«Спарта: Империялар уруши» электрон ўйини: тавсиф, тавсиялар

«Спарта: Империялар уруши» электрон ўйини: тавсиф, тавсиялар

Спарта давлати жаҳон тарихига бирор файласуф, санъаткор ёки рассом туҳфа қилган эмас. Аммо у ўзининг мард ва жасур, танида куч-қудрат жўшган паҳлавон жангчилари билан машҳур. Уларнинг “Бу – Спарта!” деган ҳайқириғи қаршисида ҳаттоки кўпчилик кучли деб билган инглиз актёри Жейсон Стетҳем ўйнаган образ ёки «5 элемент» қаҳрамони Дива ҳам ўзини йўқотиб қўйиши аниқ.

Браузер, мобиль ва ижтимоий электрон ўйинлари билан машҳур Plarium Global Ltd. халқаро компанияси ишлаб чиқарувчилари томонидан 2014 йилда тақдим этган «Спарта: Империялар уруши» электрон ўйини ижодкорлари «300 спарталик» фильмининг бош роль ижрочиси Жерард Батлердан илҳомланган бўлишса ажаб эмас. Аммо ўйин фильмдан ҳам кўра оммалашиб кетди.

Ўтмишдаги тарих

Ўйин яратувчилари унинг сюжети ва номи ҳақида кўп ҳам бош қотириб ўтирмадилар ва Спарта тарихига оид қўлёзма, китобларга бир қур назар ташлаб қуйидаги ривоятни яратдилар. Милоддан аввалги 5-аср, Қадимги Юнонистон. Баттол ва қудратли Форс шоҳи Ксеркс бутун борлиқни забт этиб, жаҳоннинг ҳар қаричини ўз измига бўйсундириш учун лашкар тортади. Ерни бу қонхўр зулмидан ҳимоя қилиш қаҳрамон зиммасига, яъни ўйинда йўлбошчи ролини ўйнаётган сизнинг зиммангизга юкланади. Сизга қирол Леониднинг ўзи вазият юзасидан маслаҳат ва тавсиялар бериб боради.

Ўйин қоидалари

Агар сиз моҳир геймер бўлсангиз, жумладан «Might and Magic Heroes» (Орзу ва афсун қаҳрамонлари) ёки «Rules of War: Nuclear Strategy» (Ўйин қоидаси: Ядро стратегияси) каби электрон ўйинларни ўйнашда тажрибага эга бўлсангиз, бу ўйинни ҳам кўз юмиб ўйнай оласиз. Агар мулоҳазали бўлсангиз, қирол Леонид сизга йўл-йўриқ кўрсатиб, сизни “Юлдузлар жанги”нинг қаҳрамони сингари ўз қувватини йўналтириш қобилиятига эга қилади. Акс ҳолда, кўп гапирсангиз, у сизни жарга улоқтиради.

Биринчи навбатда ўз шаҳарчангизни бунёд этинг. Қурувчиларни сотиб олинг. Сизда 4 нафар уста-дурадгор сотиб олиш имкони бўлади. Шунда сизнинг шаҳарчангиз тезроқ қурилади.

Навбатдаги муҳим қадам Гермеснинг қурбонлик меҳробини қуриш бўлса, мақсадга мувофиқ. Бу эса 1000 тангага тушади. Кейинчалик унинг учун сизга бронза ва 5 фоиз ёғоч бериб борилади.

Ўйиндаги ҳар бир акция ва бонусдан фойдаланинг. Айниқса, ўйин аввалида сизга чегирма таклиф қилинади. Ундан фойдаланинг. Ўйиндан ҳузурланиш истагингиз бўлса, бунинг учун маблағ тикинг.

«Спарта»да 3 та шаҳарчани эгаллаб, уларни ресурсларига эгалик қилиш мумкин. Шаҳарчани забт этгач, у ерга катта миқдорда армияни қолдирманг. У ерда кучсизроқ кам сонли армияни қолдиринг. Айниқса, ҳужумкор қўшинни қолдира кўрманг. Акс ҳолда, ундан ажралиб қоласиз. Яхшиси, шаҳарчада 10 нафар жосусни қолдиринг. Қолган аскарларни Акрополда сақланг.

