Совуқдан қўрқмайдиган 9 смартфон

  •   DiMaX
  •  1883
  •  06.02.2017 18:39

Совуқдан қўрқмайдиган 9 смартфон

Биламизки, телефонларни ишлатиш мумкин бўлган энг пастки ҳарорат чегараси уларнинг фойдаланиш қўлланмасида ёзиб қўйилган. Жумладан, Apple, Samsung, LG, HTC, Huawei, Xiaomi ва бошқа кўплаб компаниялар смартфонларидан 0°С дан паст ҳарорат шароитида фойдаланмасликни тавсия этишмоқда, чунки бу ҳол қурилманинг нотўғри ишлашига ва ҳатто ишдан чиқишига ҳам олиб келиши мумкин. Аммо Hi-Tech.Mail.Ru барибир совуқдан қўрқмайдиган смартфонларни аниқлади.

Ҳужжатларига кўра, бу гаджетларни фойдаланиш мумкин бўлган энг паст ҳарорат -10°С, биттаси эса ҳатто -15°С қаҳратонга ҳам бардош бера олади. Қуйида уларнинг рўйхати ва қисқача тавсифини келтирамиз.

Sony Xperia XZ: қорга тушсаям ишлайверади

Sony’нинг бу флагманидан, паспортида ёзилишича, ҳатто -10°С совуқда ҳам фойдаланиш мумкин. У IP65/68 стандарти бўйича нам киришидан ҳимояланган, демак, унга қорли бўрон ҳам, қор уюмига тушиб кетиши ҳам шикаст етказа олмайди. Янгиланган «Узлуксиз юза» ойнали дизайни ва Qualcomm Snapdragon 820 асосидаги бақувват «юрак»дан ташқари, бу смартфон «ўткир кўз» – 23 мегапикселли камерага ҳам эга. Камераси лазерли автофокусдан ташқари, предиктив автофокусга ҳам эга, яъни у суратга туширилаётган объектнинг ҳаракат йўналишини ҳам олдиндан аниқлай олади; бу функция ўйнаётган болаларни, табиат қўйнидаги бирор жониворни ёки спортчиларни тасвирга олишда асқотади. Камерага ўрнатилган RGBC-IR инфрақизил датчиги эса оқ рангнинг меъёрийлашувини янада аниқроқ чиқариб беради. Хулласи калом, қорбўрон ўйнашга уни ҳам қўрқмасдан олиб чиқишингиз мумкин.

Sony Xperia XZ ҳақида қисқа тавсиф

  • Операцион тизим: Android 6.0.1
  • Процессор: Qualcomm Snapdragon 820
  • Тезкор хотира: 3 ГБ
  • Ички хотира: 64 ГБ
  • Камера: 23 МП
  • Экран диагонали: 5.2″

Sony Xperia X Compact: флагман камерали кичкинтой

Бу смартфонни ҳам -10°С гача ҳароратда бемалол ишлатса бўлади. 4,6 дюйм экранли ва янгиланган дизайнга эга, ихчам эргономик модель. Олти ядроли Qualcomm Snapdragon 650 процессори ва 3 ГБ тезкор хотираси бор. Sony Xperia XZ моделидан фарқли равишда, бу смартфонда нам киришидан ҳимоя функцияси йўқ, шунинг учун у билан бирга қорбўрон ўйнамаганингиз маъқул.

Sony Xperia X Compact ҳақида қисқа тавсиф

  • Операцион тизим: Android 6.0.1
  • Процессор: Qualcomm Snapdragon 650
  • Тезкор хотира: 3 ГБ
  • Ички хотира: 32 ГБ
  • Камера: 23 МП
  • Экран диагонали: 4.6″

Moto X Force: Муз устида танго

Унча-мунчага синмайдиган экранли бу флагманни бемалол муз устида коньки учишга ёнингизда олиб борсангиз ҳам бўлади. У чидам берадиган энг паст ҳарорат эса -10°С ни ташкил этади. Мундайроқ қор ёғиши ҳам унга зарар етказа олмайди – корпуси намни ўзидан ҳайдайдиган қоплама билан ҳимояланган. Аккумуляторининг сиғими 3760 мА соат, смартфоннинг 48 соатлик автоном режимига етади – буниси кўпчилигимиз учун муҳим. Тўғри, процессори жуда ҳам янги хилидан эмас – Qualcomm Snapdragon 810. Лекин бўлаверади, нима дедингиз?

Motorola Moto X Force 32GB ҳақида қисқа тавсиф

  • Операцион тизим: Android 5.1
  • Процессор: Qualcomm Snapdragon 810
  • Тезкор хотира: 3 ГБ
  • Ички хотира: 32 ГБ
  • Камера: 21 МП
  • Экран диагонали: 5.4″

Lenovo Vibe X3: меломанлар орзуси

Буни ҳам -10°С дан паст бўлмаган ҳароратда ишлатса бўлади, яна бошқа хусусиятлари ҳам ҳавас қилгулик. 1,5 Вт қувватга ва Dolby Atmos ҳажмдор овозни қўллаб-қувватлаш тизимига эга иккита динамик; 32 битли ESS ES9018K2M рақамли-аналогли ўзгартиргичи; учта Texas Instruments OPA1612 кучайтиргичи; Wolfson WM8281 аудиокодеки. Бошқачароқ айтганда, бу смартфонда мусиқани зўр қулоқчинлар орқали тингласа арзийди, бундайроғи ҳайф! Қолган «темир-терсак»лари ҳам чаккимас: Qualcomm Snapdragon 808 процессори, 3 ГБ тезкор хотира, фазали автофокусга эга 21 мегапикселли камера эса 4K-видео тасвирга олиш имконига эга. Қисқаси, гаплашиш, ёзишиш ва интернетга киришдан ташқари, унинг медиа функциялари ҳам, совуққа чидамлилиги ҳам зўр!

