Sulon Q: дунёдаги илк симсиз VR-шлем

Sulon Q: дунёдаги илк симсиз VR-шлем

Бугунга қадар савдога чиқарилаётган виртуал воқелик шлемларининг бир камчилиги бор – улар кучли компьютерга уланиши лозим. Бу эса нафақат қурилма нархининг ошишига, балки уланувчи симлар сабабли ноқулайликларнинг вужудга келишига ҳам сабаб бўлмоқда. Sulon Technologies компанияси айни шу муаммони бартараф этиш мақсадида AMD компанияси билан ҳамкорликда тўлиқ автономлаштирилган Sulon Q шлемини ишлаб чиқишга киришди.

Янги қурилмада фойдаланувчилар ҳаракатни назорат қилувчи махсус тизимни ўрнатиши шарт эмас. Бу вазифани ички датчиклар ва олд панелдаги иккита камера бажариб, улар реал вақт режимида теварак атрофнинг 3D-харитасини тузади. Sulon Q пикселлар сиғими 2560×1440 нуқта бўлган OLED-дисплей, тўрт ядроли AMD FX-8800P процессори, DirectX 12 ва Vulkan технологияларини қўллаб-қувватлайдиган Radeon R7 графикаси билан таъминланган. Шунингдек, қурилма 256 Гб ҳажмли доимий ҳамда 8 Гб тезкор хотирага эга. Гаджетнинг кўриш бурчаги 110 даражани ташкил этади. Операцион система сифатида Windows 10 қўлланилган.

Sulon Q шлемида қўшимча реаллик режими ва хатти-ҳаракатларни аниқлаш функцияси ҳам мавжуд бўлади. VR-шлем тақдимоти 15 март куни GDC 2016 кўргазмаси доирасида ташкил этиладиган махсус AMD маросимида бўлиб ўтди. Sulon Q нархи ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!