SpaceX тарихда илк бор 1 ракетани 2 марта фазога учиришга эришди

SpaceX тарихда илк бор 1 ракетани 2 марта фазога учиришга эришди

Элон Маскнинг SpaceX космик техника ва технологиялар ишлаб чиқарувчи компанияси инсоният тарихида илк маротаба фойдаланилган ракетани фазога иккинчи маротаба учиришга ва Ерга қайта қўндиришга муваффақ бўлди. 31 март куни Falcon 9 номли ракета Люксембургга тегишли компаниялардан бирининг сунъий йўлдошини орбитага етказиб берган. Ракета Атлантика океанига қўндирилган ва айни пайтда ўз платформасига қайтарилган. Буни 15 йилдан буён изланишлар олиб бораётган SpaceX компаниясининг илк меваси, дейиш мумкин.

Мазкур тажриба жараёни Марс сайёрасида ўз шаҳарчасига асос солиш орқали Ер ва бошқа сайёралар ўртасида аэро-қатновни йўлга қўйиш истагидаги Элон Маскнинг қарашларини амалда исботламоқда.

Маълумки, космосга саёҳат қилишда энг катта харажат ракеталар яратиш учун қилинади. Фойдаланилган ракеталардан қайта фойдаланиш борасида Элон Маск ва Amazon.com Inc. асосчиси Жефф Безоснинг фикрлари бир вақтлар мутахассислар томонидан ақлбовар қилмас, кулгили ғоя сифатида қабул қилинган эди.

Элон Маск мазкур қатновларда битта ракетадан бир неча маротаба фойдаланиш таклифини бир неча йиллардан бери илгари суриб келади. Мана, йиллар ўтиб бу ғоя ўзини оқлади. Мисол учун, $62 миллион доллар эвазига бунёд этилган Falcon 9 ракетасидан ҳам сайёралараро ҳаво рейсларида фойдаланиш парвоз сарф-харажатларининг кескин қисқаришига хизмат қилади.

“Тўғриси ўзим ҳам гангиб қолдим. Барча рад этган ғоянинг амалда ижобий якун топгани фақат SpaceX учун эмас, космик саноат учун ҳам чиндан буюк ҳодиса. Бу космосга саёҳат орзуси йўлидаги инсоният учун улкан технологик инқилоб бўлди”, дейди 45 ёшли Элон Маск. NASA эса бу воқеага нисбатан Twitter тармоғидаги саҳифасида “SpaceX’ни яна бир тарихий парвоз билан табриклаймиз!” муносабатни қолдирган.

SpaceX 2017 йилда орбитага ҳозирча 4 та ракета учирган ва жорий йилда жами 24 тагача ракета учиришни режа қилган. Кейинчалик астронавтлар бошчилигидаги махсус экипажларни ҳам самога учиришга тайёргарлик кўрилмоқда. Хусусан, жаноб Маск 2018 йилда йирик миқдорда маблағ тиккан 2 нафар фуқарони 1 ҳафталик космик саёҳатга юбориш тадоригини кўрмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!