Стив Жобс вафотидан кейин "Озодлик медали" билан тақдирланди

Стив Жобс вафотидан кейин

Apple асосчиси ва собиқ бош директори Стив Жобс вафотидан кейин президент Жо Байден томонидан "Озодлик медали" билан тақдирланди, дея хабар бермоқда The Verge нашри Оқ уй эълон қилган баёнотга асосланиб. Президентнинг "Озодлик" медали фуқарога берилиши мумкин бўлган АҚШнинг энг олий мукофотидир ва у "Қўшма Штатлар фаровонлиги, қадриятлари ёки хавфсизлиги, дунё тинчлиги ёки бошқа муҳим ижтимоий, оммавий ёки шахсий ҳаракатлар учун намунали ҳисса қўшган шахсларга” берилиши айтилади Оқ уй баёнотида.

Шунингдек, Оқ уй ўз баёнотида Жобснинг турли йўналишларга креатив ёндашувини юқори баҳолади. "Стив Жобс Apple асосчиси, бош ижрочи директори ва раиси, Pixar компаниясининг бош директори бўлган ва Уолт Дисней компаниясида етакчи рол ўйнаган. Унинг қарашлари, тасаввурлари ва креативлиги дунёнинг мулоқот қилиш усулини, шунингдек, компютер, мусиқа, кино ва симсиз тармоқларни ўзгартирди ва ўзгартиришда давом этаётган ихтироларга олиб келди", деб ёзади Оқ уй.

Жобс 1976 йил апрел ойида Apple'га асос солган ва у бугунги кунда дунёдаги энг йирик компаниялардан биридир. Таъкидлаш керакки, у Mac, iPod ва iPhone каби маданий таянч нуқталарига айланган кўплаб технологик маҳсулотларни ишга туширишга ёрдам берган. Стив Жобс 2011 йилнинг 5 октабрида вафот этган.

ЎҚИНГ: Apple раҳбарларидан бири Samsung'ни ўғирликда айблади

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.