Стив Жобснинг башорати тасдиғини топди: Apple гаджетлари кичрайишни бошлади

Стив Жобснинг башорати тасдиғини топди: Apple гаджетлари кичрайишни бошлади

Apple 21 март куни Калифорния штатининг Купертино шаҳрида жойлашган бош қароргоҳида ташкил этаётган намойиш компания ҳар йили баҳор ва кузда ўтказадиган 2 та йирик тадбирлардан бири ҳисобланади. Баҳор ва куз Apple’нинг ишқибозлари учун янги инновациялар тақдимоти учун кутилган фурсатдир.

Жаҳоннинг энг қиммат компаниясининг даромадидан сўнгги йилларда барака қочди. Компания 2015 йилнинг 1-чорагида 58 миллион АҚШ доллари миқдорида фойда кўрган бўлса, жорий йил биринчи чорагидаги фойда узоғи билан 53 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда.

Бу эса компаниядан халқаро бозордаги аҳамиятини сақлаб қолиш учун курашишни талаб қилади.

Аммо сўнгги вақтларда Apple ва АҚШ Федерал тергов бюроси ўртасидаги низолар, компаниянинг жиноятчилар томонидан фойдаланилган iPhone’га оид маълумотларни тақдим этишни рад қилиш билан боғлиқ можаролар барчанинг диққат-марказида турибди. Компания айнан шу масалага бағишланган суд ишидан бир кун аввал, 21 март куни мухлисларини янги талқиндаги маҳсулотлари билан таништирмоқчи.

Ихчам iPhone

Ҳа! Ихчам ёки жажжи айфон деган жумла Apple’га у қадар ҳам “ёпишмаяпти”. Сабаби Apple катта ва ёрқин экранли мобиль воситалари билан кўпчиликни мафтун қилган эди. Айнан шу турдаги гаджетлар 2015 йилда компания тарихида энг кўп фойда кўрилган чоракни қўлга киритилишида хизмат қилди.

Гарчи, 2014 йилнинг 9 сентябрида намойиш этилган, 12 сентябрдан бошлаб буюртма қабул қилинган ва илк суткада 4 миллион дона қурилмаган буюртма олиниб, 3 сутка оралиғида 10 миллион дона iPhone 6 гаджети сотилган бўлса ҳам, сўнгги вақтларда бу кўрсаткич кескин пасайган.

Эшитган бўлсангиз, бир вақтлар Стив Жобс фойдаланувчилар жуда йирик бўлган айфонларни тутишни маъқул кўрмаслигини, гаджет ҳажми меъёрида бўлиши зарурлигини айтган эди. Худди шу фикрнинг тасдиғи сифатида Apple’нинг айни вақтдаги етакчиси Тим Кук ҳам 26 январь куни маҳсулотлар сотилишига оид статистик маълумотни айтиб ўтган.

Яъни, унинг айтишича, iPhone 6 ва 6 Plus фойдаланувчилар орасида кутилганидек оммалашмаган ва 60 фоиз айфон фойдаланувчилари компаниянинг 2014 йилгача бўлган гаджетларидан воз кечишмаган.

Бунинг сабаблари кўп. Янги рақобатчи компанияларнинг сифатли ва арзон қурилмалар билан жаҳон мобиль воситалар бозорига кириб келаётгани бош сабаб.

Компания рақобат авж олган даврда бозорга навбатдаги  iPhone SE – 4 дюймли смартфонини тақдим қилмоқчи.

iPhone SE – номи рақамлардан ҳоли илк айфон. Эҳтимол “SE” қўшимчаси “special edition”, яъни “махсус талқин” маъносини билдириши мумкин. Аниқроғи, унинг 2013 йилда намойиш қилинган iPhone 5 ҳамда 5s’га ўхшаб кетиши тахмин қилинмоқда. Фақат ташқи кўриниши, шакли ва ҳажми шундай бўлади. 9to5Mac нашрининг ёзишича, фақат iPhone SE корпусининг бурчаклари ясси эмас, тўғри, ўткир бурчакли бўлади.

iPhone 5s

iPhone 5s

Смартфоннинг ички имкониятлари iPhone 6S билан деярли бир хил бўлиши айтилмоқда. Шунингдек, янги талқин бир қатор замонавий инновацияларга ҳам эга бўлади.

iPhone SE 4 дюймли ультра 3840 x 2160 ҳажмли пиксель сиғимига эга Retina display, Siri – овозли тизимда ишлайдиган виртуал ёрдамчини қўллаб-қувватлайдиган Apple A9 процессори (2015), 1 ГБ тезкор хотира, 16 Гб ва 64 Гб қўшимча хотира, 12 МП орқа камера, 1.2 МП олд камера, Touch ID бармоқ излари сканери, iOS 10 операцион тизимига эга бўлади.

iPhone 6

iPhone 6

iPhone 6s каби 12 Мп камерада 4K-форматида видео ҳамда GIF – “жонли” фото (Live Photo) олиш мумкин. Баъзи манбааларда асосий камеранинг 8 МП бўлиши ҳам айтилмоқда. Аммо бу далил барча рақобатчилар камера технологиясига зўр бериб турган даврда ҳақиқатдан йироқ.

