Стартапларни вазирлик молиялаштирмоқда

  •   DiMaX
  •  369
  •  02.04.2019 17:22

Стартапларни вазирлик молиялаштирмоқда

Жорий йилнинг 1 апрель куни Инновацион ривожланиш вазирлиги стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун сертификатлар тақдим этди. Бу тўғрида вазирлик сайтида маълумот эълон қилинган.

ЎҚИНГ: «Илм-фан ва технологияларда хотин-қизлар» Марказий Осиё ҳафталиги: стартапларни АҚШлик инвесторлар танлайди!

Вазирлик томонидан ўтган йилнинг сентябрь ойида ўз харажатларини ўзи қоплаш асосида молиялаштириш учун устувор инновацион, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва “Startup” лойиҳалари танлови эълон қилинган бўлиб, танловга 500 тадан зиёд лойиҳалар келиб тушган. Танловда қатнашган лойиҳалар долзарблиги, тижоратлаштириш имконияти, натижадорлиги нуқтаи назаридан ўрганилди. Қабул қилиб олинган лойиҳаларни илмий-техник кенгаш экспертизадан ўтказиб, бугунга кунга қадар улардан 12 таси танлаб олинди.

– Бугун ҳам қувончли, ҳам масъулиятли кун, – деди Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ғолибларга мурожаат қиларкан. – Сизга ишониб топширилаётган маблағлар халқимизга фойда келтирадиган, иқтисодимизнинг ўсишига хизмат қиладиган маҳсулотларни ишлаб чиқарилишига умид қиламиз.

Танлов мавзу бўйича чегараланмаган бўлиб, унда турли соҳа вакиллари иштирок этдилар. Молиялаштирилишга лойиқ деб топилган лойиҳалар турли йўналишлар бўйича инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган – экинларни касалликлардан ҳимояловчи органик ўғитлар, ерёнғоқдан диабетик ҳолва ва пасталар, госсипол смоласидан битум, топинамбурдан шифобахш препарат, мактабгача ва бошланғич синф ёшидаги болалар учун электрон конструктор, юқумли касалликларнинг олдини олувчи инновацион препаратлар шулар жумласидандир.

Танловда қатнашган иштирокчиларнинг сони кўп бўлгани боис, уларнинг аксариятининг ишланмалари лойиҳалаштирилмагани боис, албатта, норозиликлар ҳам вужудга келди. Аммо шу ўринда уларнинг аксарияти стартап лойиҳалар талабларига жавоб бермагани, лойиҳаларни амалга ошириш натижасида инновацион маҳсулот ишлаб чиқарилмаслиги, ёки молиялаштириш учун сўралган маблағларнинг мақсадисиз деб топилганини қайд этиш жоиз.

Танлов ғолибларининг аксарияти грант маблағлари билан бир қаторда лойиҳада ўз маблағлари билан иштирок этмоқдалар. Ўз маблағлари бўлмаган тақдирда тадбиркорлар сафидан инвесторларни жалб қилишга муваффақ бўлганларки, бу ҳам бўлса уларнинг лойиҳаларининг натижадор бўлишига ишончни орттиради.

– Давлатнинг пулини олиб, ишлатиш осон, – дейди шу ўринда стартаплар илмий-техник кенгашининг раиси, тадбиркор Ҳасан Мамасаидов. – Лойиҳанинг нақадар омадли бўлиши, тадбиркорнинг ўз маблағини сарфлашга тайёрлиги билан ҳам баҳоланади. Инновацион маҳсулот ишлаб чиқариш учун уйининг атрофини пишиқ ғишт билан ўраб олиш ёки қишлоқ хўжалиги ишларини амалга ошириш учун қиммат трактор харид қилиш учун маблағ сўраш ўринсиздир. Стартап лойиҳаларда ҳам худди ҳар қандай бизнесдек, имкон қадар кам пул сарфланиб, кўп даромад кўриш имкониятлари изланиши керак.

Ўз бизнес моделларини кейинчалик хорижга экспорт қилиш, таъбир жоиз бўлса, бутун дунёга ёйиш имкониятини қўлга киритган танлов ғолиблари юртимиз инновацион экотизимини яратишлари учун кенгроқ шароитлар яратиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги уларни Илғор технологиялар марказидаги Илмий стартаплар акселераторининг резидентлари бўлишга таклиф этди. Акселераторда улар мазкур соҳада халқаро тажрибага эга менторларнинг хизматларидан фойдаланишлари мумкин бўлиб, менторларнинг маслаҳатлари билан стартап лойиҳаларининг муваффақиятли кечишига замин яратилади, янги маҳсулотларни бозорга олиб чиқишларида рақобатбардошликни ошириш йўллари изланади.

Яқин кунларда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан стартап лойиҳаларнинг янги танлови эълон қилинади. Навбатдаги танловга стартап лойиҳаларига қўйиладиган талабларга мос лойиҳаларнинг топширилишида танловнинг илк ғолиблари орттирган тажрибалари катта аҳамиятга эга. Бунда илк ғолиблар ўз тажрибалари билан ўртоқлашишга тайёрлиги муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бир қаторда Инновацион ривожланиш вазирлиги янги танловда барча инноваторлар, тадбиркорлар, илмий салоҳияти бор, техник кўникмаларга эга ижодий фикрлайдиган барча юртдошларимизни танловда фаол иштирок этишга чорлайди.

ЎҚИНГ: Bank talks ва «Стартап-ташаббуслар»: Тошкент шаҳрида «BankExpo-2019» кўргазмаси ўтказилади

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!