Sony’нинг ҳали тақдим этилмаган учта смартфонини томоша қилинг!

  •   DiMaX
  •  1578
  •  06.01.2018 13:32

Sony’нинг ҳали тақдим этилмаган учта смартфонини томоша қилинг!

Япониянинг етакчи технологик компанияларидан бўлмиш Sony ўзининг Xperia туркумидаги смартфонлари билан ҳам яхши танилган. Унинг 2018 йили тақдим этадиган флагмани ҳақида техноблонерлар турли хабарлар тарқатишган, аммо ҳозирча бу маълумотлардан ҳеч бири расмий мақомга эга эмас.

ЎҚИНГ: Sony'нинг 2018 йилги флагмани "қўлга тушди"

Таниқли инсайдер Эван Бласс (@Evleaks) куни кеча мазкур компаниянинг биратўла учта моделда смартфон тайёрлаётганини айтиб қолди, деб ёзади Venturebeat нашри. Булар Xperia XA2, Xperia XA2 Ultra ҳамда Xperia L2 русумли телефонлар бўлиб, барчаси CES 2018 кўргазмасида тақдим этилиши режалаштирилган.

Эван Бласс бу смартфонларнинг айрим хусусиятлари ва суратларини ҳам тақдим этган. Унга кўра, Xperia XA2 модели диагоналига 5,5 дюймлик Full HD-дисплейга эга. Мазкур қурилма саккиз ядроли Snapdragon 630 процессори базасида ишлайди, 3/4 ГБ тезкор ва 32/64 ГБ доимий хотирага эга. Гаджетнинг асосий камераси 21, олд камераси эса 7 мегапикселли бўлади.

Sony Xperia XA2

Xperia XA2 Ultra ҳам оддий XA2 моделидан айтарли фарқ қилмайди. Ҳозирча маълум бўлган фарқлари – уни диагонали 6 дюймлик экран ҳамда қўш модулли 15 мегапикселли селфи-камера билан жиҳозлашади.

Sony Xperia XA2 Ultra

Sony’нинг бу йилги учинчи смартфони – Xperia L2 ҳақида эса деярли ҳеч нима маълум эмас. Унга диагонали 5,2 дюймлик HD-дисплей ўрнатилиши айтилмоқда. Шунингдек, мазкур девайс Android Nougat бошқаруви остида ишлаши ҳақида маълумотлар чиққан; қолган иккита янги смартфонга эса Android Oreo операцион тизим талқини ўрнатилган бўлади.

Sony Xperia L2

Таъкидлаш керакки, тез ривожланиб келаётган хитойлик смартфонсоз ҳам ўзининг навбатдаги флагманини уч хил талқинда чиқариши айтилмоқда.

ЎҚИНГ: Huawei’нинг навбатдаги флагмани уч хил талқинда чиқади ва у P11 эмас экан!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!