Собиқ иттифоқнинг 10 та афсонавий  фотоаппарати

Собиқ иттифоқнинг 10 та афсонавий  фотоаппарати

Бугунги 25-30 ёшдан юқори бўлган авлод болаликдаги фотосуратларни томоша қилиб, завққа тўлади, эски хотираларни ёдга олади. Собиқ иттифоқ даври фотоқурилмалари билан олинган бу расмлар, сифатидан қатъий назар, улар учун жуда қадрли, десак муболаға бўлмайди.

Болалик хотиралари ҳурмати учун ҳам бугун тарихни фототасмаларга муҳрлаган, собиқ СССРда ишлаб чиқарилган афсонавий аппаратлар хусусида сўз юритамиз. Гарчи уларнинг аксарияти ғарб моделарининг нусхаси бўлса-да, аппаратлар орасида қизиқарли қурилмалар ҳам мавжуд эди ҳамда кўпчиликда улар билан боғлиқ илиқ таассуротлар қолган.

Смена-8М

Совет даври ва ундан кейинги даврнинг кўплаб фотоҳаваскорларининг ижодий фаолияти айнан мана шу оддий фотоаппаратдан бошланган (юқоридаги суратга қаранг). Шкалали фокуслаш (бошқача айтганда “кўз билан”), диафрагма ва тутиб туришлар тўпламининг озлиги, экспонометрнинг мавжуд эмаслиги – буларнинг барчаси озгина кўникмаси бор одамга яхшигина суратлар олишда тўсқинлик қилолмас эди. Қолаверса, “Смена-8М” фокус масофаси 42 мм ва ёруғлик кучи f/4 бўлган триплет типидаги нисбатан ёруғ ва яхши объектив билан жиҳозланган.

 Ленинград

Совет Иттифоқида немисларнинг узоқни ушлайдиган камераларининг бир қанча нусхалари ишлаб чиқарилган. Аммо “ФЭД” (у “Leica”нинг ёмон нусхаси эди) ва “Зоркий” (“ФЭД”нинг ривожланган варианти)дан ташқари ҳақиқатан ҳам ўзига хос бўлган “Ленинград” номли аппарат ишлаб чиқарилган (1953-1954). Унинг биринчи галдаги ўзига хослиги сониясига 3 тагача кадр олиш тезлигидаги тасвир олиш имконини берадиган пружинали механизм қўлланилганлигида эди. Пружинанинг бир буралиши 12 та кадр олишга етарди.  Унинг бошқа характеристикалари ҳам ўз даври учун яхши эди: ушлаб туриш диапазони 1 дан 1/1000 сониягача бўлган ламел затвор, 57 мм базали дальномер, анъанавий дальномерлар учун хос бўлган “иккитали доғ”дан фарқли равишда параллакс коррекцияси ва “ойнали ҳудудли” ноодатий видоискатель қўлланилган. Камерада М39х1 резбали ва ишчи кесими 28.8 мм бўлган (худди “ФЭД” ва “Зоркий” сингари) алмаштириладиган оптикадан фойдаланилади.

Зоркий-4

“Зоркий” оилсига мансуб фотоаппаратлар, бизнингча, деярли ҳар бир совет оиласида бўлган. 1956 йилдан 1973 йилгача узлуксиз ишлаб чиқарилган ва умумий тиражи 1 миллион 700 минг донадан ортиқ бўлган “Зоркий-4” улар орасида энг оммавийси ҳисобланади. “Зоркий”нинг олдинги вариантлари сингари тўртинчи модель ҳам ушлаб туриш диапазони 1 дан 1/1000 сониягача бўлган шторли затвор, уланиш резьбаси M39x1 бўлган объектив билан жиҳозланган. Дарвоқе, “Зоркий-4”га экспонометр ўрнатилмаган, шу боис яхши суратлар олиш учун экспозицияни кўзда чамалаш ёки қўлда бошқариладиган экспонометрдан фойдаланиш зарур бўларди.

Киев-2

Яна бир афсонавий совет фотоаппарати бўлиб, унинг афсонавийлиги асосан Contax II нинг аниқ нусхаси эканлиги билан изоҳланади. Хатто ушбу камеранинг илк нусхалари репарация ҳисобига Шарқий Германиядан олиб чиқиб кетилган (ишлаб чиқариш ускуналари билан бирга) катта миқдордаги Contax деталларидан йиғилган. Тузилишининг муваффақиятлилиги боис “Киев” фотоаппаратлари деярли ўзгаришсиз 80-йилларгача ишлаб чиқарилган. Совет даврининг бошқа дальномер аппаратлари билан солиштирганда, у катта ва ёруғ видоискатели, ушлаб туриш диапазони 1 дан 1/1000 сониягача бўлган ламел затвори, объективларни улаш учун қулай эди.

Киев-10 ва Киев-15

Киевдаги “Арсенал” зводида фақат дальномер эмас, балки ойнали камералар ҳам ишлаб чиқарилган. Улар орасида “Киев-10” ва “Киев-15” моделлари ажралиб туради. 1965 йилда ишлаб чиқарилган “Киев-10” нафақат экспозицияси автоматик тарзда ўрнатиладиган биринчи совет камераси, балки ушлаб туриш устунлиги режимига эга дунёдаги илк фотоаппарат ҳисобланади. Афсуски, унда эскирган селенли экспонометр қўлланилган, бунинг устига, у ташқарида – камеранинг  корпусида жойлашган эди. Бу камчилик 1976 йилдан ишлаб чиқарила бошланган “Киев-15”да бартараф этилди.

