SoC нима?

SoC нима?

Смартфон ва планшет каби мобил қурилмаларимиз «мия»си энергия тежайдиган, ўта кичик чиплар ҳисобланади. Смартфонларда бундай чип/чипсет/платформа/процессорлар SoC деб аталади.

ЎҚИНГ: PDAF нима?

SoC нима ўзи?

SoC атамаси System on A Chip (инг. «Чипдаги тизим») бирикмасининг қисқартмаси саналади. Чипнинг бундай номланишига сабаб шуки, SoC таркибида бир неча муҳим компютацион компонентлар ягона чипга компресслаб жойланган бўлади. Кичик ҳажми ва юқори энергия тежамкорлиги сабаб, SoC'лар, асосан, мобил қурилмаларда ишлатилади.

1970 йилдан бошлаб рақамли соатларни ишлатиш учун бир неча компаниялар қатор компонентларни битта чипга жойлаштиришга урина бошлаган. 1974 йилда Intel ўзининг Microma Digital Watch соати билан буни уддалаб, дунёдаги илк ҳақиқий SoC'ни яратган. Компания вақтни ҳисобловчи ва LCD драйвер транзиторларини ягона чипга интеграциялаштирган.

SoC'лар 80- ва 90-йилларда, айниқса, оммалашган. Шахсий компьютерлар 80-йиллардан бошлаб оммалаша бошлади ва улар кичикроқ ўлчамга эга чипда ишлаши керак эди. 90-йилларда эса уяли алоқа телефонлари SoC'лардан фойдалана бошлади. Бугунги кунда ҳам ушбу анъана давом этиб, смартфон ва планшетлар SoC'лар билан жиҳозланиб келмоқда.

SoC ичида нима бор?

Смартфон ва планшет каби портатив (кўчма) қурилмалар имкон қадар ихчам бўлиши керак. SoC'лар мавжудлигининг асосий сабаби ҳам шу. SoC ишлаб чиқарувчилар бир неча керакли компонентни олиб, жойни тежаш учун уларни ягона чипга компресслаб бирлаштиради. Барча компонентларнинг бир ўринда жойлашиши уларнинг бутун она плата бўйлаб ёйилиб жойлашишидан кўра анча кўп жойни тежайди.

Central Processing Unit (CPU)

SoC'нинг асосий компонентларидан бири CPU ёки Марказий ишлов бериш бирлигидир. CPU қурилма «мияси» деб ҳам аталади. Боиси мазкур бирлик қурилмага берилган барча асосий процессион вазифаларни бажаради. Худди сезги органларингиз орқали мияга ахборот узатилиши ва у ерда ахборотга ишлов берилишига каби CPU ҳам RAM ва кеш орқали олинган маълумотларни ишлайди.

Graphics Processing Unit (GPU)

GPU ёки Графикаларга ишлов бериш бирлиги ҳам CPU'га ўхшаш, фақат бошқа вазифаларни бажаради. CPU коддан тортиб графикагача барча амалларни ўзи бажариши мумкин, лекин бу ўта катта юклама бўлган бўларди. CPU'га тушаётган юк миқдорини камайтириш учун GPU графикага доир ахборотни ишлайди. Экранда кўриниб турган барча тасвирларга айнан GPU жавобгар.

ЎҚИНГ: AMOLED дисплей нима?

RAM

RAM қисқартмаси инглизча «random access memory» жумласининг қисқа шакли бўлиб, Тасодифий кириш хотираси маъносини беради. RAM тезкорлик билан олиниши керак бўлган ахборотни ўзида сақлайди. Олдинлари компьютерлар ахборотни моддий ички хотира бирлигидан олар эди, бироқ бу жараён секин амалга ошган.

Бу муаммони RAM ечган. RAM маълумотни анъанавий ички хотира, ҳатто SSD'дан ҳам тезроқ ўқиб-ёза олади. Маълумот RAM'га юклангач, CPU осонлик билан ахборотга кириши ва керакли маълумотни ўта тез олиши мумкин.