Смартфонда NFC – яқин масофада алоқа ўрнатиш технологияси, Apple Pay – яқин масофада тўловни онлайн амалга ошириш тизими жорий қилинади.

Корпусда овозни созлашга мўлжалланган доира шаклидаги тугмачалар, юқори қисмида ўчириб-ёқиш тугмаси, ост қисмида аудио қулоқчин улаш учун порт, овоз узаткич ва микрофон бўлади.

Корпуснинг орқа қисмида ҳам металл ва шиша хомашёсидан фойдаланилган. Гаджетнинг ташқи таъсирга чидамлилигини ошириш учун корпус чеккаси дағал зиҳ билан ўралган бўлади.

Қувват тоши – аккумулятор масаласида ҳозирча унинг 5 авлод айфонларидан яхшироқ аккумуляторга эга бўлиши айтилмоқда. Яъни, камида 1624 ёки 1642 миллиампер-соат электр қуввати сиғимига эга бўлади.

Нарх-навоси олдинги айфонга нисбатан арзонроқ бўлади. Экспертлар ушбу қурилманинг 400-500 АҚШ доллари оралиғида бўлишини тахмин қилишмоқда. Мисол учун, iPhone 6s’нинг энг арзон талқини ҳам 650 АҚШ долларидан сотилмоқда. Мазкур қурилмадан кейин компания iPhone 5s ишлаб чиқаришни расман тугатиши мумкин.

Ихчам iPad Pro

iPad Air 3 ўрнига Apple 9.7 дюймли iPad Pro’ни тақдим қилмоқчи. Янги жиҳат ва имкониятга эга бу планшет бозорда ишонч қозонса, Apple iPad Air ҳамда iPad mini планшетлари савдосини тугатишни режа қилган.

Янги планшет айни пайтдаги 12.9 дюймли Retina дисплейга эга iPad Pro’нинг ихчамроқ талқини бўлади. Ички имкониятлар эса сақланиб қолинади. Яъни, планшет ҳам тезкор фаолият кўрсатадиган, ҳам қувват тежайдиган A9X процессорига, клавиатура ва бошқа аксессуарларни улаш мумкин бўлган ягона “ақлли коннектор”га, тўрт томонда аудио узаткичларга эга бўлади.

2016 йилнинг iPad гаджети 9.7 дюймли, пиксель сиғими 2334 x 3112, 4K технологияга асосланган экранга эга бўлиб, 3D Touch технологияси билан таъминланган бўлади. Унинг дисплейи  Apple Pencil қаламчасини ҳам ўқий олади.

Ҳозирча нарх-наво борасида бирор фикр айтиш қийин. 9to5Mac нашрининг маълум қилишича, iPad Pro’нинг Wi-Fi алоқа тармоғини қўллаб-қувватлайдиган, 32 ГБ қўшимча хотирага эга талқини $599 АҚШ долларидан, яъни ўзининг аждодидан 100 доллар қиммат нархда сотувга чиқарилади. Шунингдек, гаджетнинг LTE алоқа тармоғида ишлайдиган 128 ГБ талқини ҳам ишлаб чиқарилади.

Amazon интернет дўконида компаниянинг сўнгги планшети – Apple iPad Pro 720.99 АҚШ долларидан сотилмоқда. “Малика” савдо мажмуасида эса iPad Air 2 (Wi-Fi, 4G, 64 Гб.) қурилмаси 4.150.000 сўмга баҳоланган.

Apple Watch

Apple Watch’нинг иккинчи авлоди кузда намойиш этилса ҳам, 21 март куни Apple “ақлли соат”нинг инновацион дастурларга эга янги талқинини режалаштираётгани кутилмоқда.

Apple Watch 2’нинг навбатдаги авлодида ARM Cortex A32 процессоридан фойдаланилиши мумкин. Маълум қилинишича, янги A32 процессори қурилмани олдинги процессорлардан 25 фоиз тезроқ ишлашини, сифатли намойишини таъминлайди.

Apple Watch 2 ёрдамида видео қўнғироқларни амалга ошириш учун Facetime камераси ҳам бўлиши мумкин. Унда фойдаланувчи саломатлигига хизмат қилувчи бир қатор сенсор ва фитнес иловалар ҳам бўлади.

9to5mac блогининг ёзишича, электрон соат корпусида титан, вольфрам, палладий ва платина металларидан фойдаланилади. Бу эса гаджет нарх-навосига таъсир кўрсатади. Ҳозирча экспертлар «ақлли соат»нинг $1,000 АҚШ доллари атрофида сотилиши тахмин қилинмоқда.

Ҳозирча terabaytUz’да шулар. Сизга Apple янгиликларини 21 март куни батафсил тақдим этамиз.