Sony шахсий процессорини яратмоқчи

Sony шахсий процессорини яратмоқчи

Маълумки, машҳур “смартфончилар”, масалан, Apple, Samsung, LG ва Huawei ўз қурилмаларини шахсий процессорлар асосида ишлаб чиқармоқда. Шулардан ўрнак олиб-ми, энди Sony ҳам шахсий процессорни яратиш устида иш бошлади, деб ёзади Digitimes.

Sony компанияси вакилларининг фикрича, Apple, Samsung ва Huawei сингари компаниялар ўз процессорига эга бўлгани учун ҳам бозорда катта обрў ва яхши даромад топмоқда.

Хабарларга қараганда, Тайваннинг Global Unichip дастурчиларига мобиль процессорлар яратиш бўйича бир неча осиёлик ишлаб чиқарувчилардан буюртмалар келиб тушган ва улар орасида Sony ҳам бор. Ҳозирча процессор ҳақида бирор бир маълумот йўқ. Бироқ бу ҳақиқат бўлса, 2016 йилда Qualcomm ва MediaTek`ка рақобатчи майдонга чиқиши мумкин.

Apple компанияси янги процессорларни ҳар йили iPhone ва iPad лар билан бирга намойиш этади. Samsung ҳам яқинда 14-нанометрли FinFET технологияси асосида ясалган иккинчи авлод Exynos 8890 премиум-чипи ҳақида маълум қилди. Huawei компанияси улардан қолишмаган ҳолда шу ой бошида ўз процессорларини тақдим этди. HiSilicon Kirin 950 16-нанометрли техножараён асосида бажарилган. Компания берган баҳога кўра, унинг самарадорлиги HiSilicon Kirin 930 дан икки карра устун. Ўз навбатида LG компанияси ҳам Nuclun процессорларининг иккинчи авлодини синовдан ўтказмоқда.

Шундай экан, Sony компанияси бугунги кучли рақобат шароитида янги стратегияларни кўриб чиқишга мажбур. Зеро, октябрь ойи якунидаги натижаларга қараганда, дунё бозорида компания смартфонлари савдоси пасайиб кетган. Азалдан ўз анъаналари ва мухлисларига эга бренд нуфузини бой бериб қўймаслик учун ҳам янгиликларга мухтож, деб ёзади хорижий оммавий ахборот воситалари.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.