Sony Xperia XZs: “энг кучли камерафон”да олинган илк суратлар

Sony Xperia XZs: “энг кучли камерафон”да олинган илк суратлар

Маълумотларга кўра, Sony компанияси жаҳонда ишлаб чиқарилаётган смартфонларнинг 50 фоизидан ошиғини камера сенсори ва модуллари билан таъминлайди. Япониялик ишлаб чиқарувчи бу борада чинакам бренд ҳисобланади. Sony смартфон ишлаб чиқарувчи сифатида ўзи учун ҳам энг яхши мобил камералар ишлаб чиқаришни унутиб қўйгани йўқ.

Жумладан, 2017 йилнинг феврал ойида тақдим қилинган Sony Xperia XZs смартфони 19 мегапикселли Motion Eye камера технологияси билан жаҳонда ягона. Мисол учун, бу технология идишдан тўкилган сувнинг томчиларини ҳам аниқ-тиниқ муҳрлай олади.

Бу бош сенсор профессионал камера каби секундига 960 та кадрни муҳрлашга қодир. f/2.0 стандартидаги оптик прибор ўрнатилган камерада гироскоп, фазани “ақлли” аниқлаш, лазерли автофокус, светодиодли фоточақноқ, сифатни текшириш каби функциялар мавжуд. Олд камера учун 13 мегапикселли кенг бурчакда сурат оладиган сенсор танланган.

Sony раҳбари бир муддат аввал компания смартфон бозорида муваффақият қозониши учун бу турдаги ноёб технологияга эга мобил камерани бошқа смартфон брендларига сотмаслигини маълум қилган эди. Шу орқали бу бренд рақобатда устун келмоқчи.

Сиз кўриб турган суратлар Sony Xperia XZs смартфонидаги “Superior Auto” режимида олинган. Гувоҳи бўлганингиздек, суратлар детал ва рангларга бой. Ёруғлик паст шароитда ҳам олинган суратлар сифати ёмон эмас. Селфилар ҳам кенг ва рангларга бой.Айтиш мумкинки, чиндан ҳам, бу гаджет смартфон бозоридаги ҳозирча энг яхши камерафонлардан бири бўлишга қодир.

5.2 дюймли Sony Xperia XZs 2017 йилнинг апрел ойидан $700 доллар баҳосида сотувга чиқарилган. Унда 2016 йилнинг яхши процессорларидан бўлган 8 ядроли Snapdragon 820 чипи ва Adreno 530 видео-картаси, 4 ГБ тезкор ва 32/64 ГБ доимий хотира ўрнатилган. Хотирани 256 гигабайтгача кенгайтириш мумкин. Смартфон Android 7.1 (Nougat) операцион тизими бошқарувида ишлайди.

Қуйидаги қисқа видеода Sony Xperia XZs смартфонидаги Motion Eye камера технологиясининг имкониятларига гувоҳ бўлинг.

Гаджетнинг IPS LCD дисплейи Full HD (1080 x 1920 пиксел сиғимли) ҳамда Corning Gorilla Glass ҳимоя шишаси билан қопланган. Экран 10 тагача бармоқ зарбини тушуна олади. Олд панелнинг 70.9%и дисплейдан иборат. Корпус IP68 сертификатига эга ва сув ҳамда чангдан қўрқмайди.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!