У олтингугурт-кадмийли фоторезистрлар (CdS) базасидаги TTL-экспонометр билан жиҳозланган. Камераларнинг асосий камчилиги ўзига хос ва бошқа бирор нарсага мос келмайдиган байонетлар эди. “Киев-10” ва “Киев-15” учун совет объективлари “Автомат” белгисига (масалан, “Гелиос-81 Автомат”) эга бўлган.

ЛОМО Компакт-Автомат

Бизнингча, “ломография”ни бошлаб берган энг машҳур совет камераси. Шкала типидаги фокуслагичга ва автоматик экспозиция ўрнатишга эга “совун қутиси”.  Камера фокус масофаси 32 мм ва ёруғлик кучи f/2.8 бўлган нисбатан равшан Минитар-1 объективи билан жиҳозланган. Ҳалигача ишлаб чиқариладиган (Ломография жамияти буюртмаси асосида) ягона совет фотоаппарати.

Салют

Лойиҳасида Hasselblad 1600F дан фойдаланилгани учун “совет Хассельблади” деб аталган фотоаппарат. 120 ёки 220 типидаги ўрта форматли пленкага 56х56 мм ўлчамдаги кадрларни олиш учун мўлжалланган камера. “Салют”нинг барча аксессуарлари: пленка орқаликлари, алмаштириладиган аксессуарлар ва объективлар “Хассельблад”нинг илк моделларига мос келади. Камера ушлаб туриш диапазони 1 дан 1/1000 сониягача бўлган фокаль затвори билан жиҳозланган. СССРда “Салют” ва “Салют-С” камераларида қўллаш учун мўлжалланган 13 хил В байонетлари ишлаб чиқарилган.

Горизонт

Биз ҳозир рақамли технологиялар қуршовида панорамаларни табиий нарса сифатида қабул қиламиз. Тасвир пленкага олинадиган даврларда панорамали тасвирлар олиш кўпдан-кўп мураккабликларга эга бўлган. Қизиғи шундаки, дунёдаги энг яхши панорама камераларидан бири айнан Совет Иттифоқида ишлаб чиқарилган. У “Горизонт” аппарати эди. Бу камерада объектив ва затвор айланадиган барабанга ўрнатилган бўлиб, стандарт 35 миллиметрли пленкада кадр ўлчами 24х58 мм.ни ташкил қилган. “Горизонт”нинг муваффақияти сирларидан бири объективида эди – жуда равшан тўрт линзали анастигмат “МС ОФ-28П” дастлаб ҳарбий мақсадлар учун яратилган эди. “Горизонт”нинг аксарият қисми экспорт қилингани боис, совет даврида ушбу камерани сотиб олиш жуда мушкул иш эди.

Зенит-19

Красногорск механика заводида “Зенит” фотоаппаратининг турли моделлари ишлаб чиқарилган бўлса-да, айнан “Зенит-19” улар орасида энг яхшиси ҳисобланади. Бу аппарат 90 фоиздан ортиқ кадрни акс эттирувчи ойнали видоискателга (биринчи моделларда бу кўрсаткич 60 фоиздан салгина ортиқ бўлган), ушлаб туриш диапазони 1 дан 1/1000 сониягача бўлган (илк “Зенит”ларда ушлаб туриш диапазони 1/30 дан 1/500 сониягача бўлган) бошқариладиган ламер затворига эга. Аппарат 1988 йилгача ишлаб чиқарилган, 1984 йил ва ундан кейин ишлаб чиқарилганлари энг ишончли моделлар ҳисобланади, улар қайта ишланган затвор билан жиҳозланган (бу камералар эски затворли моделлардаги 1/60 ўрнига 1/125 сонияли ушлаб туриш синхронизацияси билан фарқланади).

Алмаз-103 ва Алмаз-102

“Алмаз” совет муҳандисларининг кичик ўлчамли профессионал репортер камерасини яратиш йўлидаги илк ва сўнгги уриниши бўлган. Ўта ишончли, ечиладиган видоискателлари ва фокусловчи экранлари бўлган Nikon F2 профессионал камераси намуна сифатида олинган. Камера учун махсус янги ойна механизми ва ушлаб туриш диапазони 10 дан 1/1000 сониягача бўлган металл ламер затвори яратилган. Объективларни ўрнатиш учун К байонетидан фойдаланилган (худди Pentax ойнали камераларидаги каби). “Алмаз-103” базавий модель ҳисобланган ва унга экспонометр ўрнатилмаган. “Алмаз-102”да эса +/- 2 босқичли диапазонда экспозицияни рақамли индикация қилувчи TTL-экспонометр мавжуд эди.

Афсуски, “Алмаз”лар энг ишончсиз совет фотокамералари сифатида танилди. Ишлаб чиқарувчи заводда (ЛОМО) деталларни керакли аниқликда тайёрлаш учун зарур ускуналар мавжуд эмасди. Деталларга ишлов беришдаги муаммолар боис затвордаги кулачокли механизм пўлатдан эмас, балки латундан ясалади. У эса тезда ейилиб, қириндилари камера механизмларига тушиб, уларни ишдан чиқарарди. Шунинг оқибатида бор-йўғи 10 минг донага яқин “Алмаз-103” ҳамда атиги 80 дона “Алмаз-102” ишлаб чиқарилган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!