Масалан, бирор дастурни очишингиз керак бўлиб қолди, дейлик. Илова қаттиқ дискда жойлашган бўлади. Дастурни очганингизда, илова дискдан RAM'га юкланади ва шу ердан CPU дастурни очади. Илова бажарадиган амалларга қараб, дастур равон ишлаши учун ахборот тезкорлик билан олинади. CPU сизга керак бўлган ахборотни RAM'га юклайди ва илованинг ишлаш тезлигини оширади.

Кеш

RAM тезкорлик билан кириш мумкин бўлган хотира блоки бўлиши мумкин, лекин хотиранинг яна бир тури борки, у RAM'дан ҳам тезкорроқ. Бу хотира CPU кеши деб аталади. RAM'да CPU'га керак бўладиган ахборот сақланади, лекин агар бу ахборотни тез-тез олиш керак бўлса, маълумотлар кешга кўчирилади. Кеш ахборотни CPU'га RAM'дан тезроқ ўтказади.

Айтайлик, бир иловани қисқа вақт оралиғида кўп марта очдингиз. Тизим бу илова тезроқ юкланиши учун уни кешда сақлайди. Тезроқ юкланиши учун веб-сайтлар ҳам кешда сақланади.

Сигнал модемлари

Ғалати туюлиши мумкин, лекин сигнал тутувчи модемлар SoC'га жойланган бўлади. Модемларнинг вазифаси электромагнит сигналларни қурилма тушунадиган рақамли сигналга айлантириб беришдан иборат. Маълумот серверга узатилаётганда эса бунинг акси қилинади.

Image Processing Unit (IPU)

IPU ёки Тасвирга ишлов бериш бирлиги камерадан олинган ахборотга ишлов бериш вазифасини бажаради. Ёруғлик тасвир сенсорига тушгач, маълумот рақамли сигналга айлантирилади ва SoC'га ўтказилади. Олинган маълумотлар IPU томонидан ишланади.

Видео кодловчи

Агар қурилмангизда видео маълумот бўлса, уни кўриш учун аналог сигналга айлантириш керак бўлади. Видео кодловчи рақамли сигнални қабул қилиш ва уни аналог сигналга айлантириш учун жавобгардир. Кейин электр сигнал дисплейда нурга айланади.

Қурилмага қараб, SoC турли компонентларга эга бўлиши мумкин. Масалан, баъзи процессорларда интеграллашган RAM бўлмайди, бошқаларида NPU деб номланган қисм бўлади. NPU — нейронни қайта ишлаш бирлиги бўлиб, сунъий интеллект ва машинали ўрганиш билан боғлиқ вазифаларни бажаради.

SoC келажаги

SoC'лар асосан мобил қурилмаларда ишлатилган, лекин SoC технологияси янги инқилоб ёқасида турибди, яъни компьютер ҳамда ноутбуклар ҳам SoC'лар орқали ишлайди. SoC технологияси иш столининг тўлиқ дастурий таъминотини тўғри ишга тушириш даражасига етиб бормоқда, масалан, Apple'нинг M1 чипи, ушбу ARM'га асосланган SoC ҳозирда MacBook'ларда ишламоқда.

Компьютерларни ишлаб чиқаришда SoC'дан фойдаланишнинг афзалликлари бор. Жойни тежаш билан бир қаторда, SoC'лар энергия самарадорлигини ҳам яхши йўлга қўяди. Кичик чиплар умуман кам энергия сарфлайди, бу эса ноутбукларнинг аккумулятор автономлигини яхшилайди.

Шунингдек, SoC'лар катта процессорлар каби қизиб кетмайди. Бундай ҳолатда қурилмалар, айниқса, ноутбуклардан фойдаланиш қулайроқ бўлади. Бу совутиш парракларига бўлган эҳтиёжни ҳам йўқотади. Парракларни олиб ташлаш эса қурилмада кўпроқ жойни тежаш билан бир қаторда, қувватни ҳам тежашга ёрдам беради.

Смартфон ёки планшетда бажариладиган барча вазифалар тангадан ҳам кичикроқ бўлган чиплар ёрдамида амалга оширилади. Тез орада улар компьютерларда ишлашни бошлайди. SoC'лар одамларга ҳақиқатан ҳам катта нарсалар кичик пакетларда бўлишини кўрсатади.

ЎҚИНГ: Мегапиксел нима?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!