Snapdragon 865 процессорли биринчи 5G-флагман билан танишинг!

  •   DiMaX
  •  962
  •  04.12.2019 12:44

Snapdragon 865 процессорли биринчи 5G-флагман билан танишинг!

Кеча хабар қилганимиздек, Qualcomm компанияси Гавай оролларида Snapdragon Technology Summit номли расмий тақдимот тадбирини ўтказди. Ушбу маросимда Snapdragon 865 флагман процессори ҳамда ўрта нархли 5G-смартфонларга мўлжалланган Snapdragon 765G чипсети намойиш этилди.

ЎҚИНГ: Samsung охири рақибига тан бериб, бу бизнесдан чиқиб кетяпти!

10 декабрда тақдим этилиши кутилаётган Redmi K30 флагмани айни шу Snapdragon 765G платформасига таянган дунёдаги биринчи смартфон бўляпти. Бироқ кейинги пайтларда анча фаоллашиб кетган Xiaomi бу билан ҳам чекланиб қолмасдан, энг зўр Android-процессорга эга флагманниям барчадан бурун эълон қилди!

Snapdragon Technology Summit’да иштирок этаётган «Хитойча Apple» президенти Лин Бин (Lin Bin) сўзга чиқиб, компаниянинг Xiaomi Mi 10 флагмани Snapdragon 865 чипсетига асосланган дастлабки смартфонлардан бири бўлишини айтди.

ЎҚИНГ: «Ундан нимам кам!?» – Xiaomi ҳам 140 долларлик 5G-смартфонлар ваъда қиляпти

Шу билан бирга, Лин Бин бўлажак флагманнинг бош камерасига оид айрим маълумотларни ҳам расман тасдиқлади. Қуйидаги суратда, унинг орқасидаги плакатда акс этишича, Xiaomi Mi 10 флагманининг камераси ҳам Xiaomi Mi Note 10 моделидаги сингари 108 мегапикселлик асосий сенсорга ҳамда беш карралик оптик зумга эга.

Xiaomi Mi 10 келаси йилнинг биринчи чорагида дунё юзини кўради. Афтидан, уни 24–27 февраль кунлари Барселонада бўлиб ўтадиган MWC 2020 кўргазмаси доирасида намойиш этишса керак.

Келаси ҳафтада эса Redmi K30 русумли 5G-флагмандан ташқари, Redmi брендининг илк смарт-колонкаси ҳамда роутери кўрсатилиши, шунингдек, Mi Mix 4 ҳамда Pocophone F2 флагманларининг ҳам намойиш қилиниши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Xiaomi энг оммабоп флагманини энди ишлаб чиқармайди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!