Сотувга чиққан LG G6 “аждоди”ни ортда қолдирди

Сотувга чиққан LG G6 “аждоди”ни ортда қолдирди

Яқиндагина ўтган MWC 2017 анжуманида тақдим қилинган LG G6 смартфони Жанубий Кореяда сотувга чиқарилди. Сотувнинг илк куни, яъни 10 март куни янги смартфон 20 минг дона сотилган. LG компаниясининг аввалги — LG G5 мобиль телефони сотувга чиққан биринчи кунда 15 минг дона сотилган эди. LG G6’ни сотиб олиш истагидаги 40 мингдан зиёд харидор олдиндан буюртма берган.

LG G6 — жанубий кореялик технология компаниясининг янги флагмани бўлиб, компания уни йилнинг энг кутилган Android-смартфони ҳисобланаётган Samsung Galaxy S8’дан аввал савдога чиқаришга муваффақ бўлди. Гарчи, LG G6 гаджети 2016 йилга тааллуқли 4 ядроли Qualcomm MSM8996 Snapdragon 821 процессорида ишласа ҳам, частота тезлиги 2,35 гигагерцли 2 та ҳамда 1,6 гигагерцли яна қўшимча ядролар самарали фаолият кўрсатади.

Смартфонда Adreno 530 видеокартаси мавжуд. Смартфоннинг оператив хотира сиғими 4 гигабайт, доимий ички хотира — 32/64 гигабайт. LG G6’да microSD қўшимча хотирани қўллаб-қувватлайдиган тизим ҳам мавжуд. 1 SIM-картали талқинда махсус бўлмача бор, 2 та SIM-картали талқинда эса бўлмачалардан бири хотира картасига мўлжалланган. Смартфон IP68 сертификатига эга бўлиб, корпус сув ҳамда чангни ичкарига ўтказмайди.

LG G6’нинг 5,7 дюймли IPS LCD матрицали дисплейида пикселлар сиғими 1440 x 2880 (QHD+) белгини ташкил қилади. Ҳар дюймдаги ~564 пиксел тасвирнинг ўта сифатли намойишига хизмат қилади. Дисплей томонлари нисбати — 18:9га тенг. Олд панелнинг 78,6%ини банд қилган экран Corning Gorilla Glass 3 ҳимоя шишаси билан қопланган.

LG G6 орқа панелида бармоқ излари сканери мавжуд. Девайсда акселерометр, гироскоп, оралиқ-масофа датчиги, компас ва барометр каби сенсорлар ўрнатилган.

Компания 2017 йилги флагман савдосида 10 млн гаджет сотиб, G3 смартфони ўрнатган рекордни янгиламоқчи. Жанубий Кореяда LG G6 гаджети $775 доллардан сотилмоқда. 9 мартга қадар буюртма берганларга $ 390 долларгача чегирма ҳамда қўшимча имтиёзлар берилган. Смартфон 22 мартдан халқаро бозорга чиқарилади. Эслатиб ўтамиз, 2016 йилда тақдим этилган LG G5 флагмани “Малика” савдо мажмуасида 3,190,000 сўмдан сотилмоқда.

LG G6 ҳақида батафсил ўқинг:

Камералар жанги: LG G6 девайси iPhone 7 Plus’га қарши

LG G6 флагмани расман тақдим қилинди