Starlink фазовий интернетининг тезлиги анча ошди

  •   DiMaX
  •  1026
  •  07.09.2020 15:42

Starlink фазовий интернетининг тезлиги анча ошди

Илон Маскнинг битмас-туганмас режалари орасида амалга ошишга энг яқини ҳозир айнан Starlink бўлиб турибди. SpaceX компаниясининг ушбу лойиҳаси бутун Ер юзини тезкор интернет билан таъминлашга мўлжалланган.

ЎҚИНГ: Интернет тезлиги бўйича жаҳон рекорди янгиланди – сониясига 178 терабит!

Starlink фазовий интернетидан фойдаланишни истовчилар учун унинг расмий сайтида аризалар қабули бошланган. Кейинроқ эса ундаги аризада манзилни кўрсатиш имкони ҳам пайдо бўлган. Лекин кутилмаганда мазкур хизматни синаб кўрганларнинг ҳафсаласи пир бўлган эди.

Энди эса, SpaceX компанияси сўнгги партияда яна 60 та янги сунъий йўлдош учирди ва уларнинг умумий миқдори 700 донадан ошди. Бу эса ҳозирча синов доирасида тақдим этилаётган Starlink интернетининг тезлиги сезиларли даражада ошувига замин яратди.

«Starlink жамоаси ушланиб қолишлар статистикасини тўплади ва тизимнинг тезлиги бўйича стандарт тестлар ўтказди, – дейишади SpaceX муҳандислари. – Бу шуни англатадики, биз йўлдошларимиздан мижозгача, кейин эса аксинча йўналишда – интернетнинг қолган қисмигача маълумотлар қанчалик тезкор узатилишини текширамиз. Дастлабки натижалар яхши бўлди».

Бу ердаги «яхши» сўзига аниқлик киритиб муҳандисларнинг таъкидлашларича, айни дамда ўта паст пинг ҳолатида тезлик 100 Мбит/сонияни ташкил этмоқда; бу эса бир вақтнинг ўзида ҳар қандай онлайн ўйинни ўйнашга ва юқори сифатли бир нечта фильмни трансляция қилишга бемалол етади. Starlink мутахассисларининг сўзларига кўра, ҳаттоки шунча юклама билан ишлаганда ҳам, тизимнинг «ўтказувчанлик қобилияти ортиб қолади».

Таъкидлаш керакки, Илон Маск бу лойиҳаси доирасида гигабитлик тезликдаги интернет ваъда қилган. Лекин компаниядан аниқлик киритишларича, бунақа натижага эришиш учун орбитага камида 4400 та сунъий йўлдош чиқарилиши лозим. Бу эса ҳозиргача учирилганларидан бир неча бараварга юқори кўрсаткичдир.

ЎҚИНГ: Илон Маск киборг-одамлар учун янги чипни ва киборгга айлантирилган чўчқани кўрсатди (видео)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!