Snapdragon 865+ намойиш қилинди: энг зўрларидан ҳам 10 фоизга қудратли Android-процессор!

  •   DiMaX
  •  602
  •  09.07.2020 14:02

Snapdragon 865+ намойиш қилинди: энг зўрларидан ҳам 10 фоизга қудратли Android-процессор!

Qualcomm компанияси 8 июль куни навбатдаги флагмани – Snapdragon 865+ процессорини тақдим этди. Ўтган йилги Snapdragon 855 ҳамда Snapdragon 855+ моделларида бўлгани каби, янги чипсетнинг ҳам Snapdragon 865 билан солиштирганда фарқлари унча кўп эмас.

ЎҚИНГ: Snapdragon 865+ ва 16 ГБ «оперативка»ли бу геймерофон AnTuTu’да жаҳон рекордини янгилади! (+ илк «жонли» расмлар)

Америкалик чипсоз бу маҳсулотида самарадорликни (айниқса графика бўйича) ҳамда Wi-Fi бўйича маълумот алмашиш тезлигини оширишга асосий эътиборни қаратган.

Шундай қилиб, Snapdragon 865+ процессори максимал 3,1 ГГц частотада ишлай олувчи саккизта Kryo 585 Prime ядроси билан жиҳозланган. Таққослаш учун: Snapdragon 865 чипсетида 2,84 ГГц.лик саккизта Kryo 585 ядроси қўлланган. Янгича ядролар эвазига «плюсли» процессор олдингисига нисбатан 10 фоизга юқори самарадорликни таъминлай олади. Бундан ташқари, Snapdragon 865 Plus жамланмасидаги кучайтирилган Adreno 650 видеотезлатгичи графикани ҳам 10 фоизга тез қайта ишлаш имконини беради.

Snapdragon 865+ моделининг ўзига хосликларидан яна бири – 6 ГГц.гача оширилган частотали янги Wi-Fi 6E стандартини қўллаб-қувватлашидир. Аввал ҳам ёзганимиздек, бу стандартда 5G тезлигида – сониясига 3,6 гигабитгача маълумот алмашиш мумкин. Энг кучли процессор айни дамда энг янги бўлган Bluetooth 5.2 версиясини ҳам қўллаб-қувватлайди.

ЎҚИНГ: Wi-Fi паролини Android-смартфон орқали аниқласа бўлади!

«Плюсли» чипсетнинг бошқа жиҳатлари «оддий» Snapdragon 865 билан бир хил: у ҳам бешинчи авлод уяли алоқа стандартини қўлловчи Snapdragon X55 модемига эга. Янги процессор ҳам 16 гигабайтгача ҳажмли, 2750 МГц частотали LPDDR5 туридаги тезкор хотира билан ишлай олади.

Snapdragon 865+ ҳам, ўз «аждод»и каби, кадр янгиланиш частотаси 60 герцгача бўлган 4K-экранларни ёки 144 герцлик Quad HD+ дисплейларни қўллаб-қувватлайди. Янги чипсет ҳам мобил ўйинларда ресурсларни оптималлаштирувчи Snapdragon Elite Gaming технологиясига эга.

Snapdragon 865 Plus процессори тез орада тақдим этиладиган ASUS ROG Phone 3 ҳамда Lenovo Legion геймерофонларида илк бора қўлланиши ҳам маълум.

ЎҚИНГ: «Қирол ўлди. Яшасин қирол!» – жаҳон рекордчисини AnTuTu’да тор-мор этишди!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.