Sony Xperia XZ2: жиҳатлар, нарх ва тақдимот куни

Sony Xperia XZ2: жиҳатлар, нарх ва тақдимот куни

Кейинги ҳафтада старт олиши кутилаётган MWC 2018 анжумани ибтидосида жаҳоннинг таниқли смартфон ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган Sony барчани янги гаджет тақдимотига чорламоқда. Тақдимотнинг 25 февралда ўтказилиши маълум қилинмоқда. 

Sony Xperia XZ2 ҳамда XZ2 Compact флагманлари мобил алоқа технологиясининг сўнгги жиҳатларини жам қилган илғор моделлар, дея ҳозирданоқ эътироф этилмоқда.

Жумладан, ромдан холи экран, қўш сенсорли бош камера, қадоқдаёқ Android 8.1 Oreo операцион тизими, Quick Charge 4.0 тезкор қувват олиш технологияси, шунингдек бошқа қатор жиҳатлар диққатга сазовор.

Quick Charge 4.0+ технологиясининг смартфонни қувватлаш салоҳияти аввалги авлод тезкор қувватлаш технологиясидан 15 фоизга ошган. Мисол учун, электр токи сиғими 3200 мА соат бўлган аккумултор қувватини 25 дақиқа ичида 50% га тўлдириш мумкин.

Sony Xperia XZ2 ҳамда XZ2 Compact смартфон моделлари олдига япониялик Sony компаниясининг смартфон ишлаб чиқаришдаги жаҳон миқёсидаги нуфузини ошириш вазифаси қўйилган.

Sony Xperia XZ2 ҳамда XZ2 Compact "байроқдор"лари 8 ядроли Qualcomm Snapdragon 845 процессори билан мақтана олади. Бу чипсетнинг частота тезлиги 2,8 ГГц, унинг тезкор хотира сиғими 4 гигабайтли, доимий хотира сиғими эса 64 гигабайтли. Графика ва тасвирни қайта ишлаш учун Adreno 630 видео картаси масъул. Шунингдек, смартфонлар Wi-Fi 802.11ac, NFC ҳамда Bluetooth 5.0 LE каби модулларга эга бўлишади.

Экран диагонали. Xperia XZ2 модели учун 5,7 дюймли, Xperia XZ2 Compact 5 дюймли экран билан таъминланади. 4K (4320 га 2160 пиксел) сиғимли ромсиз экран томонлари нисбати 18:9 стандартли ва дисплей Corning Gorilla Glass 5 шишаси билан қоплаб олинган.

Ўзига хосликлари. Маълумотларга кўра, мазкур девайслар ўртасидаги фарқ дисплей ўлчами билан боғлиқ. Шу билан бирга, смартфонлар ўлчами ҳам бир-биридан фарқ қилади.

23 мегапикселли бош ва 16 Мп аниқлигидаги олд камера бу девайсларнинг кучли жиҳатларидан бири бўлади.

Нарх-наво. Ҳар иккала флагманларнинг мартнинг бошидаёқ сотувга чиқиши хабар қилинмоқда. Смартфонлар аввалига Европа бозорларида сотилади. Sony Xperia XZ2 модели 800 евро (980 АҚШ доллари), Xperia XZ2 Compact ихчам модели 700 (880 АҚШ доллари) евродан сотилади.