Snapdragon 865+ ва 16 ГБ «оперативка»ли бу геймерофон AnTuTu’да жаҳон рекордини янгилади! (+ илк «жонли» расмлар)

  •   DiMaX
  •  1351
  •  16.06.2020 13:58

Snapdragon 865+ ва 16 ГБ «оперативка»ли бу геймерофон AnTuTu’да жаҳон рекордини янгилади! (+ илк «жонли» расмлар)

Кечагина биз Asus компаниясининг ROG Phone 3 смартфони хусусиятларини TENAA регулятори фош этгани ҳақида ёзгандик. Энди эса мазкур геймерофон AnTuTu сервисида текшириб кўрилди ва... у кутилганидан ҳам кучли экан!

ЎҚИНГ: Ер юзидаги энг тезкор смартфонлар (AnTuTu глобал рейтинги, 2020 йил май)

TENAA регулятори Asus ROG Phone 3 моделининг хусусиятларидан ташқари, «жонли» суратини ҳам ўз сайтида эълон қилди:

Ушбу ўйинбоп смартфон 6,59 дюймлик, Full HD+ форматли AMOLED-дисплей билан таъминланган. Дактилоскоп экранга ўрнатилган; кўзнинг рангдор пардасини сканерловчи 13 мегапикселлик олд камера эса юқори ромга жойланган. ROG Phone 3 геймерофонининг уч модулли бош камерасида асосий датчик 64 мегапикселлик аниқликка эга.

ЎҚИНГ: DxOMark энг зўр камерофон, селфифон ва аудиосмартфонларни эълон қилди

Мазкур флагман Snapdragon 865 базасига қурилиши кутилаётган эди, лекин мазкур чипсет максимал 2,84 гигагерцлик такт частотасида ишлай олади. TENAA’даги сўнгги маълумотлар эса, Asus ROG Phone 3 моделида такт частотаси 3,01 ГГц.га тенг бўлган бошқа процессор қўлланганини кўрсатяпти!

Демак, Asus ўзининг учинчи авлод геймерофонида Snapdragon 865+ чипсетини қўллаяпти. Бундан ташқари, юқоридаги скриншотга кўра, уни тезкор хотираси 8, 12 ва 16 гигабайтлик, доимий хотираси эса 128, 256 ва 512 гигабайтлик вариантларда чиқаришади.

ЎҚИНГ: Ҳали чиқмаган Snapdragon 865 Plus флагман процессори илк бор AnTuTu’да имтиҳон топширди!

Шунингдек, Asus ROG Phone 3 моделини аллақачон AnTuTu бенчмаркида ҳам текшириб кўришган ва у 646610 баллик натижа билан дунё рекордини янгилаган:

Таққослаш учун келтириб ўтсак, май ойидаги энг кучли Android-флагманлар рейтингида Snapdragon 865 процессорли OPPO Find X2 Pro флагманининг рекорди 604 123 баллни ташкил этган. Snapdragon 865 Plus чипсетини бўлса Qualcomm жорий йилнинг учинчи чорагида тақдим этиши, мазкур процессорга асосланувчи илк смартфон эса Lenovo Legion бўлиши айтилган.

Демак, самарадорлик қироли бўлган Asus ROG Phone 3 ўйинбоп флагманининг расмий тақдимотини кутамиз. Туркумнинг олдинги авлод вакиллари июнь ва июль ойларида чиққанини ҳисобга олсак, бунисини ҳам узоғи билан бир ярим ой ичида намойиш этишади.

ЎҚИНГ: Реал тестда энг тезкор ТОП-10 смартфонни аниқлашди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!