phone 2 кўп ядроли синовда Android тизимли барча рақибларини «ер тишлатгани»ни кўриб турибмиз. Фақатгина купертиноликларнинг iPhone XS Max флагмани ундан юқори балл олган, аммо турли операцион тизимлардаги смартфонларнинг самарадорлиги ҳар хил усулларда ҳисобланишини аввалроқ бенчмарк ходимлари айтишган:

ЎҚИНГ: AnTuTu: Андроид-смартфонларнинг янги «қирол»и чиндан ҳам Apple’нинг сўнгги флагманларидан зўрми?

Якка ядроли тестда эса, iPhone XS Max моделидан ташқари, Samsung Galaxy S10+ флагмани ҳам Asus ROG Phone 2 моделидан юқорироқ балл олган:

Шунга қарамасдан, кузатувчилар Asus ушбу флагманини ҳали тақдимотгача ҳам такомиллаштириши мумкинлигини айтишмоқда. Якуний вариантда у жанубий кореяликларнинг Galaxy S10+ моделини ҳам буткул ортда қолдиришини кутиш мумкин.

ЎҚИНГ: AnTuTu смартфонларнинг ўртача самарадорлик кўрсаткичлари бўйича ТОП-ўнлигини эълон қилди (2019 йил июль)

Шунингдек, инсайдерлар Asus ROG Phone 2 флагманининг «жонли» суратларини ҳам тарқатишган:

Булардан ташқари, иккинчи авлод ROG Phone’нинг тезкор хотираси 12 гигабайтлик, операцион тизими эса Android 9 бўлишини ҳам айтишган. Ҳатто унинг нархи ҳам маълум – Asus унинг учун тахминан 650 АҚШ доллари сўрайди.

Бу маълумотларнинг ҳақиқатга қанчалик тўғри келишини бир ҳафта ичида билиб оламиз, Terabayt.uz’ни кузатишда давом этинг!

ЎҚИНГ: ТОП-10: Уяли алоқа сигналини энг яхши тутувчи смартфонлар (2019 йил июль)