Spotify'нинг пуллик обуначилари сони 158 миллионга етди. Тез орада пуллик подкастлар пайдо бўлади

Spotify'нинг пуллик обуначилари сони 158 миллионга етди. Тез орада пуллик подкастлар пайдо бўлади

Spotify мусиқий стриминг (оқимли) хизматининг пуллик фойдаланувчилари сони 158 миллионга етди.

Ўтган биринчи чорак якунларига кўра, саноат етакчисининг жами мижозлари сони 2020 йил тўртинчи чорагидагига қараганда 3% га, пуллик обуначилар сони эса 2% га ошган. Йиллик ўсиш кўрсаткичи 21% ни ташкил этган бўлса, даромад 16% га кўпайган.

Компания прогнозича, яқинда АҚШ, Буюк Британия ва Европада нархларнинг оширилганига қарамай, тез орада пуллик обуначилар сони 162 миллионга етади.

Spotify ўзининг 356 миллион ойлик фаол фойдаланувчилар сони бўйича бошқа мусиқий стриминг хизматлари орасида етакчилик қилади. Apple анчадан буён фойдаланувчилар сони бўйича маълумот эълон қилмаган, охирги марта 2019 йил июнь ойида Apple Music фойдаланувчилари сони 60 миллионга етагани ҳақида хабар берилганди холос.

Spotify тез орада пуллик подкастларга обуна бўлиш функциясини жорий қилишини ҳам маълум қилди. Пуллик подкастлар қаторига инглиз тилидаги Tiny Leaps, Big Changes («Кичик қадамлар, катта ўзгаришлар») ва Mindful in Minutes («Дақиқалар ичида диққатли») кабилар киради.

Пуллик подкастлар тайёрловчи подкастерлар дастлабки икки йил давомида Spotify'га ҳеч қандай ҳақ тўламайдилар, бироқ 2023 йилдан бошлаб, подкаст обунасидан келган тўловларнинг 5% ини Spotify ўзига олиб қолади. Подкастерлар ўз тингловчиларидан ойига 2.99, 4.99 ва 7.99 долларгача тўлов олишлари мумкин бўлади.

ЎҚИНГ: Spotify ҳақида қизиқарли 10 та факт

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.