Snapdragon 888 чипли илк флагман – Xiaomi Mi 11 тақдим этилди!

  •   DiMaX
  •  1878
  •  29.12.2020 12:25

Snapdragon 888 чипли илк флагман – Xiaomi Mi 11 тақдим этилди!

Xiaomi компанияси кеча – 28 декабрь куни ўтказган тадбирида MIUI 12.5 график қобиғини тақдим этгани хусусида ёзган эдик. Ўша маросимда унинг Xiaomi Mi 11 смартфони ҳам намойиш қилинди.

ЎҚИНГ: 28 декабрданоқ MIUI 12.5 прошивкаси келадиган 23 хилдаги Xiaomi ва Redmi смартфонлари

Xiaomi Mi 11 модели каттагина – диагоналига 6.81 дюймлик AMOLED-дисплей билан жиҳозланган. Пикселлар зичлиги битта дюймга 515 нуқтани ташкил этувчи экран 2K форматида тасвир узата олади. Унда кадр янгиланиш частотаси 120 герцлик, сенсор қатламиники эса – нақ 480 герцга тенг. Дисплей панели HDR10+ технологиясини қўллаб-қувватлайди.

Юзасига энг мустаҳкам – Gorilla Glass Victus тобланган шишаси ётқизилгани боис, смартфон 2 метргача баландликдан тушиб кетганида ҳам экрани шикстланмайди. Xiaomi уни бозордаги энг зўр мобил дисплей, деяпти. Флагманнинг экрани четлари салгина қайрилган, юқори чап бурчагида 20 мегапикселлик селфи-камера учун тирқиш очилган.

Xiaomi Mi 11 модели ҳозирги энг кучли Android-процессор – 5 нанометрлик технологик жараён асосида тайёрланган Snapdragon 888 чипсети базасидаги илк смартфондир. Qualcomm бу маҳсулотини ўта қудратли – 2.84 ГГц частотали Cortex-X1 ядроси ҳамда 7.5 Гбит/сониягача маълумот юклай олувчи 5G-модем билан таъминлаган. Ушбу процессорга мос тарзда, Xiaomi ўз флагманини 8/12 гигабайтлик оперативка (LPDDR5) ҳамда 128/256 ГБлик ички хотира (UFS 3.1) билан жиҳозлаган.

«Хитойча Apple» бу гаджетини уч модулли бош камера билан таъминлаган: унинг датчиклари фоточақноқ билан бирга квадрат платформага жойланган (ташқи томонидан камера блогининг бурчаклари думалоқланган). Ундаги 108 мегапикселлик асосий сенсор f/1.85 диафрагмага ҳамда тасвирни оптик барқарорлаштириш (OIS) технологиясига эга.

Бош камерадаги иккинчи модул 13 мегапикселлик аниқликда бўлиб, кенг бурчакли (кўриш бурчаги – 123°) объектив билан таъминланган. Ва ниҳоят, учинчи – макромодул 5 мегапикселлик аниқликда. Бунақа конфигурация билан Xiaomi Mi 11 бош камераси 8K форматигача аниқликда HDR10+ видео ёзиб олишга қодир.

Xiaomi Mi 11 аккумуляторининг ток сиғими 4600 мА/соатлик бўлиб, симли усулда 55 ваттлик, симсиз усулда эса 50 ваттлик тезкор қувватлана олади. Шунингдек, флагман 10 ваттлик реверсив зарядка (бошқа девайсларга қувват узатиш) функцияси билан таъминланган. Бу смартфоннинг батареяси нолдан бошлаб атиги 45 дақиқада тўлиб улгуради.

Ёдингизда бўлса керак, iPhone 12 туркумидаги смартфонлар тақдим этилиши билан иккита компания Apple устидан кулган эди. Xiaomi янги айфонлар жамланмасида қувватлагич йўқлигини, Samsung эса рақиби эндигина 5G-смартфон чиқарганини масхара қилган. Кейинчалик улар сафига OnePlus ҳам қўшилиб, купертиноликларни калака қилган. Буни қарангки, айфондаги ўзи калака қилган жиҳат – қадоққа зарядчик қўшмаслик бўйича айнан шу Xiaomi биринчи бўлиб Apple’га эргашди! Яъни, Mi 11 қутисида қувватлаш ускунаси йўқ; зарурат бўлса – 55 ваттлик тезкор қувватловчи зарядчикни 15 долларга алоҳида сотиб олиш керак. Таққослаш учун: купертиноликлар 20 ваттлик тезкор қувватлагични 20 доллардан сотишяпти.

ЎҚИНГ: ТОП-15: Рекорд даражада тез қувватланувчи смартфонлар

Xiaomi Mi 11 моделидаги муҳим жиҳатлардан яна бири – стереодинамиклар бўлиб, уларнинг сифати устида Harman Kardon мутахассислари ишлашган. Шунингдек, смартфон NFC модули, Wi-Fi 6, инфрақизил порти, янгиланган дактилоскопик сканер ҳамда вибромоторча билан таъминланган. Бу флагман ўзи билан бирга тақдим этилган MIUI 12.5 график қобиқли биринчи смартфон бўлиб, дастурий таъминот асосида Android 11 операцион тизими ётади.

Ушбу флагман Хитойда 2021 йилнинг 1 январидан, беш хил рангдаги корпусларда таклиф этилади. Нархлари эса, тезкор/ички хотира ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, қуйидагича белгиланган:

Xiaomi Mi 11 8/128 ГБ — $610

Xiaomi Mi 11 8/256 ГБ — $660

Xiaomi Mi 11 12/256 ГБ — $720

Дарвоқе, кутилган Xiaomi Mi 11 Pro талқини тақдим этилмади, балки кейинроқ чиқар – компания шунчаки бу ҳақда умуман ҳеч нима демади. Лекин стандарт флагманнинг Xiaomi Mi 11 Special Edition (яна бир номи – Mi 11 Lei Jun Signature Edition) версияси намойиш қилинди.

Унинг «ички дунёси» ўша-ўша, фақат орқа қопқоғи бошқачароқ ва унга компания раҳбари Лей Цзюннинг имзоси туширилган бўлиб, 12/256 гигабайтлик хотира билан, 720 доллардан сотилади.

ЎҚИНГ: Xiaomi энг зўр ва қиммат флагманини тайёрлади, лекин бу Mi 11 ҳам, Mi 11 Pro ҳам эмас!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!