Совутгични қандай кўчириш керак?

Совутгични қандай кўчириш керак?

Совутгич, шубҳасиз, энг муҳим маиший техника воситаларидан бири ҳисобланади. Аввалроқ сайтимизда совутгич харид қилганда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар тўғрисида маълумот берган эдик. Ушбу мақолада эса совутгични бир жойдан бошқа жойга тўғри кўчириш ҳақида гаплашамиз.

Агар совутгични сотиб олиб, уни кўчириш пайида бўлсангиз, ёдингизда тутинг: совутгични доимо вертикал ҳолатда кўчириш керак! Тўғри, баъзида бунинг имкони бўлмаслиги мумкин, бироқ шундай қилинса, албатта, фойдадан холи бўлмайди.

Нега совутгични горизонтал ҳолатда кўчириш мумкин эмас?

Одатда, совутгични тўғри кўчириш қоидалари маҳсулотнинг фойдаланиш йўриқномасида кўрсатилган бўлади. Мабодо харид қилинган совутгич бузилса ёки унинг ишида носозлик кузатилса, ва ушбу носозлик нотўғри кўчириш натижасида пайдо бўлгани аниқланса, ишлаб чиқарувчи қурилмага нисбатан кафолат хизматини кўрсатмаслиги мумкин. Совутгични горизонтал ҳолатда кўчириш оқибатида компрессордаги мой оқиб кетиши, турли компонентларнинг ифлосланиши, улагичларнинг тушиб кетиши ёки буғлатгичдаги найчаларнинг бузилиши эҳтимолдан узоқ эмас.

Вертикал ҳолатда совутгични кўчиришнинг имкони бўлмаганда нима қилиш керак?

Бундай вазиятда совутгични 40 градус бурчак остида (ярим ётқизган ҳолатда) кўчириш мақсадга мувофиқ бўлади. Бироқ бундай ҳолатда кўчириш вақтида совутгич қаттиқ ҳаракатланмаслиги талаб этилади. Компрессордаги мой ўз ўрнига тушиши учун янги жойда совутгич тахминан 6 соат давомида туриши керак.

Совутгични нимада кўчирган маъқул?

Имкони борича совутгични махсус аравача ёрдамида кўчирган маъқул. Агар арава бўлмаса, уни вертикал (ёки ярим вертикал) ҳолатда икки киши ён томондан ушлаган ҳолда кўчириши керак. Уни горизонтал ҳолатда кўчириш мумкин эмас.

Ferra нашри материаллари асосида тайёрланди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!