Кўпчилик геймерларга хос хато шуки, бирор полисни қўлга киритиши асносида улар аввал кучсиз кейин кучли қўшинни шаҳарга юборадилар. Кучсиз аскарлар бўш шаҳарни эгаллаб олади ва мадад кучи сифатида етиб келган кучли виртуал қўшин шаҳарга келиши билан ғаним Акрополга яширинган армиясини чиқариб, шаҳарни эгаллаган армияни тор-мор қилади. Шунга диққатли бўлинг.

Рим ҳам бир кунда қурилмаган. Спартани бунёд этиш эса бундан ҳам узоқ вақт ҳамда жиддий масъулиятни талаб қилган. Ўйинда 4 кўринишдаги ресурсдан фойдаланилган: ёғоч, дон-дун, бронза ва тангалар. Дастлабки уч ресурсга эга бўлиш жуда оддий: тахта тилиш устахонаси, деҳқончилик фермаси ҳамда темирчилик устахонасини ташкил этиш зарур бўлади. Шу орқали заҳира миқдори ошиб, вазифа уддаланади. Аммо тангалар ишлаб топиш учун тер тўкиш керак: Леониднинг шарт ва истакларини бажариб, ўйин қаҳрамонини тобора такомиллаштириб бориш орқали тангаларга эга бўлиш мумкин.

Олтин тангаларга энг яхши жанг қиладиган ҳарбийлардан сотиб олиш ҳамда иншоотлар қуриш керак. Бироқ, тўғри ва кўчма маънода ҳам сахийлик қилишга ҳам тўғри келади: қўшимча виртуал маблағни тўғри йўналтириш, бошқа давлатлар билан дипломатик муносабатлар ўрнатиш, армияни кенгайтириш учун моҳир сиёсатчи ва малакали иқтисодчи бўлиш керак.  Шунингдек, виртуал ўйинда кучлилар билан дўст бўлиш керак.

Мисол учун, Қадимги Юнонистоннинг Аканф шаҳрида давлатнинг энг моҳир найза отувчилари сотилса, Критдан ўткир кўз камонбозларни харид қилиш мумкин. Ўйинда жами 30 дан зиёд образдаги ҳарбий образ иштирок этган: қуролланган юнон пиёдалари, қўрқмас махлуқ – мирмидон, македониялик чавандозлар ва ўйин бош қаҳрамонлари бўлмиш спарта жангчилари.

Жангчиларнинг мушаклари янада кучга тўлиши, мушти зарбдор бўлиши учун машғулотлар оромгоҳини ташкил этиш керак бўлади. У ерда аскарлар ўзаро беллашиб, кучга тўладилар. Агар жангчиларингни майиб бўлишларини томоша қилишни истамасанг, қўлингга найза олда рақибларга қарши жанг қил.

Бу армияни олға бошлаш, қўшимча тажрибага эга бўлиш ва ҳарбий тактикани ўрганиш учун айни муддао. Аммо илк ғалабалардан руҳланиб кетиб сиз қудратли Форс давлат билан курашаётганингизни ҳам унутиб қўйманг. Жасур форслар ҳам кутилмаганда улар улкан махлуқларида сизга ҳужум қилиб қолишлари мумкин.

Ўйин ўйнаётганда шаҳарни ўраб олиш тактикаси қанча кўп қўлланса, душманнинг қўққис ҳужуми ҳам шу қадар кўпаяди. Бу худди “Қаҳрамонлар” ўйинидаги ҳолатга ўхшаб кетади, тўғрими? Шунингдек, ўйинда шаҳарни забт этишнинг “Бунт”, “Колонизация”, “Ҳужум”  каби 4 усули таклиф этилади.

Иттифоқдошлар

Модомики нима қиларини билмай зерикиб ўтирган хонадош ёки қўшнингиз бўлса, уларни ҳам ўйинга қўшиб олинг. Бунинг учун ишлаб чиқарувчилар “Иттифоқ” ташкил этишган ва у ерга сиз ўзингиз истаган геймерларни қўшишингиз мумкин. Айтишади-ку, бир калла – калла, икки калла – тилла! Ксерксга қарши йўналтирилган шамшир сони қанча кўп бўлса, шунча яхши. Бу ўйинни янада қизитади.

