Snapdragon 888 чипли ва 144Hz AMOLED-экранли AnTuTu «қироли» бор-йўғи 470 долларга баҳоланди!

  •   DiMaX
  •  1298
  •  28.05.2021 10:15

Snapdragon 888 чипли ва 144Hz AMOLED-экранли AnTuTu «қироли» бор-йўғи 470 долларга баҳоланди!

ZTE корпорациясига қарашли Nubia компаниясининг Red Magic бренди остидаги янги смартфони AnTuTu бенчмаркида рекорд натижа кўрсатган эди. Red Magic 6R номли ушбу геймерофон яна Redmi K40 Gaming Enhanced Edition моделининг иккита рекордини ҳам бир пул қилган.

ЎҚИНГ: Энг қудратли Android-флагманлар (AnTuTu V9 рейтинги, 2021 йил апрель)

Жорий йил мартнинг бошида бу бренд бир нечта жиҳатдан рекордчи Red Magic 6 ҳамда Red Magic 6 Pro геймерофонлари чиқарган эди. Nubia Red Magic 6R модели эса олтинчи авлод «Қирмизи жоду» туркумининг энг «кичкина» вакили сифатида тақдим этилди.

Nubia Red Magic 6R телефонининг диагоналига 6.67 дюймлик AMOLED-экрани FHD+ форматида тасвир узатишга қодир. ZTE уни адаптив (мослашувчан) – 30 дан 144 герцгача частотада янгилана олиш имконияти билан бойитган.

Дисплейнинг максимал ёрқинлиги 770 нит, томонлари ўзаро 20:9 нисбатда. Экран юқори қисмининг ўртасида 16 мегапикселлик селфи сенсори учун тирқиш ўйилган.

ЎҚИНГ: Android-смартфоннинг олд камерасига виртуал фоточақноқ қўшамиз

Гарчи туркумнинг энг арзон вакили бўлса-да, бу смартфон ҳам Qualcomm компаниясининг энг қудратли процессорларидан бири – Snapdragon 888 базасида тайёрланган. Қизиб кетишининг олдини олиш учун унда графен найчали иссиқлик ҳайдаш тизими қўлланган. Қурилмани LPDDR5 турига мансуб тезкор хотираси 6/8/12 гигабайтлик, UFS 3.1 тоифали доимий хотираси эса 128/256 гигабайтлик вариантларда чиқаришади.

Геймерлар учун бу смартфоннинг ён қирраларида махсус «тепки»лар – тугмачалар бор. Nubia Red Magic 6R энг сўнгги – Android 11 операцион тизими базасидаги Redmagic OS 4.0 график қобиғи билан тақдим этилган.

ЎҚИНГ: Янги рекорд: флагман атиги 12 дақиқада тўлиқ қувватланиб улгурди! («жонли» видео)

Red Magic 6R экраности бармоқ изи сканери, стереодинамиклари ҳамда 64 + 8 + 2 + 2 мегапикселлик квадрокамераси билан ҳам мақтана олади. Смартфоннинг батареяси 4200 мА/соатлик бўлиб, Хитойда 55 ваттлик, глобал бозорда эса 33 ваттлик тезкор қувватланувчи версияларда сотилади.

Nubia Red Magic 6R ўз ватанида 1 июндан сотувга чиқади ва нархлари қуйидагича:

  • Nubia Red Magic 6R 6/128 ГБ – $470
  • Nubia Red Magic 6R 8/128 ГБ – $517
  • Nubia Red Magic 6R 12/128 ГБ – $564
  • Nubia Red Magic 6R 12/256 – $611

Шунингдек, унинг Victorious Fighting Buddha Edition Red Magic 6R номли махсус версияси ҳам бўлиб, 12/256 ГБ хотирага эга ва 626 долларга баҳоланган.

Nubia Red Magic 6R геймерофони глобал бозорга кейинроқ чиқади, аммо нархлари бундан юқорироқ бўлиши турган гап.

ЎҚИНГ: Хитойликларнинг бу смартфони AnTuTu рейтингини «портлатди»!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!