Lenovo Vibe X3 32GB ҳақида қисқа тавсиф

  • Операцион тизим: Android 5.1
  • Процессор: Qualcomm Snapdragon 808
  • Тезкор хотира: 3 ГБ
  • Ички хотира: 32 ГБ
  • Камера: 21 МП
  • Экран диагонали: 5.5″

Alcatel idol 4: ойна ва металл

Alcatel’нинг -10°С ҳароратда ишлай оладиган мазкур флагмани ойна ва металлдан ясалиб, илғор аудиотехнологиялар билан таъминланган. Унинг ҳар бири 3,6 Вт қувватга эга стереодинамиклари, Smart PA TFA9890 овоз чипи ва жамланманинг ўзида JBL қулоқчини мавжуд. 5,2 дюймли экрани Full HD, қурилманинг тез ишлашини эса Qualcomm Snapdragon 617 процессори билан 3 ГБ тезкор хотираси таъминлаб беради. Асосий камераси 13, олд камераси эса 8 мегапикселли.

Alcatel OneTouch Idol 4 ҳақида қисқа тавсиф

  • Операцион тизим: Android 6.0
  • Процессор: Qualcomm Snapdragon 617
  • Тезкор хотира: 3 ГБ
  • Ички хотира: 16 ГБ
  • Камера: 13 МП
  • Экран диагонали: 5.2″

Meizu Pro 6: қаҳратонга энг бардошли

Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, бу смартфонни ҳатто -15°С гача бўлган қаҳратонда ҳам қўрқмасдан ишлатиш мумкин. Мана бунисини «морж» деса бўлади! Meizu’нинг бошқа смартфонлари, масалан, MX6 ва U20 учун ишлатиш мумкин бўлган энг паст ҳарорат -10°С га тенг. Meizu Pro 6 нинг энг зўр томони –Cirrus Logic CS43L36 овоз чипи бўлиб, у товушнинг янграши сифатини Hi-Fi даражасигача кўтара олади. Қурилманинг ишлаш тезлиги ҳам чаккимас: ўн ядроли MediaTek Helio X25 ҳамда 3 ГБ тезкор хотира. 21 мегапикселли асосий камераси эса лазерли автофокус билан таъминланган.

Meizu Pro 6 32GB ҳақида қисқа тавсиф

  • Операцион тизим: Android 6.0
  • Процессор: MediaTek Helio X25
  • Тезкор хотира: 4 ГБ
  • Ички хотира: 32 ГБ
  • Камера: 21.16 МП
  • Экран диагонали: 5.2″

OnePlus 3: флагманлар қотили

Юқоридаги кўпчилик моделлардаги каби, бу смартфон ҳам -10°С гача бўлган совуқдан қўрқмайди. Ҳамма нарсани бирданига ва арзонроққа олишни истовчилар учун зўр танлов. Qualcomm Snapdragon 820 процессори, 6 ГБ тезкор хотираси, оптик барқарорлаштириш функциясига эга 16 мегапикселли камера, силлиққина металл корпус – бундан ортиқ нима керак, ахир!?

OnePlus 3 64GB ҳақида қисқа тавсиф

  • Операцион тизим: Android 6.0
  • Процессор: Qualcomm Snapdragon 820
  • Тезкор хотира: 6 ГБ
  • Ички хотира: 64 ГБ
  • Камера: 16 МП
  • Экран диагонали: 5.5″

ZTE Axon 7: Hi-Fi сифатли овоз

Ҳатто -10°С совуқда ҳам ўчиб қолмайдиган, «қилиқ қилмайдиган» флагман смартфон. Албатта, унинг «юраги» ҳам бақувват – Qualcomm Snapdragon 820. Лекин бу ҳам асосийси эмас. Биринчидан, унинг ичига Dolby Atmos 7.1 тизимини қўллаб-қувватловчи иккита Hi-Fi-чип: АКМ AK4961 ва AK4490 ўрнатилган. Иккинчидан, тасвирни оптик барқарорлаштирувчи 20 мегапикселли камераси бор. Учинчидан, 2560х1440 нуқтали экрани 5,5 дюйм диагонал ўлчамида бўлиб, табиий кўриниши билан кўзни қувнатади.

ZTE Axon 7 64GB ҳақида қисқа тавсиф

  • Операцион тизим: Android 6.0.1
  • Процессор: Qualcomm Snapdragon 820
  • Тезкор хотира: 4 ГБ
  • Ички хотира: 64 ГБ
  • Камера: 20 МП
  • Экран диагонали: 5.5″

Microsoft Lumia 650: совуққа бардошли винфон

Windows 10 тизимида ишловчи бу смартфон ҳам -10°С совуқда бемалол ишлаши мумкин. Унга оддийгина Qualcomm Snapdragon 212 процессори, атиги 1 ГБ тезкор хотира ва камтаргина 8 мегапикселли камера ўрнатилган. Шунга қарамай, Microsoft’нинг даъво қилишича, у «иш учун ҳам, ахборот технологияларини бошқаришда фойдаланиш учун ҳам жуда мақбул ечим» эмиш! Бу жиҳатларини билмадик-ку, лекин совуққа бардошлилиги билан у мазкур рўйхатимиздан муносиб ўрин олган.

Microsoft Lumia 650 ҳақида қисқа тавсиф

  • Операцион тизим: Windows 10 Mobile
  • Процессор: Qualcomm Snapdragon 212
  • Тезкор хотира: 1 ГБ
  • Ички хотира: 16 ГБ
  • Камера: 8 МП
  • Экран диагонали: 5″

Хўш, энди булар орасидан «қишфон» танлашга тобингиз қалай?

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!