4

«Спарта: Империялар жанги» ўйинида геймер қанча кўп бўлса, у шунча қизиқарли тус олади. Қасрда ўтириб давлат сиёсатини такомиллаштириш, жангга эса иттифойдошларни тушириб, фронт ортида уларни қўллаб-қувватлаб туриш мумкин.

Сўнгра махфий жамият тузиб, унга йўлбошчилик қилиш, душманнинг сир-асрорини билиб унга ички зарба бериш ҳам мумкин. Ёки жангга қилич кўтариб спарталикларга хос руҳда очиқча кириш керак.

Бу телбалик эмас, бу – Спарта тақдири учун жанг!

Агар геймер ўйинда очиқча жанг тактикасини қўлласа, шуни унутмаслик керакки, Ксеркс устидан ғалаба қозониш ва Юнонистонни бошқариш учун унга узоқни кўзлаган стратегия ва кучли армия керак бўлади. Кинодаги каби, бунинг учун 300 та аскар камлик қилади.

Мазкур электрон ўйинда 4 турдаги ҳарбий қўшин мавжуд. Уларнинг ҳар бири жанг маҳалида ўзининг вазифасини бажаради.

Енгил пиёдалар бирор қўрғонни босиб олишда иштирок этиш баробарида жосуслик ҳам қилишади; оғир қуролланган пиёдалар эса ўткир қуролларни душманга улоқтирадилар; найза ва қалқон билан таъминланган фаланга, яъни жипс сафга тизилган кўп қаторли пиёда аскарлар душман армиясини ёриб киради; сипоҳийлар эса мудофаани таъминлаб, асосан армияни ҳимоя қиладилар.

Шунингдек, сиз виртуал армияга ёлланма жангчиларни ҳам жалб қилишингиз мумкин. Жанговар филбонлар, афсонавий жанговар амазонкалар, чемпион ва капитанлар, туғдорлар сизга музаффар қозонишингизга ёрдам берадилар. Ва, бунинг учун пул керак, албатта.

Ўйин том маъноси нимадан иборат?

Ана энди юқоридаги фикрларни умумлаштирсак. Ўйиннинг энг катта ютуғи – унда реал ҳаётга жуда ўхшаш график-тасвирлардан фойдаланилгани, унга профессиональ даражада овоз ва мусиқий иқлим берилгани. Айтганча, унинг мусиқалари электрон ўйинлар саноатининг машҳур бастакори Йеспера Кюда томонидан басталанган.

Сиз ўйин ўйнаш чоғида руҳий ором оласиз, ўзингиздаги лидерликка хос кўникмаларни кашф қиласиз, тарих билан юзма-юз бўласиз.

Рассомлар саъй-ҳаракати эвазига геймерлар ўзларини от-арава ҳамда суворийлар юраётган, далада ишлаётган деҳқонлар, гоҳ-гоҳ майса узиб кавшаётган отлар манзараси акс этган жонли шаҳар қўйнида ҳис қиладилар. Шаҳар, харита ҳамда ундаги ҳар бир деталь, ҳаттоки шаҳар фаровонлиги учун хизмат қилиш ўрнига бекор ўтирган одамнинг ҳолати ҳам аниқ-тиниқ намоён бўлади. Қолаверса, қадимий юнон турмуш тарзининг нафаси уфуриб турган мусиқий муҳит сизни мафтун қилади.

Тарихий жиҳатдан эса қурол-аслаҳалар маҳорат билан ва ўзига хос кўринишда яратилган. Уларнинг тарихчилар билан ҳамкорликда ишлангани кўриниб турибди. Яна бир аҳамиятли жиҳати – ҳаракатланиш эркинлиги. Урушни истамаган киши қасрда ўтириб, жанг қилаётган армияни моддий ва маънавий қўллаши мумкин.

Facebook «Спарта: Империялар жанги»ни 2014 йилнинг энг яхши электрон ўйини сифатида эътироф этган. Ўйинда кўп фойдаланувчилар иштирок эта олиши, ўйиннинг узоқ давом этиши ва ақлий салоҳиятни ҳам талаб этиши унинг ишқибозлари сонини ошишига хизмат қилмоқда. Дунёни қутқариш учун ҳамма шароит бор, сиздан эса чинакам мард ва афсонавий спарталик бўлиш талаб этилади.

Ўйинни браузер орқали ўйнаш.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.