“Стартап ташаббуслари” дастури 33 та стартап лойиҳаларни ишга туширишда ёрдам беради

“Стартап ташаббуслари” дастури 33 та стартап лойиҳаларни ишга туширишда ёрдам беради

Uz24.Uz‘нинг ёзишича, Республикамизда ёшлар томонидан ишлаб чиқилган стартап ташаббусларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган уч ойлик Дастур старт олди.

Дастурга АКТ ва маълумот хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва йўл инфратузилмаси, тиббиёт, молия ва тўлов тизимлари, “ақлли уй”, текстил ва мода, Internet of Things (“Нарсалар интернети”), ресторан бизнеси, таълим, ҳуқуқшунослик ва бошқа шу каби соҳаларга тааллуқли лойиҳалар киритилди.

Ушбу дастур доирасида ёш стартап лойиҳачилар “камчиқим стартап” (Lean Startup) услубияти, лойиҳани ривожлантириш борасида махсус йўл харитасини тузиш, прототип яратиш, дастлабки сотувларни ташкил этиш кабилар ҳақида маълумот берилади. Дастур жараёнида иштирокчилар “трекерлар” (яъни жамоанинг ривожланишини кузатувчи ва жамоа олдига қўйилган мақсадларга эришиш масалалари бўйича унга тегишли тавсиялар берувчи тажрибали устозлар) билан маслаҳатлашиши ҳамда ҳар ҳафталик “трекшн-учрашувлар”, яъни “трекерлар” билан лойиҳа ривожланиши масалаларини муҳокама этиш учун ташкил этиладиган йиғилишларда қатнашиб, ўз хатоларини белгилаши, уларни ўрганиб бартараф этиш имконига эга бўлади.

Мазкур уч ойлик дастур якунлари асосида лойиҳа муаллифлари ўз ишларини Demo Day, яъни тақдимот кунида потенциал сармоядорларга, инвесторларга тақдим этиши кутилади.

Эслатиб ўтиш лозимки, ушбу дастурга танлов жорий йилнинг бошида очиқ деб эълон қилинган эди. Дастур очилишидан уч ой ўтар-ўтмас Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларидаги 33 та олий таълим муассасадан 308 та ариза қабул қилинди. Дастлабки танлов натижалари асосида 196 лойиҳа танлаб олиниб, ушбу лойиҳа муаллифлари билан суҳбат ўтказилди. Ушбу муаллифларнинг 66 нафари лойиҳаларни тақдим этиш қобилият ва кўникмаларини ривожлантириш мавзусига бағишланган махсус тренингларда қатнашиб, якка тартибда тажрибали “трекерлар” билан яқиндан ишлашга муваффақ бўлди. 57 та лойиҳа якуний босқичга ўтиб, экспертлар жамоаси иштирокидаги кенгайтирилган тақдимот йиғилишида муҳокама этилди. Йиғилишга таклиф этилган экспертлар турли вазирлик ва давлат идоралари, хусусий сектор, ННТ ва бошқа турдаги ташкилотлар вакиллари бўлиб, тақдим этилган лойиҳаларни ривожлантириш юзасидан ўз тавсия ва маслаҳатларини берди.
Айтиб ўтиш жоизки, мазкур ташаббус Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва БМТ Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистон бизнес форуми (3-босқич)” қўшма лойиҳаси доирасидаги инклюзив бизнес моделларини илгари суриш йўналишининг бир қисми сифатида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг мазкур йўналиши янги иш ўринларини яратиш, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, мамлакат аҳолисининг фаровонлигини ошириш каби мақсадларга бағишланган.

Дастурга Жанубий Африканинг Sasol компанияси, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамда Эвропа Иттифоқининг “Бошқарув кадрларни тайёрлаш дастури” молиявий ёрдам кўрсатади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!